Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Сирдарёдаги минтақавий вакили 8-сон тергов ҳибсхонасидаги шароитларни ўрганди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Сирдарё вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат.Алимов ҳудуддаги 8-сон тергов ҳибсхонасида бўлиб, у ерда сақланаётган маҳбусларнинг шароитлари билан танишди.

Дастлаб минтақавий вакил билан яккама-якка тарзда учрашмоқчи бўлган маҳбуслар мурожаатлари тингланди. Маҳбуслар Омбудсман вакилининг апелляция суди мажлисларида кузатувчи сифатида иштирок этиши ва судларда адвокат иштирокини таъминлашда амалий ёрдам кўрсатилишини сўрашди. Мурожаатлар назоратга олинди.

Муассасадаги ошхона кўздан кечирилганда тергов ҳибсхона бошлиғининг ойлик тасдиқланган менюсига асосан ҳибсхонада сақланаётган маҳкум ва маҳбусларга таомлар тайёрланиб, озиқ-овқат маҳсулотлари тўлиқ ва таомномага мос берилаётгани маълум бўлди.

Тергов ҳибсхонасининг маъмурий биносида тергов ҳаракатлари ўтказиш учун битта тергов хонаси ажратилган бўлиб, ушбу хонага видеокамера ўрнатилган.

Ҳибсхонадаги 2 та адвокат билан учрашув хоналари камерадан ҳоли бўлиб, адвокатлар бугунги кунда муассасада сақланаётган шахслар билан ҳеч қандай қаршиликсиз учрашаётганлиги аниқланди.

Муассасадаги тиббий бўлинмага 10 та штат бирлиги ажратилган бўлиб ҳозирги кунда вакант ўринлар мавжуд эмас. Тиббиёт хоналари қайта таъмирланган ва тўлиқ тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.  Дори-дармон захираси бўйича ҳам камчилик аниқланмади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати