Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг қонун устуворлигини такомиллаштиришдаги ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Жорий йилнинг 25 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), БМТнинг Демократия фонди (UNDEF) ва “Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти” халқаро ташкилотининг (PRI) Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида суд-ҳуқуқ тизимида жиноят ишлари бўйича фаолият юритувчи мутахассислари учун семинар ўтказилди.  

Мазкур тадбирни ташкил этишдан мақсад Марказий Осиё давлатларида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил чораларни қўллаш, жазони ижро этиш муассасаларига уюштириладиган мониторинг ташрифлари ҳамда пробация хизмати фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш, уларнинг натижаларини таҳлил қилиш орқали тизимни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Семинарда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларининг 50 нафарга яқин Омбудсман институтлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари вакиллари, судьялар ҳамда халқаро ташкилотлар экспертлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, қолаверса, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни қўллаш, пробация бўлинмалари назорати остидаги шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш бўйича янги тизим яратилганлигини ва бу орқали пробация бўлинмалари назорати остидаги шахслар томонидан қайта жиноят содир этилиш ҳолатларининг камайишига эришилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Ф.Эшматова Омбудсман фаолиятига тўхталар экан, дастлаб иштирокчилар эътиборига янги нашр этилган “Ўзбекистон Республикаси пенитенциар тизимининг такомиллаштирилиши: қонунчилик ва амалиёт” номли рисолани тақдим қилди. Ушбу рисолада Омбудсман томонидан 2019 йилдан буён жазони ижро этиш ва бошқа ёпик муассасаларга амалга оширилган мониторинг ташрифларининг ҳуқуқий асоси ва эришилган натижаларга оид маълумотлар акс этган.

Омбудсман ҳузуридаги Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида 2019 йилдан буён жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари орқали маҳкум ва махбусларнинг яшаш шароитлари, овқатланиши, меҳнат қилиши, тиббий хизматдан фойдаланиши каби шароитлари халқаро стандартларга мос равишда яхшиланиб боришига эришилмоқда.   

Давлат раҳбарининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори миллий превентив механизм фаолиятининг янада такомиллаштирилишига хизмат қилмоқда. Қарорда қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишини ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш, қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларнинг тезкор ва холисона кўриб чиқилиши ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарликка тортилиши механизмини такомиллаштириш каби масалалар акс этган.

Семинар давомида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларининг ушбу соҳага алоқадор мутахассис-экспертларининг маърузалари эшитилди.

Таъкидланишича, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари бўйича чиқарилган суд ҳукм(ажрим)ларининг ижросини таъминлаш мақсадида маҳкумлар жиноятларнинг хусусияти, ижтимоий хавфлилик даражаси шунингдек, маҳкумларнинг шахси ва ҳулқ-атворига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, назорат остидаги шахслар томонидан қайта жиноят содир қилинишининг олдини олиш учун ижтимоий мослаштириш ва касб-ҳунарга йўналтириш борасида ишлаш талаб этилади.

Халқаро тадбир давомида иштирокчилар суд ишларини юритишда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил чораларни қўллаш, жазони ижро этиш муассасаларига уюштириладиган мониторинг ташрифлари ҳамда пробация хизмати фаолиятини такомиллаштириш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати