Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг байрам табриги

Азиз дўстлар, болалар, ёш авлод!

Сизларни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан чин қалбдан муборакбод этаман. Ҳар биримиз учун энг ёрқин, энг покиза ва гўзал хотиралар бевосита болалик даври билан боғлиқ. Ушбу давр ҳар бирингиз учун бутун дунё чегарасиз, осмон эса чексиз кўринадиган бир даврдир, шунингдек, ушбу давр сиз мўжизаларга чин дилдан ишонадиган ва ҳар бир бошланадиган янги кундан завқланиб яшайдиган вақтингиздир. Вақт ўтгани сайин болалик билан боғлиқ ҳиссиётлар маълум маънода инсондан узоқлашиши мумкин, бироқ биз ҳаётимиз давомида болалик таассуротларини ҳар доим ич-ичимиздан ҳис қиламиз. Шу сабабли, ушбу байрам нафақат ёш авлод учун, балки ёш авлодни ҳар томонлама ва баркамол ривожланиши учун масъул бўлган шахслар учун ҳам аҳамиятлидир.

Ушбу байрам бизнинг болалар олдидаги масъулиятимизни янада ошириб, унинг яшаш, таълим олиш, дам олиш ва бўш вақтини унумли ўтказиш билан боғлиқ ҳуқуқларини таъминлаш, уларни турли хил жисмоний ва психологик зўравонликлардан, мажбурий меҳнатдан ҳимоя қилиш зарурлигини эслатиб туради. Зеро, бола ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлаш инсонпарвар ва адолатли жамиятни шакллантириш учун зарур шарт-шароит сифатида намоён бўлади..

Бугунги жамиятимиз олдида турган асосий вазифа – фарзандларимизни ақлли, одобли, билимли қилиб тарбиялашдан иборатдир. Улар ишончли ҳимоя остида бўлишлари ва ўз ҳаётини муаккаммал даражада йўлга қўйишлари учун биз барча чора-тадбирларни амалга оширишимиз лозим. Юртимизда иқтидорли болалар жуда кўп. Азиз болаларим байрам муборак бўлсин, барча ишларингизга омад ва зафарлар, ҳаётингизга эса бахт, қувонч ва соғлик тилаб қоламан! Катталарнинг эътибори ва ғамхўрлиги, меҳри ва қайноқ тафти доимо ҳамроҳингиз бўлсин.

Ёш авлоднинг соғлом, бахтли бўлиши, маънавий ва ахлоқий жиҳатдан ривожланиши, шунингдек жамият учун фойдали инсон бўлиб вояга етишида ўз ҳиссасини қўшиб келаётган барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман.

 Алия ЮНУСОВА

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил