TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Буюк Британия билан ҳамкорлиги янада мустаҳкамланмоқда
Жорий йилнинг 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлоу ҳамда Сиёсий масалалар ва жамоатчилик дипломатияси сектори бошлиғи ўринбосари Майкл Баумни қабул қилди.

Мамлакатимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлгани давлатимиз зиммасига юклатилган мажбуриятларни астойдил бажариш ва инсон ҳуқуқларини глобал миқёсда ҳимоя қилишга қатъий бел боғлаганидан далолатдир. Шу нуқтаи назардан учрашув давомида Ўзбекистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзолиги доирасида 2021-2022 йилларда биргаликда амалга оширилиши назарда тутилган режалар ва тадбирлар муҳокама этилди.

Шунингдек, Омбудсман Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўйилмаслигини таъкидлаганликлари, мазкур вазифа Давлат раҳбарининг Парламентга йўллаган мурожаатномасида ҳамда 2021 йилги “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида ҳам акс этганига эътибор қаратди ва бу борада олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтди.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Тим Торлоу

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қийноқларни олдини олиш борасидаги ташаббуслари ва олиб бораётган давлат сиёсатини ижобий баҳолайман. Чунки ҳозирги замонавий жамият ва давлатда қийноқларга умуман жой бўлмаслиги керак. Чунки улар инсон ҳуқуқларини фундаментал бузилишига сабаб бўлувчи омиллардан бири. Буюк Британияда 30 дан ортиқ махсус Омбудсманлар бор. Шу нуқтаи назардан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили билан суҳбат давомида ҳар иккала давлат Омбудсманларининг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида ўзаро тажриба алмашишлари бўйича қатор лойиҳаларни келишиб олдик. Қолаверса, шахсан ўзим ҳам Самарқанд ва Фарғонадаги минтақавий вакиллар билан учрашганман. Улар фаолиятини такомиллаштириш, малака ошириш, қолаверса, қийноқларни олдини олиш борасидаги ҳамкорлигимиз  борасида ҳам фикр алмашдик. Бугунги учрашувда Ўзбекистондаги Парламент Омбудсмани фаолияти, мурожаатлар билан ишлаш, Миллий превентив механизм доирасида ўтказилаётган мониторинг ташрифлари  билан яқиндан танишдим ва кўплаб маълумотларга эга бўлдим.

Учрашув давомида 2021 йилда Омбудсман томонидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида режелаштирилган ташаббуслар ҳамда 2020 йилда Вакил номига юборилган мурожаатлар таҳлили борасида ҳам ўзаро фикр алмашилинди. Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича

вакили (Омбудсман) Матбуот хизмати