TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Навбатдаги семинар Қашқадарё вилоятида ташкил этилди
Жорий йилнинг 9 апрель куни Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори билан ҳамкорликда “Маҳкумларнинг ва қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро-ҳуқуқий нормалар” мавзусида ҳудудий семинар ўтказилди.

Қаршида бўлиб ўтган семинарда Омбудсманнинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили, вилоятдаги судьялар, прокуратура, ички ишлар, адвокатлар палатаси, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими органларидан жами 25 нафар вакиллар иштирок этишди.
Тадбирда семинар иштирокчиларига жазони ижро этиш тизимида ҳамда ушлаб турилган, қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турлари қўлланилишини олдини олиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида ахборот берилди.
Шунингдек, маърузачилар Миллий превентив механизмнинг халқаро ҳуқуқий асослари ва уни мамлакатда амалга оширишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот беришди.
Таъкидланишича, МПМни шакллантириш БМТ томонидан 1984 йил 10 декабрда қабул қилинган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 31 августдаги 130-I-сонли Қарори билан ратификация қилинган «Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг ўта шаф­қатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши Конвенция»нинг Факультатив протоколига асосан белгиланган. Мазкур Факультатив протокол асосида БМТнинг қийноқларни олдини олиш Қуйиқўмитаси (ҚОҚ) томонидан 2010 йил 15-19 ноябрда ўтказилган 12-сессия давомида “Миллий превентив механизмга тааллуқли Раҳбарий тамойиллар” ва унинг “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг ўта шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши Концепциясига Ёндашувлар” тасдиқланган. Халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда ушбу механизмга қуйидагича таъриф берилган.
Миллий превентив механизм - халқаро ва миллий мустақил органлар томонидан қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг ўта шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларини олдини олиш мақсадида озодликдан маҳрум қилинган шахслар сақланаётган жойларга мунтазам равишда ташриф  буюриш тизимини шакллантиришдир.
Шунингдек, ЕХҲТнинг қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазоларни тақиқлаш билан боғлиқ стандартлари ҳамда ёпиқ турдаги муассасаларда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши устидан олиб бориладиган жамоатчилик назорати бўйича хориж тажрибаси ўрганилди. МПМнинг халқаро ва Қозоғистон тажрибаси ҳақида иштирокчиларга эксперт Анара Ибраева маълумот берди.
Ўқув семинар давомида иштирокчиларга билим ва кўникмаларининг амалиётда қўлланилиши ҳамда қизиқтираётган бошқа саволларига ҳам жавоблар бериб ўтилди.
Семинар якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди.
“Маҳкумларнинг ва қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро-ҳуқуқий нормалар” мавзусидаги туркум ҳудудий семинарлар республика бўйлаб ташкил этилади. 


Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати