Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро ҳамкорлик
Жорий йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) биносида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова ҳамда Туркманистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатли вакили-Омбудсмен Яздурсун Гурбанназарова иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда бола ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, бола ҳуқуқларининг долзарб масалалари бўйича минтақавий муҳокамалар ташкил қилиш, бу йўлдаги саъй-ҳаракат ва имкониятларни бирлаштириш ҳамда тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Айниқса, Туркманистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатли вакили-Омбудсмен Яздурсун Гурбанназарова Ўзбекистонда мустақил институт сифатида фаолият юритаётган Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили фаолияти билан қизиқди ҳамда ҳозирча уларнинг мамлакатида бола ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган мустақил Бола ҳуқуқлари бўйича вакил институти йўқлиги бундай тажриба алмашиш улар учун муҳимлигини таъкидлади.

Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова мамлакатимизда боланинг энг яхши манфаатларини таъминлаш, боланинг тўлиқ ҳуқуқли шахс сифатида тан олиниши масалаларга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаб, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган амалга оширилаётган ишлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ҳамда келажак авлоднинг ўсиб улғайиши учун яратилаётган шарт-шароитлар ва ўз фаолияти ҳақида маълумот берди.

Учрашувда таъкидланишича, Ўзбекистон аҳолисининг 40 фоизидан ортиғини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади. Мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тегишли ҳуқуқий асос яратилган. Жумладан, Конституциямизда белгилаб берилган инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари (сиёсий ҳуқуқ ва эркинликлардан ташқари) тўлалигича болаларга ҳам тегишли бўлиб, ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш жараёнида давлат болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг кафолати сифатида намоён бўлади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 70 дан ортиқ халқаро шартномага аъзо бўлган давлат ҳисобланади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз фаолиятида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига, халқаро шартномаларига, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонун ҳужжатларига ҳамда соҳага дахлдор бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.

Давлат сиёсатининг асосий йўналишларини, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил олдида турган вазифаларни бажаришда бола ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш унинг фаолиятида муҳим бўғин ҳисобланади.

Учрашув якунида келгусида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари келишиб олинди.

 Олий  Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати