TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил: “Меҳрибонлик” уйлари битирувчиларига берилаётган турар жойларнинг ҳаммаси ҳам талаб даражасида эмас
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг қонуний асосларини янада мустаҳкамлаш масаласини комплекс ўрганиш бўйича Ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.

Унда сенаторлар, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Сенат Кенгаши қарори билан тасдиқланган Ишчи гуруҳи аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган қатлам, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга таълим бериш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш ҳамда манфаатларини рўёбга чиқариш бўйича муайян ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида жорий йилда эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, шу жумладан, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этилиши, бунда жорий йилда биринчи марта 900 нафар чин етим ёшни уй-жой билан таъминлаш учун 50 млрд сўм маблағ ажратилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда сўз олган, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова 2020 йилда унинг бошчилигида олиб борилган мониторинг ташрифлари ҳамда бола ҳуқуқлари бўйича юборилган мурожаатлар таҳлили “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчиларини турар жой билан таъминланиши борасида камчиликлар борлигини қайд этди.

Олинган маълумотларга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 610 нафари турар жой билан таъминланган, 578 нафар эса бугунги кунда ҳам турар жойга мухтож бўлиб турибди.

Бундан ташқари, 2020 йил давомида, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда “Меҳрибонлик” уйлари битирувчилари томонидан Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига турар-жой берилмаганлиги ёки берилган турар жойлар уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги борасида 20 га яқин мурожаат келиб тушган.

Қонун ҳужжатларида белгиланган нормаларга асосан берилаётган турар жой бўш, алоҳида, қулай ва шинам бўлиши, белгиланган санитария ва техник меъёрларга, қонун ҳужжатларининг бошқа талабларига жавоб бериши лозимлиги ҳам белгиланган, бироқ кўп ҳолатларда ушбу норма талаблари бузулиши кузатилмоқда.

Ачинарлиси, ҳар бир келиб тушган мурожаат юзасидан муаллиф истиқомат қилувчи туман (шаҳар) ҳокими билан ўтказилган суҳбатда турар жой билан таъминлаш учун маблағлар йўқлиги (етишмаслиги)ни важ қилиб келтирмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2010 йил 11 октябрдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга тураржой сотиб олиш учун мақсадли трансфертлар, шу жумладан, бюджет маблағларини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 86-сон буйруғида ушбу масала ўзининг ечимини топган.

Шу билан бир қаторда, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда “Меҳрибонлик” уйлари битирувчиларини турар жой билан таъминламаслик, ўз навбатида бу тоифа шахслар доимий яшаш жойи бўйича рўйҳатдан ўтиши, иш жой билан таъминланиши ва тиббий ёрдам олишида ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.

Йиғилишда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил мазкур масала бўйича  прокуратура органлари ходимлари назоратни кучайтириши ва барча турар жойга муҳтож “Меҳрибонлик” уйлари битирувчиларини белгиланган талабларга мос уй-жой билан таъминлашга эришилиши кераклигини қайд этди.

Бундан ташқари, йиғилишда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида ушбу соҳани комплекс ўрганишни ташкил этиш бўйича олиб бориладиган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, жорий йил 5 майга қадар етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасидаги умумлаштирилган таклифлар ишлаб чиқилиши келишиб олинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати