Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида Омбудсман манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда илғор халқаро тажрибани ўрганган ҳолда янги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳасини ишлаб чиқди. Амалдаги Қонун 1997 йилда қабул қилиниб, бугунги кунга қадар унга тўрт маротаба ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Қонун 22 та модда ва 10 та прим моддадан иборат бўлиб, ундаги эскирган нормаларни ҳозирги давр талабларидан келиб чиқиб янги нормалар билан тўлдириш ҳамда ўзгартишлар киритиш, хусусан Фармон билан Омбудсман институтига берилаётган қўшимча ваколат ва вазифаларни ҳисобга олган ҳолда қўшимча моддалар билан тўлдириш назарда тутилмоқда.

Қонунчилик фаолияти соҳасида халқаро тажриба: Ушбу қонун лойиҳасини тайёрлашда мазкур соҳани тартибга солувчи бир қатор илғор давлатларнинг қонун ҳужжатлари, хусусан Финляндия, Польша, Болгария, Венгрия, Сербия, Россия Федерацияси, Озарбайжон Республикаси, Украина, Арманистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси ва бошқа давлатлар қонунчилиги атрофлича ўрганилди.

Кутилаётган натижалар: Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) институтининг мустақил миллий институт сифатидаги аҳамиятини янада ошириб, Омбудсман фаолиятининг институционал асосларини такомиллаштирилади ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилишини таъминлаш борасидаги ваколатларини ва унинг ҳудудлардаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.

Лойиҳа

Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида"ги

ҚОНУНИ

Қонунчилик палатаси томонидан ___________
Сенат томонидан _____________ маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) фаолиятини тартибга солишдан иборатдир.

 

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) (бундан буён матнда Омбудсман деб юритилади) мансабдор шахс бўлиб, унга фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар (бундан буён матнда ташкилотлар  деб юритилади) ҳамда мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш ваколатлари берилган.

Омбудсман институти инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шакллари ҳамда воситаларини тўлдиради. Омбудсман Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш ва уни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштиришга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади, инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқий маданиятни ва фуқароларнинг хабардорлигини оширишга кўмаклашади.

Омбудсман ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларга тобе бўлмаган тарзда амалга оширади ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳисобдордир.

Омбудсманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан бериладиган гувоҳнома ва кўкрак нишони бўлади. Омбудсман гувоҳномадан ва кўкрак нишонидан ўз ваколатлари муддати мобайнида фойдаланади.

Омбудсманнинг гувоҳномаси ва кўкрак нишони тўғрисидаги низом, шунингдек бундай гувоҳнома ва нишон намуналари ҳамда тавсифлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари кенгашларининг қарорлари билан тасдиқланади.

 

3-модда. Омбудсман фаолиятининг асосий принциплари

Омбудсман фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, адолатпарварлик, инсонпарварлик, ошкоралик, ҳар бир инсон учун очиқликдир.

 

4-модда. Омбудсманни сайлаш

Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан беш йил муддатга сайланади

Омбудсман лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Омбудсманни сайлаш тўғрисидаги қарори палаталарнинг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Вакил номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида кўриб чиқилганидан кейин бу масала юзасидан қабул қилинган узил-кесил қарор Ўзбекистон Республикаси Президентига қонунда белгиланган тартибда юборилади.

Овозлар сони етарли бўлмаган ёки Омбудсман лавозимдан муддатидан илгари озод этилган тақдирда, Омбудсман лавозимига янги номзод икки ой ичида киритилади.

Омбудсман ўзининг ваколатлари муддати тугагач, янги Омбудсман сайлангунига қадар ўз вазифасини бажаришни давом эттириб туради.

Янги Омбудсман номзодини кўрсатиш жараёни ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган амалдаги Омбудсман ваколатлари муддати тугагунга камида икки ойдан кечиктирмасдан ўтказилади.

Айни бир шахс Омбудсман лавозимига кетма-кет икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмас.

 

5-модда. Омбудсман лавозими бўйича номзодга қўйиладиган талаблар

Сайланиш куни ўттиз ёшга тўлган, юксак ахлоқий сифатларга, олий маълумотга, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида зарур тажрибага эга бўлган ва бевосита сайланиш кунигача камида беш йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Омбудсман лавозимига сайланиши мумкин.

 

6-модда. Омбудсман лавозимига номувофиқ бўлган фаолият

Омбудсман сиёсий партияга аъзоликни ёки унинг фаолиятида иштирок этишни ўз ваколатлари муддатига тўхтатиб туриши ёхуд тугатиши шарт. Омбудсман илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.

 

7-модда. Омбудсман қасамёди

Омбудсман этиб сайланган шахс Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарори қабул қилинганидан кейин қуйидаги мазмунда қасамёд қабул қилади:

«Инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга, Омбудсман зиммасига юклатилган вазифаларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқ виждонан бажаришга қасамёд қиламан».

 

8-модда. Омбудсманнинг ваколатлари тугаганидан кейин меҳнат ҳуқуқларининг кафолатлари

Омбудсманга ваколатлари муддати тугаганидан кейин ишга жойлаштириш бўйича кафолатлар берилади. Ваколатлари муддати тугаганидан кейин Омбудсманнинг розилиги билан унга бошқа, шу жумладан юқорироқ лавозимдаги иш берилиши мумкин.

 

9-модда. Омбудсманни лавозимидан муддатидан илгари озод қилиш

Омбудсман лавозимдан қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан муддатидан илгари озод қилиниши мумкин:

у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида ёзма ариза берган тақдирда;

у Омбудсман қасамёдини бузган тақдирда;

соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа узрли сабабларга кўра у узоқ вақт мобайнида ўз вазифаларини бажаришга қодир бўлмай қолган тақдирда;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;

у қонунга кўра Омбудсман фаолиятига номувофиқ бўлган лавозимга сайланган ёки тайинланган тақдирда;

у суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган тақдирда;

у суднинг қонуний кучга кирган қарори билан бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;

у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган тақдирда;

у вафот этган тақдирда.

 

10-модда. Омбудсман ўринбосари

Омбудсманнинг белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан 5 йил муддатга сайланадиган ва лавозимидан озод этиладиган ўринбосари бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Омбудсман ўринбосари лавозимига номзодни Омбудсман тақдим этади.

Омбудсман ўз лавозимидан муддатидан илгари озод қилинган тақдирда, Омбудсман ўринбосари унинг вазифасини янги Омбудсман сайлангунига қадар бажариб туради ва Омбудсман учун белгиланган кафолатлар ана шу даврда унга нисбатан татбиқ этилади.

Омбудсман йўқлигида унинг ваколатларини Омбудсман ўринбосари амалга оширади.

 

2-боб. Омбудсман фаолияти

 

11-модда. Омбудсман фаолиятининг асосий вазифалари

Омбудсман фаолиятининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва уни амалга оширишда иштирок этиш;

давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши кафолатларини, шу жумладан уларнинг бузилиши тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш орқали таъминлаш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги қонунчилик нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганиш ҳамда уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда қийноққа солиш ҳамда бошқа ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомаланинг олдини олиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилган ҳолатлар ҳақидаги хабарларни ваколатли давлат органлари, мансабдор шахслар ва нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари билан биргаликда текшириш;

аҳоли орасида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ва миллий қонунчилик нормаларини тарғиб қилиш, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

 

12-модда. Омбудсманнинг ва унинг ўринбосари дахлсизлик ҳуқуқи

Омбудсман ва унинг ўринбосари ваколатлари муддати мобайнида дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва улар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

Омбудсман ва (ёки) унинг ўринбосарига нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.

Омбудсманни ва (ёки) унинг ўринбосарини мажбурий келтиришга, шунингдек унинг уй-жойини, хизмат хонасини, юки, шахсий ва хизмат транспорти воситаларини, ёзишмаларини, у фойдаланаётган алоқа воситаларини, шунингдек унга тегишли ҳужжатларни кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.

Омбудсманни ва унинг ўринбосарини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатини ва Сенати аъзосини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартиби асосида амалга оширилади.

 

13-модда. Омбудсман фаолиятининг кафолатлари

Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда вазиятларнинг (реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) жорий этилиши Омбудсман фаолиятини тўхтатиб туриш ёки тугатишга олиб келмайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари ва Сенати аъзоларининг ваколатлари муддати тугаши ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенати  тарқатиб юборилиши Омбудсманни лавозими муддатидан илгари озод қилишга олиб келмайди.

 

14-модда. Омбудсман ҳуқуқлари

Омбудсман қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қонун лойиҳасини киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг айрим йўналишлари бўйича ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим қилиш;

ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилган ҳолатларини ваколатли ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан биргаликда ўрганиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ мажлисларида иштирок этиш;

инсоннинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида суд жараёнларида қонунда белгиланган ҳолларда ва шаклларда шахсан ёки ўз вакили орқали иштирок этиш;

инсоннинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир эксперт ва илмий-таҳлилий ишларни амалга ошириш учун илмий ва бошқа ташкилотларни, олимлар ва мутахассисларни белгиланган тартибда, шу жумладан шартнома асосида жалб қилиш;

мурожаат этувчига ҳуқуқий тушунтириш бериш ҳамда ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун фойдаланиши мумкин бўлган воситалар ва шаклларни кўрсатиш;

мурожаатни унинг моҳиятига кўра ҳал қилишга ваколатли бўлган ташкилот ёки мансабдор шахсга юбориш;

мурожаат этувчини унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан таништириш;

сабабини албатта кўрсатган ҳолда мурожаатни кўриб чиқишни рад этиш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари юзасидан қонунчиликка зид бўлмаган бошқа чора-тадбирларни кўриш;

аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текширишда кўмаклашишни сўраб ташкилотлар ва мансабдор шахсларга мурожаат қилиш;

аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текшириш учун ташкилотларнинг вакилларини ва мансабдор шахсларни таклиф этиш;

ташкилотларга ва мансабдор шахслар ҳузурига монеликсиз кириш;

ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан ташкилотлардан ва мансабдор шахслардан статистика, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни сўраш ҳамда олиш;

мансабдор шахслардан тушунтиришлар олиш;

аниқланиши лозим бўлган масалалар юзасидан ташкилотлар ва мутахассисларга хулосалар тайёрлашни топшириш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалалар юзасидан ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан ўтказилаётган текширишларда иштирок этиш;

ушлаб турилган ёки қамоқда сақланаётган шахслар билан учрашув ва суҳбатлар ўтказиш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш бўйича қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида ташкилотларни ва мансабдор шахсларини ёзма равишда огоҳлантириш;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш бўйича ташкилотларга ва мансабдор шахсларга аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича уларни содир этишга имкон яратган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиш;

ўз ташаббуси билан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг бузилиши фактлари тўғрисидаги маълумотларни текшириш, ҳимоя воситаларидан мустақил фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган шахсларни ҳимоя қилиш;

ҳаракатида (харакатсизлигида) инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимоснома киритиш;

фуқаролар манфаатларини кўзлаб аризалар (шикоятлар) ва даъволар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат қилиш.

Омбудсман қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

15-модда. Омбудсманнинг мажбуриятлари

Омбудсман:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига риоя этиши, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши;

ўз фаолиятида жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига, шунингдек юридик шахсларнинг мулк шаклларига қараб камситишга йўл қўймаслиги;

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатларини текшириш чоғида мурожаат этувчи ва бошқа шахсларнинг ўзига маълум бўлган шахсга доир маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор қилмаслиги;

шикоятни текшириш учун ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан арз қилинган ташкилотга ёхуд мансабдор шахсга топширмаслиги;

мурожаат этувчига унинг мурожаатини кўриб чиқиш натижаларини маълум қилиши;

ҳаракатларида (ҳаракатсизлигида) фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги аниқланган ташкилот ёки мансабдор шахсга бузилган ҳуқуқларни тиклаш юзасидан тавсиялар бўлган ўз хулосасини юбориши шарт. Бунда Омбудсманнинг хулосасини олган ташкилот ёки мансабдор шахс уни кўриб чиқиши ва бир ойдан кечиктирмай асослантирилган жавоб юбориши шарт.

 

16-модда. Омбудсманнинг йиллик ва махсус маърузаси

Омбудсманнинг фаолияти тўғрисидаги маърузаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилади.

Омбудсманнинг давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш ҳолати ҳақидаги йиллик маърузаси Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай, ўз мажлисида Омбудсманнинг фаолияти тўғрисидаги маърузани эшитади.

Омбудсманнинг фаолияти тўғрисидаги йиллик маърузани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатида эшитиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Омбудсманнинг фаолияти тўғрисидаги йиллик маърузаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракциялар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари томонидан дастлабки тарзда эшитилади.

Омбудсманнинг фаолияти тўғрисидаги маърузасини эшитиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қарорлар қабул қилади, қарорлар Омбудсманга юборилади.

Омбудсман йилига камида бир марта Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлис палаталарига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар қабул қилишга қаратилган айрим жиҳатлари юзасидан махсус маъруза тақдим қилади.

Омбудсманнинг махсус маърузаси инсон ва фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини тиклаш бўйича хулоса ва таклифлардан иборат бўлади.

Қайсидир орган ва унинг ходимлари томонидан Омбудсманнинг фаолиятига ёки унинг ўз ташаббуси билан текширишига тўсқинлик қилиниши махсус маъруза предмети бўлиши, шунингдек йиллик маърузанинг алоҳида бобига киритилиши мумкин.

 

3-боб. Омбудсман томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби

 

17-модда. Омбудсман томонидан мурожаатлар кўриб чиқилиши

Омбудсман мурожаатларни ушбу Қонунда ҳамда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган тартибда кўриб чиқади.

Омбудсман Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузаётган ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг бузилиши ҳақидаги маълумотлар юзасидан ўз ташаббуси билан текширув ўтказиш ҳуқуқига эга.

Омбудсман суднинг мутлақ ваколат доирасига кирадиган масалаларни, шунингдек жисмоний шахсларнинг бошқа жисмоний шахслар томонидан уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузадиган ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) доир мурожаатларини кўриб чиқмайди.

Омбудсманга берилган мурожаат учун давлат божи ундирилмайди.

 

18-модда. Гаупвахталарда, махсус қабулхоналарда, вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида, тергов ҳибсхоналарида, жазони ижро этиш муассасаларида, интизомий қисмларда, мажбурий даволаш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг Омбудсманга мурожаат этиши

Гаупвахталарда, махсус қабулхоналарда, вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида, тергов ҳибсхоналарида, жазони ижро этиш муассасаларида, интизомий қисмларда, мажбурий даволаш муассасаларида (бундан буён матнда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойлари деб юритилади) сақланаётган шахслар ёзма ёки электрон шаклдаги мурожаатларни уларнинг сони чекланмаган ҳолда Омбудсман номига юбориш ҳуқуқига эга. Омбудсман номига юбориладиган мурожаатлар цензура қилинмайди.

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларининг маъмурияти шахсларнинг мурожаатларини Омбудсманга йигирма тўрт соатдан кечиктирмай, муҳрланган тарзда юборади, телеграммаларни эса дарҳол юборади. Омбудсманнинг жавоби кўздан кечирилиши мумкин эмас ва мурожаат қилувчига зудлик билан етказиб берилади.

Омбудсман шикоятлар кўриб чиқилаётганда, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббуси билан текшираётганда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга. Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларининг маъмурияти Омбудсманнинг хавфсизлигини таъминлаши шарт.

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларининг маъмурияти Омбудсманга ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларида турган шахслар билан монеликсиз ва якка холда учрашиш ҳамда суҳбатлашиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт, учрашув ва суҳбатлар ушбу муассасалар ходимлари уларни кўриб турадиган, лекин эшитмайдиган шароитларда холи ўтказилади.

 

19-модда. Жазони ижро этиш муассасаларида ўрнатилган «Омбудсман қутиси»нинг ҳуқуқий мақоми

Омбудсманга мурожаат қилиш учун жазони ижро этиш муассасаларининг ҳар бир турар жой секторида, саноат ҳудудида, қисқа ва узоқ муддатли учрашув жойларида, у ерда сақланаётган шахсларнинг мурожаати учун қулай жойда «Омбудсман қутиси» ўрнатилади.

Омбудсман қутиси фақат Омбудсман ёки унинг минтақавий вакиллари томонидан ойига камида бир марта очилади.

«Омбудсман қутиси тўғрисида»ги низом Омбудсман ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг қўшма қарори билан тасдиқланади.

  

20-модда. Омбудсман фаолиятига кўмаклашиш

Ташкилотлар ва мансабдор шахслар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигига тааллуқли, Омбудсман томонидан сўралган ҳужжатларни, материалларни ҳамда бошқа маълумотларни тақдим этишлари шарт.

Омбудсман ўз фаолиятига доир масалалар бўйича ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланади.

Фаолияти давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар билан боғлиқ ташкилотларга Омбудсманнинг кириши тартиби, шунингдек давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи ахборотни Омбудсманга тақдим этиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

Омбудсманнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

 

21-модда. Омбудсман томонидан мурожаатларни кўриб чиқишда инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши кафолатлари

Омбудсманга мурожаат қилган шахс, шунингдек Омбудсман томонидан ахборот тўплаш ва уни таҳлил этиш ёки эксперт баҳоси бериш топширилган шахслар бундай ҳаракат учун таъқиб қилиниши ёхуд ҳуқуқлари бошқача тарзда чекланиши мумкин эмас.

Омбудсман томонидан мурожаатлар кўриб чиқилаётганда жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига, шунингдек юридик шахсларнинг мулк шакли, жойлашган ери (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шакллари ва бошқа ҳолатларга қараб камситилишига йўл қўйилмайди.

Мурожаатларни кўриб чиқиш чоғида Омбудсманга маълум бўлган мурожаат этувчи ва бошқа шахсларнинг шахсга доир маълумотлари уларнинг розилигисиз ошкор қилинмайди.

 

22-модда. Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия

Омбудсманнинг зиммасига юкланган вазифаларни бажариш юзасидан унинг фаолиятига кўмаклашиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Кенгашлари томонидан Омбудсман раислигида Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) тузилади.

Комиссия таркиби нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларидан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида касбий ва амалий билимларга эга бўлган олимлардан тузилади. Комиссия таркибига ижро этувчи ҳокимият органларининг вакиллари ҳам маслаҳат овози ҳуқуқи билан кириши мумкин.

Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Кенгашлари томонидан тасдиқланадиган Низомга амал қилади.

Комиссия аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан Омбудсманнинг тақдимномаси бўйича унинг ваколат муддатига тасдиқланади.

Комиссия ўз ваколатлари муддати тугагач, янги Омбудсман сайлангунига қадар ўз ваколатларини бажаришни давом эттириб туради.

 

4-боб. Омбудсманнинг ҳуқуқ ижодкорлиги ва ҳамкорлиги

 

23-модда. Омбудсманнинг қонунчилик ташаббуси

Омбудсман инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.

Омбудсманнинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи унинг қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиши орқали амалга оширилади.

Омбудсман ўзи киритган қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида кўриб чиқишда иштирок этиш ёки ўз вакилини иштирок этиш учун тайинлаш ҳуқуқига эга.

 

24-модда. Омбудсманнинг қонунчиликни такомиллаштиришга доир фаолияти

Омбудсман фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари соҳасидаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятида иштирок этиши, лойиҳаларнинг ҳуқуқий экспертизасини ўтказиши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида иштирок этиши ҳамда муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари юзасидан таклифлар ва мулоҳазалар киритиши мумкин.

Омбудсман инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда татбиқ этилишини ўрганади ҳамда уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди.

Қонунчилик ташаббуси субъектлари инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари соҳасидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда уни Омбудсман билан келишишлари шарт.

 

25-модда. Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир фаолияти

 Омбудсман инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ҳуқуқ ва миллий қонунчилик нормаларини аҳоли ўртасида тарғиб қилиш, шунингдек аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга кўмаклашиш чора-тадбирларини кўради.

Омбудсман инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш воситалари, усуллари ва механизмларига ўқитишга қаратилган маърифий ва таълим дастурларини, илмий-амалий тадбирлар ҳамда семинарларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади.

 

26-модда. Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга доир фаолияти

Омбудсман инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотларга аъзо бўлиб киришга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича хорижий институтлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга ҳақли.

Омбудсман Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномалари бажарилиши тўғрисида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий институтларнинг хабардорлигини оширишга кўмаклашади.

Омбудсман Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг бажарилишига доир маърузаларини тайёрлашда иштирок этади.

 

27-модда. Омбудсманнинг парламент назоратининг бошқа субъектлари билан ҳамкорлиги

Омбудсман жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббусига кўра текшириш билан боғлиқ материалларни ҳар чоракда умумлаштириб боради.

Омбудсман жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ материалларни умумлаштириш ҳамда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлат манфаатлари бузилишига олиб келувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш натижаларига кўра давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларининг ахборотини эшитиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисидаги таклиф билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталарига мурожаат қилиши мумкин.

Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг парламент назоратини амалга оширишга доир тадбирларида иштирок этишга, уларга кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан материаллар тақдим этишга ҳақлидир.

 

28-модда. Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари соҳасида миллий институтлар билан ҳамкорлиги

Омбудсман инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасида миллий институтлар билан ҳамкорликни амалга оширади.

 

29-модда. Омбудсманнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан ҳамкорлиги

Омбудсман Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди кўриб чиқиши учун инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисидаги масалаларни киритиш ҳуқуқига эга.

Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича мажлисларида иштирок этиши ҳамда суд томонидан кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиши мумкин.

 

30-модда. Омбудсманнинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан ҳамкорлиги

Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича мажлисларида иштирок этиши ҳамда суд томонидан кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиши мумкин.

 

31-модда. Омбудсманнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан ҳамкорлиги

Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг айрим йўналишлари бўйича ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар киритиш ҳуқуқига эга.

Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида махсус маърузаларни кўриб чиқишда иштирок этиши ҳамда улар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилиши мумкин.

 

32-модда. Омбудсманнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлиги

Омбудсман мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ ва ҳудудий дастурларни, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликни ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.

Омбудсман нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг Омбудсман томонидан шакллантириладиган ишчи ва эксперт гуруҳлари, комиссиялар ва бошқа жамоатчилик-маслаҳат органлари фаолиятида иштирок этиши учун зарур шароитлар яратади.

Омбудсман инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида мавжуд материаллар тўғрисида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ахборот алмашувини қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширади.

Омбудсман нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиши, шунингдек ижтимоий шериклик тўғрисида битимлар ва шартномалар тузиши мумкин.

 

33-модда. Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакили

Ҳудудларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг аризаларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда кўмаклашиш учун доимий асосда фаолият юритувчи Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакили (бундан буён матнда Минтақавий вакили деб юритилади) жорий этилади.

Минтақавий вакил бевосита Омбудсманга ҳисобдордир.

Минтақавий вакил Омбудсман томонидан ўз ташаббуси билан ёки тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари тақдим этган камида учта номзод орасидан тайинланади.

Минтақавий вакил:

инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини, инсон ҳуқуқлари мониторингини ташкил этиш ва ўтказишни таъминлайди;

фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилади ва кўриб чиқади, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга кўмаклашади;

ўз ташаббуси билан ёки мурожаат муаллифининг илтимосига биноан мурожаатнинг экспертлар, мутахассислар ва манфаатдор ташкилотлар вакиллари иштирокида кўриб чиқилишини ташкил этади;

ушлаб турилганлар, қамоқда сақланаётганлар, маъмурий жазо ўтаётган, озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахслар билан учрашувлар ва суҳбатлар ўтказади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасида ахборот-маърифий ишларни олиб боради.

ҳудуддаги ташкилотларга монеликсиз киради ва мансабдор шахслар томонидан дарҳол қабул қилинади;

ўз фаолияти тўғрисида ҳар чоракда Омбудсманга ахборот тақдим қилади;

мурожаат қилувчининг шахсий ҳаётига оид маълумотларни, шунингдек мурожаатларни кўриб чиқиш тўғрисидаги маълумотларни Омбудсманнинг рухсатисиз ва розилигисиз ошкор қилмайди.

Минтақавий вакил қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Минтақавий вакил фаолиятига кўмаклашади.

Минтақавий вакил ҳар йили ҳудудларда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишининг ҳолати тўғрисида тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига маъруза тақдим этади.

Минтақавий вакилнинг фаолияти Омбудсман томонидан тасдиқланадиган Низом билан тартибга солинади.

Минтақавий вакилга Омбудсман томонидан имзоланадиган гувоҳнома берилади.

 

5-боб. Омбудсманнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолияти (миллий превентив механизм)

 

34-модда. Омбудсманнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолияти

Омбудсман ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларига мунтазам мониторинг ташрифлари орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш (бундан буён матнда қийноқларнинг олдини олиш деб юритилади) бўйича чоралар кўради.

Омбудсман ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларига мониторинг ташрифлари чоғида:

ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларига исталган вақтда, монеликсиз ва дастлаб хабар бермасдан ташриф буюради;

ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларида сақланаётган шахсларнинг сони ҳақида ахборот олади;

ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларида сақланаётган шахсларни сақлаш ва улар билан муомалада бўлиш шароитларини ўрганади;

ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларида сақланаётган шахслар билан, шунингдек маъмурият ходимлари билан учрашувлар ва суҳбатлар, шу жумладан якка холдаги учрашувлар ва суҳбатлар ўтказади. Бунда мазкур учрашувлар ва суҳбатлар жараёни боришининг баённомаси юритилади, зарур бўлганда техника воситаларидан фойдаланилади;

шахснинг ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларида сақланишининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишади ва уларнинг кўчирма нусхаларини олади;

ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларининг маъмуриятидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларида сақланаётган шахсни тиббий текширувдан ўтказишни, унга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатилишини талаб қилади, мазкур тадбирлар ўтказилаётганда ушбу шахснинг розилиги билан ҳозир бўлади;

ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларининг маъмурияти раҳбарларидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари юзасидан тушунтиришлар олади;

ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойлари маъмуриятининг ғайриқонуний ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) чек қўйиш учун зудлик билан чоралар кўради;

ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларида сақланаётган шахсларни сақлаш шароитлари тўғрисида хулоса тузади ва уни тегишли ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юборади;

тегишли давлат органларига уларнинг қийноқларнинг олдини олишга доир фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ва таклифлар киритади;

қийноқлар ҳолатлари аниқланганда тегишли давлат органига уларни тезкорлик билан бартараф этиш талабларини тақдим этади.

Омбудсман шахслар сақланаётган, ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларда ҳам қийноқларнинг олдини олиш бўйича мазкур модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган чораларни кўради.

 

35-модда. Омбудсман ҳузуридаги қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари

Омбудсманнинг қийноқлар олдини олиш бўйича фаолиятига кўмаклашиш учун жамоатчилик асосида амал қиладиган Омбудсман ҳузуридаги қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари (бундан буён матнда жамоатчилик гуруҳи деб юритилади) тузилади. Жамоатчилик гуруҳлари Омбудсманнинг минтақавий вакиллари томонидан тузилиши ҳам мумкин.

Жамоатчилик гуруҳининг тузилиши, фаолият кўрсатиши ва мониторинг ташрифларини амалга ошириши тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма қарори билан тасдиқланадиган Низом билан тартибга солинади.

 

36-модда. Жамоатчилик гуруҳининг мониторинг ташрифлари давомидаги ҳуқуқлари, кафолатлари ва вазифалари

 Жамоатчилик гуруҳлари мониторинг ташрифлари давомида ушбу Қонуннинг 34-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўлади.

Жамоатчилик гуруҳи аъзоси ўз вазифаларини бажариши муносабати билан ўзига маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида гувоҳлик беришга ёки бу ҳолатларни бирон-бир тарзда ошкор қилишга мажбурланиши мумкин эмас. Бу кафолат шахс жамоатчилик гуруҳи таркибидан чиққанидан кейин ҳам амал қилади.

Жамоатчилик гуруҳи аъзоси ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойларида сақланаётган шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисида мониторинг ташрифлари чоғида олинган маълумотларни унинг ва Омбудсманнинг розилигисиз ошкор қилишга ҳақли эмас.

 

37-модда. Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойлари маъмуриятининг мониторинг ташрифлари давомидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойлари маъмурияти Омбудсман ва жамоатчилик гуруҳи аъзолари томонидан мониторинг ташрифлари амалга оширилганда уларнинг хавфсизлигини таъминлаши шарт.

Ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсларни сақлаш жойлари маъмурияти Омбудсман ва жамоатчилик гуруҳи аъзоларига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланаётган жойда турган шахслар билан монеликсиз ва якка холда учрашиш ҳамда суҳбатлашиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт, учрашув ва суҳбатлар ушбу муассасалар ходимлари уларни кўриб турадиган, лекин эшитмайдиган шароитларда холи ўтказилади.

Жамоатчилик гуруҳлари аъзоларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари бўлган тақдирда, мониторинг ташрифи ўтказилаётган муассаса маъмурияти раҳбари бу ҳолат ҳақида Омбудсманни ёзма равишда хабардор қилади.

 

38-модда. Омбудсманнинг қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича қилинаётган ишлари тўғрисидаги маърузаси

Омбудсман ҳар йили 15 мартга қадар қийноққа солиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маърузани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этади, шунингдек уни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

 

39-модда. Жамоатчилик гуруҳларининг моддий ва бошқа таъминоти

Жамоатчилик гуруҳлари фаолиятининг моддий ва бошқа таъминоти Омбудсман Девони маблағлари, шунингдек халқаро ташкилотлар ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Жамоатчилик гуруҳлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва умумлаштириш учун Омбудсман Девони тузилмасида Омбудсман фаолиятига кўмаклашиш учун Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўлими ташкил этилади.

 

6-боб. Омбудсманнинг ҳамда унинг Девони моддий ва бошқа таъминоти

 

40-модда. Омбудсманнинг транспортда текин юриш ҳуқуқи

Омбудсман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаво, темир йўл, автомобиль йўловчи транспортида (бундан такси ва шаҳар йўловчи транспорти мустасно) текинга юриш ҳуқуқига эга.

Омбудсман аэропортлар, темир йўл вокзаллари ҳамда станцияларининг расмий шахслар ва делегацияларга хизмат кўрсатиш залларидан текин фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Омбудсманга ўз гувоҳномасини кўрсатиши билан темир йўл вокзаллари ва ҳаво қатновлари кассалари поезднинг ухлаб ётиш ёки юмшоқ вагонида, ҳаво кемаси салонида ўриндиқ навбатсиз тақдим этиши шарт. Самолёт чипталари учишдан икки соатдан кечиктирмасдан олдин, бошқа ҳолларда – бир суткадан кечиктирмай тақдим этилади.

Омбудсманнинг шаҳарлараро ва шаҳар атрофи йўналишларида юриши ўриндиқ рақами кўрсатилган ҳолда чипталар сотиладиган автовокзал ва автостанциялар кассаларида навбатдан ташқари олинадиган текин чипта бўйича амалга оширилади.

Омбудсман ҳар бир транспорт турида қўлланиладиган қоидаларга мувофиқ қўл юкини бепул олиб юриш ҳуқуқига эга.

Транспорт ташкилотлари билан ҳисоб-китоб қилиш тартиби қонунчиликда белгиланади.

 

41-модда. Омбудсман Девони ва Омбудсман фаолиятининг моддий-техника таъминоти

Омбудсманнинг фаолиятини таъминлаш учун Омбудсманнинг юридик шахс ҳисобланадиган Девони тузилади.

Омбудсман «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Девони тўғрисида»ги Низомни тасдиқлайди, шунингдек зарурат бўлганда унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади.

Омбудсман фаолиятининг моддий-техника таъминоти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда унда алоҳида сатрда назарда тутилади, шунингдек халқаро ташкилотлар ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотлар грантлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

 

7-боб. Якунловчи қоидалар

 

42-модда. Омбудсман тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Омбудсман тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

43-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 27 августда қабул қилинган «Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 669–II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2004 йил, № 9, 169-модда);

2) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 августда қабул қилинган «Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ–441-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2017 йил, № 8, 385-модда);

 3) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 14 мартда қабул қилинган «Маҳкумларнинг ҳамда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги
ЎРҚ–530-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 3, 165-модда);

4) «Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги
ЎРҚ–563-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 9, 588-модда) 8-моддаси;

5) Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 21 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–683-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, 4-сонга илова) 73-моддаси.

 

44-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

 

45-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 

46-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Ўзбекистон Республикасининг

         Президенти

ТАКЛИФ ЮБОРИШ