TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
COVID-19 ПАНДЕМИЯСИ ВАҚТИДА ВА УНДАН КЕЙИН ОМБУДСМАННИНГ ЎРНИ
Жорий йилнинг 2 апрель куни Таиланд Қироллиги Омбудсмани томонидан ташкил этилган “COVID-2019 пандемияси вақтида ва ундан кейин Омбудсманнинг ўрни” мавзусидаги халқаро вебинарда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) видео мурожаат билан иштирок этди.

Шунингдек, тадбирда Халқаро Омбудсманлар Институти раҳбари Питер Тиндалл, Халқаро Омбудсманлар Институти раҳбарининг биринчи ўринбосари Диана Велборн, Халқаро Омбудсманлар Институти раҳбарининг иккинчи ўринбосари Крис Филд, Халқаро Омбудсманлар Институти бош котиби Вернер Амон, Кариб ва Бермуд ороллари Омбудсмани Виктория Пирман, Австралия ва Тинч океани Омбудсмани Питер Бошир, Япония Ички ишлар ва алоқалар вазирлигининг маъмурий баҳолаш бюроси Директори Сугуру Шираива, Филиппин Омбудсмани Самуел Мартирес, Туркия Омбудсмани Шереф Малкоч ҳамда Таиланд Қироллиги Омбудсмани Виддхават Ражатанунлар ҳам видео мурожаат билан иштирок этди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўз видео мурожаатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан юртимизда коронавирус инфекциясига қарши курашиш юзасидан олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар юзасидан маълумотлар бериб ўтилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юртимизга коронавируснинг янги турини кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган Фармойиши қабул қилинганлиги, «Саховат ва кўмак» жамғармаси ташкил этилиб, “Темир дафтар” тизими жорий этилганлиги юзасидан маълумотлар берилди.

Шу билан бирга, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Парламентига йўллаган Мурожаатномасида ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгиланган Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) олдида турган вазифалар бўйича ҳам маълумот берилди.

Тадбир жараёнида хорижий давлатларнинг пандемия шароитида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги тажрибаси ўрганилди. Хусусан, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш, карантин қоидаларига риоя этиш, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги тажрибаси юзасидан фикрлар билдирилди.

Пандемия жараёнида Омбудсман институтларига электрон мурожаатлар сони ошганлиги барча иштирокчилар томонидан таъкидланди. Айниқса, кўплаб Омбудсманнинг веб сайтларида
COVID-2019 бўлими очилган бўлиб, пандемия билан боғлиқ мурожаатлар фақат шу бўлим орқали қабул қилинган ва мониторинг қилиб борилган.

Тадбирда пандемия билан боғлиқ маълумотларни фуқароларга етказишда очиқликни таъминлаш, хусусий корхоналарни инқирозга тушиб қолмаслиги ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан имтиёзли кредитлар ажратиш, меҳнат самарадорлигини ошириш мақсадида ходимлар учун махсус (пандемия шароитида қандай меҳнат фаолиятини олиб боришни ўргатувчи) қўлланма ишлаб чиқиш, фуқароларнинг жамоатчилик хизматларидан фойдаланишда ҳеч бир тўсқинлик бўлмаслигини таъминлаш, Омбудсман ва бошқа ташкилотларнинг меҳнат фаолиятига кўмак беришда волонтёрларни жалб этишни йўлга қўйиш каби таклифлар билдирилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати