Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Давлат ва жамият ўртасидаги мустаҳкам кўприк
Виждон эркинлиги – инсониятнинг маънавий юксалишида муҳим ўрин  тутган омиллардан саналади.  Айнан у умумбашарий қадриятлар, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларининг ажралмас қисмидир.  Зеро, инсон сўздагина эмас, амалда олий қадрият бўлган, унинг ҳуқуқ ва эркинлари эса давлат фаолиятининг мазмуни ва асосий вазифаси ҳисобланган жойдагина маънавий ва моддий фаровонлик, тинчлик ва тотувлик ҳукм суради.  Шу жиҳатдан янги таҳрирда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун айнан жамиятимиз равнақига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Шуниси эътиборлики, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририда Ўзбекистонда ҳуқуқнинг ушбу соҳасида шу пайтгача маълум даражада мавҳум бўлиб келган кўплаб тушунчаларга аниқлик киритилган. Қолаверса, унда виждон эркинлиги меъёрлари аниқ кўрсатилиб, фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқи белгиланди.

Қонуннинг асосий жиҳатларидан яна бири - унда диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тизими соддалаштирилганидир. Хусусан қонуннинг тегишли моддасида маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробарга камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган ҳолда этиб белгиланди.

Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб ҳам бекор қилинди. Бу бежиз эмас. Чунки бугунги кунда диний ташкилотлар ҳар қандай мамлакат ижтимоий тузилмасида ўзига хос ўрин тутади ва уларнинг давлат билан муносабати ўша давлатдаги фуқаролар эътиқодига нисбатан ҳурмат даражаси, давлатнинг кучли мафкурага эга нодавлат тузилмаларига муносабати ва бошқа кўплаб жиҳатлар ҳақида фикр юритиш имконини беради. Ўз эътиқодига содиқ инсонларни, ўзи танлаган дин амалларига эмин эркин риоя қилган ҳолда яшаши учун муносиб шароит яратиш ҳам аслида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг амалда таъминланганлигини кўрсатади.

Айтиш жоизки, диний ташкилотлар сиёсий манфаатлар тўқнашуви объекти бўлгани учун ҳам доимо давлатнинг назорати остида бўлади. Буни дунёнинг деярли барча мамлакатларида кузатиш мумкин. Баъзи ҳолларда диний озчиликлар ҳуқуқлари бузилиши, бир қатор демократик конституциявий тамойилларга путур етиши, дунёқарашга асосланган танлов эркинлиги чекланиши, балки айрим давлатлар ва жаҳон ҳамжамиятининг глобаллашув имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш ва унинг чақириқларига муносиб жавоб бериш имконияти қўлдан бой берилиш ҳолатлари ҳам учраб туради.  Шу жиҳатдан мазкур қонун билан бундай тузилмаларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тизими соддалаштирилиши, аввало жамиятда умуминсоний қадриятларни сақлаб қолиш, ҳуқуқ ва давлат ривожини жадаллаштиришга хизмат қилади. Қолаверса, эндиликда диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши белгиланди. Рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди. Бу билан ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда дин соҳасида олиб борилаётган сиёсат давлатнинг дунёвий хусусияти ва унинг бағрикенглиги тамойилларига асосланади. Барча динларга нисбатан бағрикенг муносабат, давлатнинг дин билан соғлом ва конструктив ҳамкорлиги шулар  жумласидандир. Бунинг натижасида мамлакатимизда кўпконфессияли жамият ривожланмоқда, турли динларга эътиқод қилувчи фуқаролар тинчлик ва тотувликда истиқомат қилмоқдалар. Айниқса сўнгги йилларда бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар диний таълимда ҳам туб ўзгаришлар ясади, натижада тизимни такомиллаштиришга оид кўплаб масалалар ечим топмоқда. Шу жиҳатдан янги қонунда ҳам диний таълимнинг профессионал мақоми расман эътироф этилди, Ўзбекистон фуқароларининг, динга бўлган муносабатидан қатъий назар, дунёвий таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши қайд этилди.

Шу ўринда яқин тарихимизга назар ташласак. ХХ аср охирида синчков кузатувчилар дин дунё миқёсида сиёсат, маданият ва иқтисодиётга қайтаётганини ажабланиб қайд этдилар. Асосан маънавият соҳаси, ижтимоий ва оилавий ҳаёт меъёрларида кўпроқ сезиладиган бу омилнинг барча жараёнларга таъсири ошди. Ҳозирда ҳам биз бу тенденциянинг давом этаётганини кўрмоқдамиз. Бундай шароитда диний таълимнинг аҳамияти орта бошлади. Чунки ҳар бир динда инсонни тараққиётга рағбатлантирувчи куч топиш мумкин ва шу жиҳатдан дин аҳкомларини тўғри тарғиб қилиш, уларнинг моҳиятини асл ҳолатда оммага етказишда айнан диний таълимнинг ўрни беқиёс эканлиги аён бўлди. Айрим ғаразгўй кучлар барча динлардан ниқоб сифатида фойдаланиб, ёт ғоялар воситасида одамларни манипуляция қилишларига йўл қўймаслик ҳам айнан диний таълимнинг профессионал мақоми билан боғлиқ. Демак, диний таълим билан фақат мутахассислар шуғулланишлари лозим. Ҳар кимнинг аҳолини “ўқитиши” дин тўғрисида нотўғри маълумотлар тарқалишига, одамларда динга хос муҳим масалалар борасида бирёқлама тушунчалар шаклланишига олиб келади. Бунинг оқибатида юртдошларимиз орасида диний масалаларда зиддиятлар пайдо бўлиши, фуқаролар, айниқса ёшлар ёт ғоя ва қарашлар таъсирига тушиши мумкин. Шу боис қонунда  диний таълим муассасасидан ташқарида диний таълим бериш ноқонуний фаолият сифатида белгиланди. Қолаверса, қонунда, жамиятда турли ёт қарашларни тарғиб қилаётган гуруҳларнинг фаолияти, улар томонидан тарқатилаётган бузғунчи ғояларнинг салбий таъсиридан аҳолини ҳимоя қилиш мақсадида диний мазмундаги материалларни диншунослик экспертизасининг ижобий хулосасини олгандан кейин тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш белгилаб қўйилди.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, инсоний жамиятлар алоҳида тамаддунлар, яъни цивилизациялар негизида, муайян қадриятлар тизими пойдеворида ташкил топди. Уларнинг барчасида умумий фойда учун ҳаракат қилиш, ота-онани улуғлаш, оилавий ришталарни мустаҳкамлаш каби башарият учун умумий ҳисобланган қадриятлар мавжуд. Шу тариқа, динлар маънавият ва ахлоқ меъёрларини белгилади.

Мазкур қонун давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар такомиллашувига, ижтимоий тараққиётимиз жадаллашувига ва пировардида динлараро тотувликка хизмат қилади. Зеро, инсонга хос ҳалоллик, адолатпарварлик, бошқаларга озор бермаслик, қонунларга итоаткорлик каби энг олий қадриятлар айнан диний манбалардан илдиз олиб, ривожланган. Демак, ушбу пойдевор тўлақонли фуқаролик жамиятининг ривожланиши, ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади. 

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)

Янгиликлар категориялари