Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қийноқ ҳолати бўйича тарқалган ҳолат юзасидан Омбудсман расмий муносабати
Ижтимоий тармоқларда, Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида яшовчи Дониёр Тўрахўжаевнинг босқинчиликда гумонланган 40 ёшдаги укаси Дилшоджон жорий йилнинг 12-15 апрель кунлари Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бўлими ходимлари томонидан қийноққа солинганлиги, оғиз ва қўллари скотч билан боғланиб, шафқатсиз муомалага дучор қилинганлиги бўйича хабарлар тарқалди.

Шунингдек хабарда, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 251-моддаси кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш жиноятини содир этишда гумонланиб, Тоштурмада сақланаётган 29 яшар Ҳасанбой Абдунабиевга нисбатан содир этилган қийноқ натижасида у салкам ногиронга айланиб қолгани баён этилган. Ҳасанбой Абдунабиев ЖКнинг 2511-моддаси, яъни Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш ёхуд уларни ўтказиш мақсадида тайёрлаш ёхуд қайта ишлаш учун асбоб-ускуналарни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки ўтказиш бўйича гумонланган.

Шуни маълум қиламизки, Омбудсманга адвокат У.М.нинг ҳимояси остидаги Ҳасанбой Абдунабиев қийноққа солинганлиги ҳақида юборган мурожаати тезкорлик билан ижрога қаратилиб, 1 май куни ушбу мурожаат Ўзбекистон Республикаси ЖПК талаблари асосида кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага Омбудсманнинг алоҳида назорат хати орқали юборилган.

Шунингдек, Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари вакиллари томонидан хабарларда қайд этилган шахслар билан учрашиб, ҳоли тарзда суҳбатлашишлари учун навбатдан ташқари мониторинг ташрифини ташкил қилиш ҳам режалаштирилди.

Қайд этиш лозимки, Омбудсманга юборилган қийноққа оид мурожаатлар, жумладан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарлар дарҳол назоратга олинади ва ўрганилади. Албатта ўрганиш натижалари бўйича, хусусан юқоридаги мурожаат юзасидан жамоатчилик хабардор қилинади.

Маълумот учун: Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Қийноқларни олдини олиш бўйича 2022 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан маърузаси билан ombudsman.uz сайти орқали танишингиз мумкин.

Шунингдек, Омбудсман бошчилигида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга ўтказиладиган мониторинг ташрифларига ҳам жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ОАВ ва блогерлар ҳам жалб этилиб, очиқ ва шаффоф тарзда ёритиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, Омбудсман ҳузуридаги қийноқларни олдини олиш бўйича Жамоатчилик гуруҳлари таркибига тажрибали, билим  ва савияси юқори бўлган ҳуқуқ фаоллари, жумладан, “Гуманитар ҳуқуқий марказ” директори Шухрат Ганиев, “Ҳуқуқий таянч” нодавлат нотижорат ташкилоти раиси Аъзам Фармонов, “Минтақавий мулоқот” Халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг раиси Бехзод Шарипов, Швеция ташкилоти “Марказий Осиё Уюшмаси” Жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Гулноз Мамарасулова, Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази раиси Нодира Каримова, “Шарқ аёли” халқаро аёллар жамоат фонди раиси Саодат Турсунбоева, психолог Шоира Исакова ҳамда турли соҳаларда фаолият юритувчи етакчи олим ва мутахассислар, жамоатчиликнинг фаол вакиллари киритилган.

Ўзбекистон инсон қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига қарши кураш йўлини танлаган. Шу нуқтаи назардан қийноққа оид мурожаатлар алоҳида назорат остида бўлади. Омбудсман қийноқ ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этиш тарафдори.

Ҳурматли фуқаролар янгилик ва хабарлар билан танишаётганингизда расмий манбаларга мурожаат қилишингизни сўраймиз.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати