Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман бошчилигида Самарқанддаги 7-сон тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи  уюштирилди
2022 йилнинг 11 март куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва жамоатчилик гуруҳи томонидан миллий превентив механизм доирасида қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш мақсадида Самарқанд вилоятидаги 7-сон тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилди.

Аниқланишича, ушбу муассасада жами 453 нафар маҳбус сақланиб, уларнинг 15 нафарини аёллар ташкил этади. Ҳибсхонада аёллар сақланадиган камералар алоҳида ажратилган бўлиб, улар аёл ходимлар томонидан қўриқланади.

Мониторинг ташрифида тергов ҳибсхонасидаги маҳбусларнинг яшаш тарзи, овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам олиш шароитлари ва санитария-гигиена талабларига риоя этиш ҳолати ўрганилди.

Дастлаб, муассасада маҳбусларнинг оила аъзолари билан қисқа ва узоқ муддатли учрашув, телефон сўзлашув учун мўлжалланган хоналар кўздан кечирилди.

Мониторинг доирасида ўтказилган жамоавий учрашувлардан сўнг бир қанча маҳбуслар илтимосига кўра, улар Омбудсман томонидан шахсан қабул қилинди. Яккама-якка тартибда ўтказилган қабулларда қамоқ эҳтиёт чорасини ўзгартириш, судда Омбудсман ходимлари иштирокини таъминлаш ҳамда маҳбус ва маҳкумларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалалар бўйича ёрдам сўралди.

Тергов ҳаракатларини ўтказиш учун мўлжалланган хоналарни кўздан кечириш жараёнида, бу тоифадаги хоналар видеокузатув воситалари билан жиҳозлангани ва адвокатлар исталган вақтда адвокатлик сўровномаси билан тергов жараёнларида тасвирга олинган видеоматериалларни талаб қилиб олиши мумкинлиги айтилди.

Мониторинг ўрганишлари давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Омбудсман томонидан тавсиялар берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати