TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
ОЛИЙ СУДДА 16 НАФАР МАҲКУМА АЁЛНИНГ КАССАЦИЯ ТАРТИБИДА БЕРГАН ШИКОЯТЛАРИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Аёлга бўлган ҳурмат-эътибор — бу аввало, оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодасидир" деган ғояси асосида юртимизда бугун хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, оилалар барқарорлигини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётда тўлақонли иштирок этишига эришиш, бир сўз билан айтганда, мунис ва мўътабар опа-сингилларимизни ҳаётдан рози қилишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, инсонпарварлик ва бағрикенгликка йўғрилган сиёсат туфайли турли хил сабаблар билан тўғри йўлдан адашган, жиноий қилмишларга қўл урган бўлса-да, хатосини тушуниб, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган аёлларга енгиллик берилмоқда. Улар жазодан муддатидан олдин озод қилиниб, оиласи, фарзандлари бағрига қайтарилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида жазони ижро этиш муассасаларида оғир, ўта оғир жиноятларни содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган 16 нафар маҳкума аёлнинг кассация тартибида берган шикоятлари кўриб чиқилди. Унда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини билдирди

Суд ажрими билан содир этган жинояти учун тайинланган жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишига иқрор ва пушаймон бўлгани, ёши ҳамда кафолат хатлари инобатга олиниб, 14 нафар аёл жазодан озод қилинди ҳамда оиласи, яқинлари бағрига қайтарилди. Шунингдек, 2 нафар маҳкума аёлга тайинланган жазолар енгиллаштирилди.

Маҳкума аёллар жазонинг асосий қисмини ўтагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жазони ўташ жараёнида ўзини ижобий жиҳатларини намоён этиб, муассаса раҳбариятининг ташаккурномасини олгани эътиборга олинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова,

  • Омбудсман, Олий суд ҳамда тегишли идора вакилллари билан биргаликда бугун иши кўриб чиқилган маҳкума аёллар билан ўтказилган суҳбатларда улар билиб билмай содир этган жиноятлари учун жуда қаттиқ пушаймон эканликларини билдирган эдилар. Бугунги суд жараёнида ҳам маҳкумалар озодликка чиққач, ҳалол меҳнат билан кун кечиришга, оиласидан узоқ бўлган вақтида олган ҳаётий сабоқлари ҳотирасида бутун умрга мухрланиб, бошқа бу каби қонунбузарликлар содир этмасликка қарор қилганликларини таъкидлашди.  Бугунги суд мажлисида 14 нафар аёлни суд мажлисидан озод қилиниши, қолган 2 нафар маҳкума аёлга тайинланган жазонинг енгиллаштирилиши Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида инсонпарварлик тамойилларига асосланган ислоҳотлар олиб борилаётганилигидан далолатдир. Энди ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ушбу аёлларни жамиятга мослаштириш мақсадида иш ва турар жой билан таъминлаш масалалари ҳал этилиши керак. Тўғри жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумалар турли касб-ҳунарга ўргатилган бўлса ҳам, улар орасида на қариндоши ва на бошпанаси йўқлари ҳам бор. Албатта, Омбудсман ушбу жараёнларни инсон ҳуқуқларига риоя этилган ҳолда ташкил этилишини мониторинг қилиб боради. 

 

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича

вакили (омбудсман) Матбуот хизмати