Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ижтимоий тармоқда тарқалган 48-сонли манзил-колонияси ҳақидаги хабар ўз тасдиғини топмади
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Оҳангарон тумани 48-сонли Ғаллақудуқ манзил-колониясида касал бўлиб, истимаси 10 кундан буён чиқаётган ва Covid анализи аниқланмаган маҳкумларнинг конституциявий ҳуқуқлари поймол этилаётгани ва уларга эътибор берилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Мазкур хабар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибиятининг Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш сектори томонидан назоратга олиниб, жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Аниқланишича, мазкур манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг ҳар қандай юқумли касалликларга чалинишининг олдини олиш мақсадида уларга тиббиёт пунктининг малакали шифокори бириктирилган.

Ижтимоий тармоқларда хабар тарқалган куни манзил-колониясидаги
19 нафар маҳкумлар турли касалликлар билан Ангрен ва Олмалиқ шаҳри, шунингдек Оҳангарон тумани марказий шифохонасида стационар тартибда даволанишаётган эди.

Манзил-колониясида ўтказилган мониторинг давомида истимаси чиққан ёки бирор бир касаллик юқтириб олганлик аломатлари кузатилган маҳкумлар аниқланмади ва бу бўйича шикоятлар ҳам келиб тушмади.

Шуни қайд этиш лозимки, ҳозирги пандемия шароитида жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида Covid -19 билан оғриган маҳкум ва маҳбусларни уларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни ташкил этишда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши нуқтаи назаридан Омбудсман вакиллари томонидан мониторинг ташрифлари амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация ёки интернет тармоғида ёлғон ёки нохолис ахборотни тарқатиш қонунчиликка асосан жавобгарликка тортилиш учун асос бўлиши мумкин.  

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) Матбуот хизмати

Янгиликлар категориялари