Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Самарқанд шаҳридаги Вақтинча сақлаш ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилди
Жорий йилнинг 4 август куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Хусанов “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Самарқанд вилоят бўлинмаси раҳбари Э.Хамраев билан биргаликда Вақтинча сақлаш ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилди.

2-қаватдан иборат ҳибсхона биносида шахсларни сақлашга мўлжалланган камералардан ташқари 2 та тергов хонаси, 1 та адвокатлар, 1 та учрашув, 1 та маънавият ва маърифат, 1 та тиббий хоналар ва 1 та сайргоҳлар мавжуд.

Аниқланишича вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ҳудудида сақланувчи шахсларнинг овқатланишлари аутсорсинг хизмати бўйича тадбиркорлар билан шартнома асосида йўлга қўйилган.

Маҳбусларнинг ювиниш хоналари таъмирга муҳтож. Бундан ташқари камералар радиоэшиттириш воситалари, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган жиҳозлар, кийим-бош учун илгичлар билан таъминланмаган.

Ҳибсхонада сақланувчи шахсларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун 65 турдаги дори-дармонлар мавжуд.

Мониторинг ўтказилган куни ҳибсхонада сақланаётган М.Қ. томонидан тез тиббий ёрдам чақириш бўйича мурожаат келиб тушди ва шу вақтнинг ўзида махсус тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, унга тиббий ёрдам кўрсатилди. Ўтказилган суҳбатлар давомида ҳибсхонада сақланаётган шахслар тиббий ёрдамдан қониқаётганликларини маълум қилишди.

Вақтинча сақлаш ҳибсхонасида 172 нафар маҳбуснинг яқин қариндошлари билан учрашиши учун 1 та хона ажратилган. Мазкур ҳолат бўйича қисқа муддатли учрашув хоналарининг сонини кўпайтириш бўйича тавсия берилди.

Шунингдек, ҳибсхонада маҳбусларнинг маданий дам олишлари ва яқин қариндошлари билан учрашишлари учун яратилган шароитлар ҳам ўрганилди.

Аниқланишича, ҳибсхонада сақланувчи шахсларнинг маданий дам олишлари учун алоҳида маънавият хонаси ажратилган. Шунингдек, бинода 110 та турдаги бадиий ва ҳуқуқий адабиётларни жамлаган кутубхона ҳам мавжуд.

Шунингдек, маъмурий бинода фуқароларни қабул қилиш учун 1 та хона ажратилган ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида видео кузатув камераси билан жиҳозланган.  

Вақтинча сақлаш ҳибсхонасидаги сақланувчи шахслар учун сайёр қабул ҳам ташкил этилиб, 7 нафар маҳбус мурожаатлари қабул қилинди ва ижрога йўналтирилди.

Мониторинг ташрифи давомида, ҳибсхона ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, ходимлар томонидан вақтинча сақланувчи шахсларга нисбатан муомала маданиятини яхшилаш қонун талабларидан четга чиқмаслик ҳамда ҳар хил турдаги босим ва тазйиқлар ўтказмаслик бўйича тушунтиришлар берилди.

Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати