Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича юборилаётган мурожаатларни очиқлади
Жорий йилнинг 23 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ҳамда “Йўл харитаси”нинг тегишли бандлари ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Тадбирда таъкидланишича, давлат ва жамият тараққиёти, халқ фаровонлигини таъминлашда соғлиқни сақлаш соҳаси ҳал қилувчи ўрин тутади. Бугунги кунда юртимизда тиббиёт соҳаси, унинг фаолият мазмуни тубдан ўзгармоқда. Энг аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш сифати ва самарадорлиги, соғлом турмуш тарзи янги босқичга кўтарилди. Кўп тармоқли поликлиника ва касалхоналарнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижросида Омбудсман институтининг роли ҳам ошиб бормоқда.

Йиғилишда Асосий қонунимиз билан кафолатланган ҳар бир фуқаронинг ўз саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича ҳуқуқларидан фойдаланиш ҳолати юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг маърузаси ҳам тингланди.

Омбудсман сўзларига кўра, пандемия оқибатида халқимиз ўз саломатлигига янада эътиборли бўлишни ўрганди. Буни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлилидан ҳам кўриш мумкин. Жорий йилда фуқаролардан келган мурожаатлар асосан, малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳамда кафолатланган тиббий хизмат кўрсатишда вужудга келган муаммолар, фуқароларга тиббий муолажа кўрсатилгандан сўнг соғлиғини ёмонлашиши, нотўғри қўйилган ташхис ва ундан сўнг бемор соғлиғининг ёмонлашиши ва бошқа ҳолатлар бўйича йўлланган ҳамда соғлиқни сақлаш тизими фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар илгари сурилган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўз сўзида мазкур мурожаатлар назоратга олиниб, тегишли ташкилотлар билан бирга ўрганиб чиқилаётгани, лекин, баъзи мурожаатларнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги қуйи органлари томонидан масалалар холисона ўрганилмай асослантирилмаган маълумот тақдим этиш ҳолатлари учраётгани сабабли, Омбудсман Соғлиқни сақлаш вазирлигига фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича тақдимномалар киритишга мажбур бўлаётганини танқид қилди. 

Йиғилишда депутатлар томонидан қайд этилдики, аҳолини хавфсиз, самарали ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлашда қатор муаммолар мавжуд. Шунингдек, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш тиббиётнинг энг муҳим вазифаси, деб эътироф этилишига қарамай, бугунги кунда оналар ва болалар ўртасида кузатилаётган ўлим ҳолатлари соҳада жиддий ўзгаришларни талаб қилади.

Депутатлар соҳада учраётган муаммоларни ўртага ташлар экан, уларнинг ечими бўйича ўз вақтида аниқ чора-тадбирлар кўрилиши лозимлигини билдирди.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати