Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Сурхондарёдаги тергов ҳибсхонасида шароитлар қандай?
2022 йил 16 март куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Сурхондарё вилояти минтақавий вакили А.Артиков 9-сонли тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифини амалга оширди ва яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Тергов ҳибсхонасида 6 март ҳолатига кўра жами 430 нафар маҳбус бўлиб, шундан 18 нафарини аёллар ташкил қилади.

Минтақавий вакил ташрифни ҳибсхона Маърифат хонасидан бошлади. Муассаса бошлиғи Х.Давлатов бундан олти ой олдин Маърифат хона таъмирталаб бўлганлиги сабабли ходимларга Маънавий ва маърифат ўқув машғулотларини ўтиш қийинчиликлар туғдирганлигини, жуда қисқа фурсатда Маърифат хона жорий таъмирланганлигини ва жиҳозланганлигини таъкидлаб ўтди.

Ташриф давомида ходимлар учун мўлжалланган кутубхона ҳам кўздан кечирилиб, ходимларнинг билим савиясини ошириш учун китоблар сонини янада кўпайтириш, компьютер билан жиҳозлаб, электрон китоблар билан ҳам таъминлаш чораларини кўриш бўйича тавсиялар берилди.

Бундан ташқари, Минтақавий вакил ҳибсхонада ўрнатилган янги иситиш тизимидан (қозонхонадан) фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш лозимлигини, кунлик йўриқномаларда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш бўйича алоҳида тўхталиб ўтилиши лозимлигини таъкидлади.

Мониторинг давомида муассасада сақланаётган шахслар учун овқат тайёрланадиган ошхона кўздан кечирилиб, тиббиёт бўлими ходимларига у ерда санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиш лозимлиги юзасидан тавсиялар берилди.

Муассаса маъмурияти ҳозирги кунда ошхонада таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлигини ва замон талабларига мос равишда жиҳозланишини маълум қилди.

Ҳибсхонада сақланаётган шахсларни сақлаш шароитини ўрганиш учун ҳибсхонанинг 1-қаватида жойлашган сақлаш хоналари (камералар) ўрганилди. Ўрганиш давомида 1-қаватдаги камераларда сақланаётган шахслар билан жамоавий суҳбатлар ўтказилди. Суҳбатлар давомида ҳибсхонада сақланаётган шахслар муассасада етарлича шарт-шароитлар билан таъминланганликларини, хусусан ётоқ жойларида ва иссиқ овқат билан таъминланишда муаммолар йўқлигини, камераларнинг иситиш тизимидаги ҳарорат муассаса маъмурияти томонидан мунтазам равишда назорат қилинаётганлигини маълум қилдилар.

Шу билан бирга, Минтақавий вакил ҳибсхонада хўжалик ишларига жалб этилган маҳкумлар билан ҳам суҳбатлашилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати