Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
21 May 2019

Жорий йилнинг 20 май куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан “Қийноққа солишнинг ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларининг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга оширишнинг самарали ёндашувлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида миллий ва хорижий экспертлар, депутатлар ҳамда сенаторлар, вазирлик ва идоралар мутахассислари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда халқаро стандартлар тобора фаолроқ жорий этилмоқда ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги илғор хорижий тажриба ўрганилмоқда. Бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар омбудсман фаолиятини такомиллаштиришни, унга кўпроқ ваколатлар тақдим этишни талаб қилади. Шу муносабат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонунга бир қатор тузатишлар киритилди.

Жумладан, омбудсманга қамоқда сақлаш жойларини мунтазам бориб кўриш орқали қийноққа солишнинг ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларининг олдини олишга доир чора-тадбирлар кўриш, у ерда сақланаётган шахслар сони ҳақида ахборот олиш, уларни сақлаш ва улар билан муомалада бўлиш шароитларини ўрганиш, улар ва маъмурият ходимлари билан ҳоли учрашув ва суҳбатлар ўтказиш, ушбу учрашув ва суҳбатлар баённомасини техник воситалардан фойдаланган ҳолда ёзиб бориш ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, омбудсманга шахснинг қамоқда туришининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишиш ва уларнинг кўчирма нусхаларини олиш, қамоқда сақлаш жойларининг маъмуриятидан қамоқда турган шахсни тиббий текширувдан ўтказишни, унга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатилишини талаб қилиш, мазкур тадбирлар ўтказилаётганда ҳозир бўлиш ҳуқуқи берилди.

Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил қамоқда сақлаш жойларининг маъмурияти раҳбарларидан қамоқда турган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари юзасидан тушунтиришлар олиши, маъмуриятнинг ғайриқонуний ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) чек қўйиш учун зудлик билан чоралар кўриши, қамоқда сақлаш шароитлари тўғрисида хулоса тузиши ва уни тегишли ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юбориши мумкин.

Давра суҳбати чоғида иштирокчилар қийноққа солишнинг ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларининг олдини олишда, бу йўналишда пробация хизмати ролини кучайтиришда Омбудсманнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигини давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Шунингдек шу куни Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) томонидан Халқаро қамоқхона ислоҳоти (Penal Reform International) ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Қийноққа солишнинг ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларининг олдини олиш соҳасидаги БМТнинг халқаро-ҳуқуқ ҳужжатлари ва илғор амалиёт ҳамда тажриба” мавзусида семинар ташкил этилди, семинар 23 майгача давом этади.

Тадбирнинг мақсади – омбудсман Котибияти, масъул вазирликлар ва идоралар ходимларининг қонун ҳужжатлари хусусан, БМТнинг халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлари ва бу соҳадаги илғор хорижий тажриба ҳақида хабардорлигини оширишдир.

Уч кун давомида семинар иштирокчиларига миллий превентив механизм (МПМ) фаолиятининг халқаро-ҳуқуқий базаси, МПМ билан қамраб олинадиган муассасаларни мониторинг қилиш стандартлари ҳақида ахборот тақдим этилади. МПМ мониторинг гуруҳининг таркибига, унинг фаолиятини режалаштиришга, МПМ билан қамраб олинадиган муассасаларда турган шахсларни сақлаш шарт-шароитларини ўрганишда устувор вазифаларга ва улар билан муомалада бўлиш, МПМ билан қамраб олинадиган муассасалар маъмурияти билан ҳамкорлик қилиш тартибига алоҳида эътибор қаратилади.

Семинар якунлари бўйича иштирокчиларга сертификатлар топширилади.
Manba: ko'rsatilmagan
Ko'rishlar: 161
Created with Snap
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech