Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Самарқанддаги минтақавий вакили маҳкумлар шароитини ўрганди
Жорий йилнинг 19 февраль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Хусанов Самарқанд шаҳридаги 38-сонли Манзил-колониясида бўлиб, у ерда сақланаётган маҳкумларнинг шароитлари билан танишди.

Минтақавий вакил дастлаб маҳкумларнинг узоқ муддатли учрашувларга келган оила аъзолари билан суҳбатлашди. Учрашувда муассасадаги шарт-шароитлардан ва муассаса ходимларининг муомаласидан мамнунликларини билдиришди.

Мониторинг ташрифи давомида Манзил-колониядаги узоқ муддатли учрашув хоналари 3 та эканлиги, бу мавжуд маҳкумлар сонига нисбатан анча камлиги аён бўлди. Минтақавий вакилнинг бу эътирозига колония раҳбари узоқ муддатли учрашувлар учун яна 8 та хона қурилиши бошланганлигини, қурилиш жорий йилнинг иккинчи чораги якунига қадар тамомланишини маълум қилди.

Манзил-колониядаги ошхона ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақланаётган хоналар ҳам минтақавий вакил эътиборидан четда қолмади. Ошхонада овқатланиш учун яхши шароит яратилгани, бугунги кунда қўшимча хоналар қурилаётганлиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашда белгиланган талабларга қатъий амал қилинаётганлиги маълум бўлди.

Маҳкумларга тиббий хизмат кўрсатиш, дори-воситалари таъминоти билан боғлиқ камчиликлар аниқланмади.

Маҳкумлар билан ўтказилган жамоавий суҳбатдан сўнг минтақавий вакил билан ҳоли учрашишни сўраган маҳкумлар қабул қилинди. Улардан бири Қашқадарё вилоятида доимий рўйхатда туришини, оилавий шароити оғир бўлганлиги, онаси касаллиги ва уйидагиларни учрашувга келиб туриши учун уни Қашқадарё вилоятидаги Манзил-колониялардан бирига ўтказилишида амалий ёрдам берилишини сўради.

Оила аъзолари Қирғизистон Республикасида яшовчи маҳкум ҳам оилавий шароити оғир бўлганлиги сабабли уни Тошкент вилоятидаги Манзил-колониялардан бирига ўтказилишида ёрдам сўради.

Шундан сўнг колония ходимлари билан 2021 йил 10 сентябрда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ҳамда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноққа солиш ҳамда бошқа ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомаланинг олдини олиш бўйича йиғилиш ўтказилди.

Шу билан бир қаторда, минтақавий вакил маҳкумларни рағбатлантириш масалалари белгиланган мезонларга мувофиқлигини кўриб чиқиш учун муассасада тузилган комиссия йиғилишида ҳам иштирок этди. Унда муассасада сақланаётган 5 нафар маҳкумни рағбатлантириш масаласи муҳокама қилинди. Ушбу маҳкумларининг хулқ-атвори белгиланган мезонларга мувофиқлиги юзасидан ҳужжатлар ўрганилиб, маҳкумлар билан суҳбатлар ўтказилиб, оиласидаги шароитлар ва уларга муносабати ҳамда озодликка чиққанидан сўнг ижтимоий фойдали меҳнат билан таъминланиши, меҳнатга бўлган ижобий фикрлари, содир этган жиноятига муносабати юзасидан суҳбатлар якунида рағбатлантириш бўйича таклиф жамоатчилик вакиллари томонидан қўллаб-қувватланди.

Минтақавий вакил томонидан рағбатлантирилган маҳбусларга шахсий ривожланишга оид китоблар совға қилинди. Шунингдек, муассаса кутубхонасига бадиий адабиётлар берилди.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати