Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил чораларни қўллаш масалалари муҳокамалар марказида
2022 йилнинг 25 март куни “City Palace Hotel Tashkent” меҳмонхонаси мажлислар залида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Олий суд, “Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти” халқаро ташкилотининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси, ЕХҲТнинг Ўзбекистон ва Тожикистондаги лойиҳалари координатори, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакиллиги, БМТнинг Ўзбекистондаги гиёҳванд моддалари ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда Қирғизистон, Тожикистон Ўзбекистон ва Қозоғистонда озодликдан маҳрум қилишнинг муқобил чораларини қўллаш бўйича мавжуд амалиётни ўрганишга бағишланган минтақавий конференция ўтказилди.

“Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган мазкур халқаро конференцияни ташкил этишдан мақсад ҳар бир мамлакатда озодликдан маҳрум қилишнинг муқобил чораларини қўллаш бўйича мавжуд амалиётни ўрганиш ва тажриба алмашишдан иборат.

Қайд этиш лозимки, “Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш” лойиҳаси 2021 йилдан эътиборан амалга оширилиб, унинг доирасида жиноий жазо тайинлашнинг услубий асосларини шакллантириш, муқобил жазо чоралари ва уларни қўллаш, жиноий суд ишларини юритишда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жиноий жавобгарлик тайинлаш бўйича судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ва Омбудсман ходимлари учун Республикамизнинг турли ҳудудларида минтақавий тадбирлар ўтказилди ва услубий тавсиялар яратиш бўйича ишлар ташкил этилди ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

100 га яқин халқаро ва маҳаллий экспертлар қамраб олинган халқаро конференцияда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети вакиллари, Ёшлар Парламенти аъзолари, ОАВ вакиллари ҳамда халқаро ташкилотлардан БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги вакили, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси, БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Туркманистон ва Қозоғистон давлатлари Омбудсманлари ҳамда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида фаолият юритувчи давлат органлари вакиллари иштирок этишди.

“Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш” лойиҳаси якунларига бағишланган мазкур конференциянинг Марказий Осиё давлатлари орасида айнан Ўзбекистонда ташкил этилгани ҳам мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўналишидаги ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида кўриш мумкин.

Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, қолаверса, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни қўллаш, пробация бўлинмалари назорати остидаги шахсларнинг хулқ-атвори устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш бўйича янги тизим яратилганлигини ва бу орқали пробация бўлинмалари назорати остидаги шахслар томонидан қайта жиноят содир этилиш ҳолатларининг камайишига эришилаётганлигини таъкидлаб ўтишди.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда 2021 йилда кўрилган жиноят ишларида жами маҳкумларининг 71 фоизига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари қўлланилган.

Халқаро конференцияда қайд этилишича, озодликдан маҳрум қилиш - энг кўп ишлатиладиган жазо турларидан бўлиб, уни қўллаш қатор салбий ҳолатларни, жумладан, маҳкум оиласининг моддий аҳволига, оилаларнинг парчаланишига, шунингдек, шахсларнинг жиноий хатти-ҳаракатларга оид кўникмаларга эга бўлишига, жиноятнинг такрорланишига олиб келиши мумкин.

Тадбир давомида Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон давлатларининг ушбу соҳага алоқадор мутахассис-экспертларининг маърузалари эшитилди.

Таъкидланишича, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари бўйича чиқарилган суд ҳукм(ажрим)ларининг ижросини таъминлаш мақсадида маҳкумлар жиноятларнинг хусусияти, ижтимоий хавфлилик даражаси шунингдек, маҳкумларнинг шахси ва ҳулқ-атворига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Шунингдек, назорат остидаги шахслар томонидан қайта жиноят содир қилинишининг олдини олиш учун ижтимоий мослаштириш ва касб-ҳунарга йўналтириш борасида ишлаш талаб этилади.

Халқаро конференция ўз ишини секцияларга бўлинган ҳолда олиб борди. Унда суд ишларини юритишда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил чораларни қўллаш бўйича халқаро тажриба, амалиёт ва қонунчилик, жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар ҳуқуқларини таъминланишида Омбудсманнинг ўрни мавзулари муҳокама этилди.

Шу куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматованинг Қирғизистон Республикасида янги Омбудсман сифатида тайинланган Атыр Абдрахматова билан учрашуви бўлиб ўтди. Ўзаро мулоқот давомида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мигрантларнинг фуқаролик, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминланишига кўмаклашиш каби ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати