Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Фарзандини мактабга боришига тўсқинлик қилаётган “ота” оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинди
Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга айни вақтда Туркия давлатида истиқомат қилиб келаётган ҳамюртимиз А.С. томонидан мурожаат келиб тушди.

Мурожаат муаллифининг ёзишича, у 2015 йилда турмуш ўртоғи В.М.дан қонуний ажрашган, улар ўртасида 2013 йилда туғилган бир нафар ўғил фарзанд бор.

Собиқ турмуш ўртоғи В.М. алиментдан қарздорлиги сабабли ҳамда таъқиқда бўлишига қарамай ноқонуний йўл билан Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетади ва Россия Федерациясида яшаб юради.

В.М.нинг ҳозирги кунга қадар тўланмасдан келинаётган алимент қарздорлиги 50 млн. сўмдан ортган. Мурожаатчи А.С. 2019 йилда турк фуқароси билан қонуний никоҳдан ўтади. Собиқ турмуш ўртоғининг кўп миқдорда алимент қарздорлиги вужудга келганлиги сабабли, А.С. ўз ўғлини Туркия давлатига олиб кетишида отанинг рухсати шарт бўлмаган.

Туркия давлатида фарзандининг яшаши учун барча шароитлар мавжуд, бироқ Туркия давлати қонунларига кўра, вояга етмаган чет эл фуқароларининг  қонуний рўйхатдан ўтиши учун ота-онасининг рухсати бўлиши белгиланган. Ушбу рухсат бўлгандагина фарзанд мактабда таълим олиши мумкин. Аммо, боланинг собиқ отаси бунга розилик бермаган.

Мазкур мурожаат Омбудсман томонидан назоратга олиниб, ўрганилди. Собиқ эр-хотинларнинг ўзаро шахсий хусумати туфайли ота В.М. ўз ўғлига Туркия давлатида қонуний рўйхатдан ўтиши учун розилик беришдан бош тортган. Мурожаатчи А.С.нинг фарзанди ҳозирги кунда 8 ёшга тўлишига қарамай мактабга бора ололмаган. Ушбу масала юзасидан А.С.нинг акаси ишончнома асосида В.М.ни оталикдан маҳрум қилиш бўйича Фуқаролик ишлари бўйича Ургут туманлараро судига даъво аризасини киритган.

Шуни таъкидлаш жоизки, В.М.нинг 50 млн. сўмдан ортиқ алимент қарздорлиги бўлиб, 7 йил мобайнида у ўз фарзандини бирор марта ҳам кўрмаган ва хабар олмаган, на моддий, на маънавий ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаган, оталик бурчини бажаришдан бош тортиб келаётган, қонунга зид равишда Ўзбекистондан чиқиб кетган собиқ турмуш ўртоғини (В.М.ни) оталик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи Олий судгача етиб келган.  

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг мазкур иш юзасидан Олий судга киритган хулосаси ҳамда назорат инстанциясида Омбудсман вакилининг иштирок этиши билан мурожаатчининг собиқ турмуш ўртоғи оталикдан маҳрум қилиниб, Туркия давлатида онаси билан яшаб келаётган ўғил мактабга бориб таълим олиш имкониятига эга бўлди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати