Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Самарқанддаги 38-сон манзил-колониясида қандай камчиликлар аниқланди?
Жорий йилнинг 24 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Хусанов ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракат Самарқанд вилоят бўлинмаси бош мутахассиси Дилнур Аъзамовлар Самарқанд шахридаги 38-сонли манзил-колониясида бўлиб, у ерда сақланаётган маҳкумларнинг шароитлари билан танишди.

Учинчи минтақавий ҳудуд 38-сон манзил-колонияси эркак маҳкумаларни сақлаш учун мўлжалланган. 24 март ҳолатига колонияда 390 нафар маҳкум жазо муддатини ўтамоқда. Маҳкумларнинг 359 нафари меҳнатга лаёқатли ва 323 нафари ишга жалб этилган. Меҳнатга жалб этилган маҳкумлар ғишт ишлаб чиқариш ва шиша бутилкаларни ювиб тозалаб бериш билан шуғулланишади. Маҳкумларнинг ўртача иш хаққи бир ойда 960 минг сўмни ташкил этади.

Манзил-колония яшаш саҳнида маҳкумлар учун тиббиёт бўлими мавжуд. Тиббиёт бўлимида амбулатор ва стационар шароитда маҳкумларни даволашга мўлжалланган. Ўрганиш давомида тиббиёт бўлимда 8 нафар маҳкум даволанаётгани ва у ерда 23 турдаги биринчи ёрдам учун мўлжалланган дори-дармонлар мавжуд эканлиги аниқланди.

Маҳкумларни маданий дам олишлари учун алоҳида 50 нафар шахсга мўлжалланган дам олиш хонаси мавжуд бўлиб, ушбу хона телевизор билан таъминланган. Шунингдек, колонияда алоҳида кутубхона бор. Бугунги кунда кутубхонада 1350 та китоб мавжуд.

Маҳкумларга олиб келинган маҳсулотларидан таом тайёрлашлари учун 1 та катта ошхона мавжуд бўлиб, у ўчоқ, газ, электр энергия билан таъминланган. Лекин, ушбу ошхонадаги столлар устидаги ёпинчиқлар дастурхонларини барчаси яроқсиз ҳолатда эканлиги учун уларнинг барчасини янгилаш бўйича тавсия берилди.

Маҳкумларнинг ювиниш хоналари янгидан қурилган. Ювиниш хоналаридаги душ (лейка)лардан бирини суви очиб кўрилганда иссиқ сув келмаганлиги аниқланди ҳамда ушбу ҳолатни бартараф этиш бўйича кўрсатма берилди.

Ташриф давомида узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари ҳам кўздан кечирилди. Узоқ муддатли учрашув хоналари сони жами 3 та бўлиб, 390 нафар маҳкумлар учун хоналар сони камлик қилиши маълум бўлди. Бу эса уларнинг оила аъзолари билан учрашишларида навбатлар вужудга келишига сабаб бўлади. Шунингдек, қисқа муддатли урашув учун ажратилган махсус жойларни ҳам замон талаблари асосида таъмирлаш юзасидан зарурий тавсиялар берилди.

Шунингдек, ташриф давомида, Минтақавий вакил иштирокида муассасада сақланаётган 2 нафар маҳкумнинг олган интизомий жазосини муддатидан олдин рағбатлантириш тариқасида олиб ташлаш масаласи муҳокама қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификация ID-картаси - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эгасининг шахсини ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тасдиқлайдиган, ID-карта эгасининг шахсий биографик ва биометрик маълумотлари киритилган электрон ташувчи қурилмага эга бўлган ҳужжат  8 нафар маҳкумларга расмийлаштириб берилди.

Ташриф давомида колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан жамоавий ва яккама-якка  учрашувлар ўтказилди.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати