Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман бошчилигида маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхонага мониторинг ташрифи амалга оширилди
 Жорий йилнинг 26 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова бошчилигидаги экспертлик гуруҳи ва ОАВ иштирокида Тошкент шаҳридаги 23-сон маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхонага мониторинг ташрифи амалга оширилди.

Мазкур маҳкумлар касалхонаси биноси 1957 йилда қурилган бўлиб, 20 та бўлим, жумладан 2 та лабораторияга эга. Жумладан, қабул бўлими, терапия, неврология, жарроҳлик, стоматология, диагностика, лаборатория, сил касалликлари каби бўлимлар ҳамда 200дан ортиқ тиббиёт ходими бу ердаги маҳкумларга сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. Муассасада 1130 та ўрин мавжуд бўлиб, йилига ўртача 4000-5000 маҳкум турли ҳудудлардаги колониялардан келиб даволанади. Айни пайтда даво муолажаларини олаётганлар сони 608 нафардан иборат. Бу ерда йилига бир ярим мингдан ортиқ жарроҳлик муолажаси амалга оширилади. Жорий йил бошидан буён 238 та жарроҳлик амалиёти бажарилган.

ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Тиббиёт бошқармаси бошлиғи, полковник  Баҳодир Юсуповнинг сўзларига кўра, 2020 йилда тарқалган ковид-19 инфекциясини ўз вақтида даволаш ва касалликни олдини олиш мақсадида  23-сон маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхонада ПЦР ва ОИВ/ОИТС лабораторияси 28 кун давомида қуриб битказилиб, зарур тиббий жиҳозлар, тест таҳлиллари билан таъминланди. Ҳозирда мазкур лабораторияда 10 нафар ходим фаолият олиб боради.

Қонун ҳужжатларига кўра, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ихтисослаштирилган касалхонада амалга оширилади. Ихтисослаштирилган касалхонада тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти бўлмаганда ёки шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлган ҳолларда жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасаларига жойлаштирилиши мумкин.

Эксперт гуруҳи қисқа муддатли учрашув хоналари ҳамда телефон сўзлашув ҳоналарини ҳам кўздан кечирди. Касалхонада қисқа муддатли учрашувлар учун видеоконференцалоқа хизмати ҳам йўлга қўйилган бўлиб, у орқали бемор маҳкумлар яқинлари билан 2 соат давомида виртуал мулоқотда бўлишлари мумкин.

Анъанавий 2 соатлик учрашувлар ва адвокат билан суҳбатлар ҳам маҳкумларнинг соғлиғини асраш мақсадида ойна ортида амалга оширилади.   

Қайд этиш лозимки, касалхонада даволанаётган бемор маҳкумларга узоқ муддатли учрашувларга руҳсат берилмайди. Фақатгина мазкур муассасадаги хўжалик ишларига жалб этилган маҳкумларгина, ҳафтанинг жума, шанба ва якшанба кунлари узоқ муддатли учрашувларга чиқишлари мумкин.

Эксперт гуруҳи аъзолари фуқаролар қабулхонаси бўлимида почта ва бандеролларни қабул қилиш жараёни билан ҳам танишди. Қабулда навбатда турганлар билан суҳбатлашилганда ҳам, касалхона ходимларидан миннатдор эканликларини билдиришди.

Ошхона ва маҳкумларга овқат тайёрлаш жараёнлари, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш омбори, таомнома ҳам кўздан кечирилганда, жиддий камчиликлар аниқланмади.

Мониторинг давомида маҳкумларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ўрганиш мақсадида даволаш хоналари (камера)ни кўздан кечирилиб, гигиена-санитария қоидаларига риоя қилиниши текширилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова:

Албатта ушбу касалхонадаги шароитлар йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Эътиборли жихати, бу муассасада бошқа ёпиқ муассасалардан фарқли ўлароқ, тиббий ходимлар етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар йўқ. Барча турдаги тиббиёт мутахассислари ўрни банд қилинган. Вакант жойлар йўқ.

Лекин, муассасада баъзи бўлимларда таъмирлаш ишлари кетаётгани сабабли, палаталардаги беморлар кроватлари бир-бирига яқин жойлаштирилган. Мониторингимиз давомида диагностика бўлими деярли тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, 1 ой ичида ишга туширилиши айтилди. Ўйлайманки, бу муаммо ҳам тез орада ҳал этилади. Айтишим керакки, ҳали таъмирланмаган биноларда ҳал этилиши керак бўлган  вентиляция ва ёритиш билан боғлиқ муаммолар бор.

Шунингдек, маҳкума аёлларнинг ҳам даволаниши учун ушбу касалхонада алоҳида шароитлар яратилиши керак деб ҳисоблайман.

Омбудсманга  23-сон маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхонада жазо муддатини ўтаётган маҳкум Н.У. эркин ҳаракатланиш имконияти чекланганлиги сабабли ногиронлар аравачаси олишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Мазкур ташриф доирасида маҳкумга Тошкент шаҳар Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ҳомийлик асосида ногиронлар аравачаси тақдим қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати