Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг пойдевори
Жорий йилнинг 16 апрель куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази ва И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали билан ҳамкорликда талабалари учун “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг пойдевори” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Омбудсман Котибияти мутахассислари, ННТ вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва ОАВ иштирок этишди.

Тадбирда Давлат раҳбарининг “Инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ” деган эзгу ғоялари асосида Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини кафолатлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар, Омбудсман ваколатларининг кенгайиши ва мурожаатлар билан ишлаш механизмлари, жумладан, қийноқларга қарши курашиш борасидаги ислоҳотлар ҳақида сўз борди.

Сўнги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев ташаббуси билан халқимиз фаровонлиги йўлида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, ҳар бир фуқаро ва оила фаровонлиги, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари таъминланди.

Бугунги кунда мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш давлат ва жамият фаолиятининг устувор мезони этиб белгиланган. Фуқароларга давлат идораларига мурожаат қилиш борасида катта қулайликлар яратилган. Президентнинг Халқ қабулхоналари ишга тушди, ҳар бир ташкилот фуқароларни қабул қилиш ва уларга қулоқ солишни ўрганди.

Давра суҳбатида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори Акмал Саидов Ўзбекистоннинг инсон уқуқларини таъминлаш борасидаги сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётгани, шунингдек Ўзбекистоннинг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлгани ҳам тарихий воқеа сифатида баҳоланишини қайд этди.

Шунингдек тадбирда мамлакатимизда болалар меҳнати тўлиқ бартараф этилиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти йўлга қўйилгани ва унинг аҳамияти ҳақида сўз борди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова сўнгги йилларда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар тамонлама таъминлаш борасида амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди. Жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган йили қабул қилинган 70 дан ортиқ қонунларда ҳам инсон ҳуқуқлари устуворлик қилиши қайд этилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон фуқаролари қаерда бўлмасин, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилиш мақсадида “Меҳр-3” операцияси доирасида Суриядан 98 нафар фуқаро, асосан аёллар ва болалар Ватанимизга олиб келинган.

2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонлари билан 512 нафар фуқаро афв этилган. Уларнинг 316 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган, 196 нафарининг жазо муддати қисқартирилган. Улар томонидан билиб-билмай қилинган хатолари кечирилиб, соғлом ҳаётга қайтиш имконияти яратилган.

Омбудсман ўз сўзида Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинганидан буён, йилма-йил инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича жуда катта ютуқларга эришилганига урғу берди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўйилмаслигини таъкидлаганликлари, мазкур вазифа Давлат раҳбарининг Парламентга йўллаган мурожаатномасида ҳамда 2021 йилги “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам акс этганига эътибор қаратди.

Омбудсман фаолиятининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, Вакил ваколатлари кенгайтирилди, Омбудсман ҳузурида қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм йўлга қўйилиб, бу орқали жазони ижро этиш муассасаларида, тергов ҳибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилди.

Қайд этиш лозимки, Миллий превентив механизм нафақат қийноқларга қарши курашиш самарадорлигининг кафолати, балки халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузининг юксалишига ҳам хизмат қилувчи омилдир.

Омбудсман сўзларига кўра, Жорий йилнинг биринчи чораги давомида Миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик вакилларидан иборат экспертлар гуруҳи томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 25 га яқин мониторинг ташрифи амалга оширилди. Ўрганишлар давомида минг нафардан ортиқ маҳкум билан жамоавий учрашувлар ҳамда 217 нафар маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилган. Алоҳида қайд этиш жоизки, ушбу давр мобайнида Омбудсман номига маҳкум ва маҳбуслар ва уларнинг яқин оила аъзолари томонидан 57 та шикоят келиб тушган. Албатта, ушбу мурожаат эгалари билан мониторинг ташрифлари давомида учрашишиб, муаммоси қай даражада ҳал этилгани ҳам ўрганилади.

Давра суҳбати савол-жавобларга бой тарзда, эркин мулоқот шаклида ўтказилди. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили талабалар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб берди. Ушбу тадбир орқали иштирокчилар Омбудсманнинг ваколатлари ва унга келиб тушаётган мурожаатлар, инсон ҳуқуқларининг кафолатланиши борасидаги халқаро ва миллий тажриба ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлишди ва яна шу каби учрашувларни доимий равишда ўтказиш таклифини билдиришди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати