Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил танқид қилган меҳрибонлик уйи директори ҳамда омбор мудири ишдан олинди
Хабарингиз бор куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) расмий сайтида "Бола ҳуқуқлари бўйича вакил: Китоб туманидаги 5- Меҳрибонлик уйини тугатиш керак! Болалар жуда ёмон шароитда яшашмоқда" сарлавҳали хабар эълон қилинган эди.

Унда Китоб туманида жойлашган 5-Меҳрибонлик уйига Олий Мажлис Сенати Кенгашининг “Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг қонуний асосларини янада мустаҳкамлаш масаласини комплекс ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ўрганишда муассаса тарбияланувчилари учун етарли шароитлар яратилмаганлиги, муассаса жихозлари эскириб қолганлиги, тарбияланувчиларни соғлом овқатлантириш нормаларига амалга қилинмаётганлиги ҳамда озиқ-овқат омборхонаси санитария талабларига жавоб бермаслиги аниқланганлиги билдирилган.

Бош Прокуратура Ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, шахсан вилоят прокурори назорати остида текширилмоқда. Китоб тумани прокуратураси томонидан муассасада ўтказилган текшириш натижасига кўра, ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган муассаса директори ҳамда омбор мудири эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди, директор ўринбосари интизомий жавобгарликка тортилди, хўжалик мудири ва парҳез ҳамширасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик туғрисидаги кодексининг 53-моддаси (Санитария қонун ҳужжатларини бузиш) билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида Китоб туманидаги 5-Меҳрибонлик уйининг 66 нафар тарбияланувчиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилган.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати