Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги миллий қонунчилик базаси Бош қомусимизга асосланган
Конституциямизнинг қабул қилинганига бу йил 29 йил тўлди. Фахр билан қайд этиш лозимки, ўтган давр мобайнида Бош қомусимиз халқаро ҳамжамият томонидан халқаро стандартларга мос равишда ишлаб чиқилгани ва инсон ҳуқуқ ва эркинликларига устуворлик берилгани эътироф этилмоқда.

Дарҳақиқат, Бош қомусимизнинг 14 моддасида таъкидланганидек, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.

Конституцияда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига олий юридик мақоми берилиб, давлат ҳокимияти ўз фаолиятини инсон — давлатнинг фаол иштирокчиси ва олий қадрияти эканлиги нуқтаи назаридан ташкил этиши кераклиги белгиланди.

Маълумки, инсон ҳуқуқларига оид БМТ томонидан 70 га яқин, Европа Кенгаши Бош ассамблеяси томонидан 160 дан зиёд, ЮНEСКО томонидан 70 дан ортиқ, Европа Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти томонидан 30 дан ортиқ халқаро конвенциялар, декларациялар, пактлар қабул қилинган.

Барча учун камситишларсиз, инсонга эркин ва мақбул шароитларда ижтимоий адолатни эълон қилган биринчи ҳужжатлардан бири - Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясидир. 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган мазкур ҳужжатда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг рўйхати ва мазмуни мустаҳкамлаб қўйилган. Унда «барча инсонлар эркин ва инсоний қадр-қиммат ва асосий, табиий ҳуқуқларда тенг туғиладилар.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ирқи, тана ранги, жинси, тили, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодларидан, мол-мулки, табақаси ёки бошқа ҳолатидан қатъи назар ҳар бир инсоннинг эҳтиёжларсиз ва ўз шахсий дахлсизлиги учун ҳадиксирамай яшаш ҳуқуқи, сўз ва эътиқод эркинлиги, адолатли ва бутун дунёда тинчликка бўлган ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган.

Дунёнинг виждони, деб ҳам эътироф этиладиган ушбу декларациядаги нормалар Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам акс этган. Масалан, Бош Қомусимизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ҳамда ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг экани ҳамда имтиёзлар фақат қонун билан белгиланиб қўйилиши ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шартлиги белгиланган.

Қолаверса, Конституциямизнинг «Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар» деб номланган бобида яшаш ҳуқуқи ва дахлсизлик ҳуқуқига оид нормалар мавжуд. Яъни, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи экани ва ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эгалиги белгиланган. Бош қомусимизга мувофиқ, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.

Қайд этиш лозимки, ўтган давр мобайнида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашнинг янги механизмлари ишлаб чиқилди, қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, янги қонунлар, стратегиялар, йўл хариталари қабул қилинди ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида самарали натижаларга эришилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолияти мисолида кўрадиган бўлсак, Вакилга инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг янги замонавий ҳамда самарали механизмлари тақдим этилганини қайд этиш лозим.

Жумладан, сўнгги йилларда Омбудсманга Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш, унинг мажлисларида иштирок этиши ва суд томонидан кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиш, фуқаролар манфаатларини кўзлаб аризалар ва даъволар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат этиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларининг ахборотини эшитиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисидаги таклиф билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталарига мурожаат қилиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ва бошқа ҳуқуқларга эга бўлди.

Жорий йил 10 сентябрда имзоланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони билан эса Омбудсманга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи берилмоқда.

Чунки инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид энг самарали таклифлар айнан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг кундалик амалиётида, одамлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, суд ҳокимияти ва экспертлик ҳамжамияти билан бевосита ҳамкорлигида шаклланади. Бу борада ечимини кутаётган муаммолар ҳам айнан шу жараёнда юзага чиқади.

Шу жиҳатдан Фармон Омбудсманга фуқаролар мурожаатларини ўрганиш орқали қонунчилик ҳужжатларидаги камчиликларни тўлдириш имконини беради ҳамда Омбудсманнинг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш бўйича ваколатларини кенгайтиради. Қолаверса, Омбудсманнинг ҳудудлардаги фаолияти янада кучайтирилиб, 2022 йилнинг 1 январидан Омбудсманнинг минтақавий вакиллари доимий асосда фаолият юритиши эса, халқимизнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини уларнинг масалаларини бевосита жойида тезкорлик билан ҳал этиш орқали таъминланишига замин яратади.

Зеро, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтининг ҳам асосий мақсади инсонларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларининг тўлиқ таъминланишига эришишдан иборат.

Феруза Эшматова,

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)