Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман Россиядаги юртдошларимиз ҳуқуқларининг таъминланиши ҳолатини ўрганмоқда
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази вакиллари амалий ташриф билан Россия Федерациясида бўлиб туришибти.

Омбудсман ташрифидан кўзланган мақсад - мусофирчиликда ўзга юртларда меҳнат қилаётган ҳамюртларимиз яшаётган ва ишлаётган объектларга бориб, улар билан суҳбатлашиб, ўзбекистонликларнинг яшаш, ишлаш ва тиббий хизматдан фойдаланиш ҳолатларини ўрганишдан иборат.

Жорий йилнинг 17 май куни Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидовлар Россия Федерацияси Президенти маслаҳатчиси, Президент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Кенгаши раиси Валерий Фадеев ҳамда Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татяна Москалковалар билан учрашиб, ташқи мигрантлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларга қўшимча қулайликлар яратиш борасида истиқболдаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олишди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон ва Россия Омбудсманлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик Меморандуми доирасида Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва шаҳридаги мигрантларни вақтинча сақлаш маркази, шунингдек, Сахарово қишлоғида жойлашган "Москва кўпфункцияли миграция маркази"да бўлиб, ўзбекистонлик мигрантлар қабулини ўтказишди. Ҳамкорликда ташкил этилган қабул жараёнида 20 нафардан ортиқ меҳнат мигрантларининг мурожаатлари қабул қилинди ва зарур ҳолларда уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасида ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.  

Қайд этиш лозимки,  Феруза Эшматова Россияга амалий ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқлари: меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари" мавзусидаги Ўзбекистон - Россия форумида ҳам иштирок этади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати