TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қорақалпоғистондаги 28-сон манзил колониясида “Омбудсман қутиси” олиб қўйилгани маълум бўлди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили Зухра Реймова Қўнғирот тумани 28-сон манзил колониясига мониторинг ташрифини амалга оширди.

Мониторинг давомида минтақавий вакил томонидан муассасада жойлаштирилиши мажбурий бўлган “Омбудсман қутиси”нинг олиб ташланганлиги аниқланди. Колония бошлиғининг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда манзил колониясида таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли, “Омбудсман қути”лари вақтинча олиб қўйилган. Тез орада таъмирлаш ишлари якунлангач минтақавий вакил томонидан билдирилган барча камчиликлар бартараф этилади.

Мониторингда давомида минтақавий вакил Зухра Реймова маҳкумларнинг ётоқхоналари белгиланган талаб меъёрларига жавоб бермаслиги бўйича ҳам ўз тавсияларини берди.

Шунингдек, Омбудсман вакили муассасада сақланаётган шахсларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам ҳақида масъул шифокор билан суҳбатлашганда, у дори-дармон, ускуналардан камчилик ва муаммолар йўқлигини, шароитлар қониқарли даражада эканлигини билдирган.

Манзил колониядаги шароитлар кўздан кечирилган, Минтақавий вакил маҳкумлар билан суҳбат ўтказди. Якка тартибдаги қабулларда маҳкумларнинг муассасада қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ ҳолатлар ва яратилаётган шароитлар юзасидан фикрлари ўрганилди. Мурожаатчилар томонидан меҳнат ҳуқуқларининг бузилаётганлиги, жумладан, уларнинг иш вақти кунига 7 соат этиб белгиланган бўлишига қарамай, айрим пайтлар 8 соатдан мажбурий ишга жалб этилаётгани билдирилди. Мазкур ҳолат Омбудсманнинг Қорақалпоғистондаги минтақавий вакили аралашуви билан ижобий ҳал этилди.

Маҳкумлар билан ўзаро суҳбат давомида келиб тушган мурожаатлар асосан суд-тергов жараёни билан боғлиқ бўлди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати