Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Давлат ишларини юритишда иштирок этиш ҳуқуқи ва БМТнинг етакчи принциплари
Жорий йилнинг 23 -24 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакиллиги билан ҳамкорликда “Давлат ишларини юритишда иштирок этиш ҳуқуқи ва БМТнинг етакчи принциплари” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Котибияти ходимлари ва Омбудсман минтақавий вакиллари учун ташкил этилган мазкур семинарнинг асосий мақсади давлат органлари ходимларининг давлат бошқарувида иштирок этиш ҳуқуқи бўйича самарали иштирокини кафолатлаш бўйича амалий чоралар кўриш имкониятларини шакллантириш ва бу борада фуқаролик жамияти вакиллари билан ишлаш бўйича билимларини мустаҳкамлашдан иборат.

Семинарда тренер сифатида иштирок этган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Женевадаги инсон ҳуқуқлари ва демократия масалалари бўйича маслаҳатчиси Хернан Уэльснинг сўзларига кўра, давлат бошқарувида иштирок этиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқларини илгари суришга ёрдам беради. У демократия, қонун устуворлиги, ижтимоий интеграция ва иқтисодий ўсишда ҳал қилувчи рол ўйнайди.

БМТнинг етакчи принципларига кўра, фуқароларга сайлов жараёнларида иштирок этиш учун тенг шароитлар яратиш ва эркин овоз бериш ҳуқуқини таъминлаш зарур. Қолаверса, аҳолига керакли ахборотни тақдим этиш, журналист ва фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши учун етарли шарт-шароитлар яратиш жуда муҳим.

Тадбирда қайд этилишича, Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамияти барпо этишнинг, давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги самарали ҳамкорликни таъминлашнинг, шунингдек, ислоҳотлар натижадорлигини оширишнинг муҳим воситаси сифатида“Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя асосида давлат, фуқаролар, фуқаролик жамияти институтларининг тизимли мулоқотини йўлга қўйиш масалаларига устувор аҳамият қаратиб келинмоқда. Айнан мазкур маълумотнинг ўзи мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар БМТнинг етакчи принципларига мувофиқ эканлигини билдиради.

Қолаверса, Омбудсман институтининг фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ билан ҳамкорлиги, уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини янада оширишга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган. Бу билан мамлакатимиз инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, ҳимоя қилиш ва бажариш мажбуриятларини олган.

Семинар-тренинг давомида иштирокчиларга Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари ҳамда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида тўлиқ маълумот берилди.

Ўзаро савол-жавоб ва қизиқарли интерактив ўйинлар орқали ташкил этилган 2 кунлик семинар якунида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Котибияти ходимлари ва Омбудсман минтақавий вакилларига сертификатлар топширилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати