Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ўзбекистон ХДП фракциясида Омбудсман ҳисоботи кўриб чиқилди
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи халқимиз учун фарвон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришга қаратилган демократик ислоҳотларнинг бош мезонига айланиб бормоқда. Ушбу мақсадда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплентация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш. шунингдек инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишда муҳокама қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботида таъкидланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Феруза Эшматованинг маълум қилишича, омбудсман фаолиятида асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегиясини тасдқилаш тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган Миллий стратегия ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да ҳамда 2021 йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган мақсад ва вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2021 йилда Вакил номига жами 18738 та мурожаат келиб тушган бўлиб, бу рақам 2020 йилда 14975 тани ташкил этган эди. Мурожаатларнинг 1321 тасига уларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилган. Мурожаатларни тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш ва ҳал этиш юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига ҳамда бошқа ташкилотларга 6160 та хат юборилган. Вакил томонидан парламент назорати субъекти сифатида 11257 та мурожаат иш юритувига олиниб, уларнинг 2517 таси ижобий ҳал этилган. Шунинг билан бирга, мурожаатларга тегишли тартибда жавоб берилмагани учун такроран юборилган мурожаатлар миқдори ошган ва бу 2020 йилда 2329 тани ташкил этган бўлса, ўтган йилда 4655 тага етган.

Ўтган йилда Омбудсман котибияти ходимлари 108 маротаба судларда кузатувчи сифатида иштирок этган. Ваҳоланки, 2020 йилда бу рақам атиги 32 тани ташкил этган эди. Шунинг билан бирга, фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда адолатли меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятга асосий эътибор қаратилган. Жумладан, 2020 йилда Вакилга фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан 1058 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 632 таси ишдан асоссиз бўшатилгани, 248 таси меҳнат ҳақи ва бошқа тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ берилмагани, 138 таси иш берувчининг ҳаракатларидан ҳамда 40 таси меҳнатни чеклаш ва мажбурий меҳнатга жалб этиш, маълумотларни олишни чеклаш ҳақида бўлиб, уларни бартараф этиш юзасидан ваколат доирасида тегишли чоралар кўрилган.

Муҳокама жараёнида фракция аъзолари Омбудсман ҳисоботи юзасидан фикр-мулоҳаза, таклифларини билдирдилар.

Қизғин муҳокамалардан сўнг депутатлар Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқладилар.