Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман Феруза Эшматова АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм билан учрашди
Жорий йилнинг 9 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюмни қабул қилди.

Суҳбат давомида, Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида қийноқлар масаласига алоҳида эътибор қаратганлиги, Омбудсман институти зиммасига мамлакатимизда қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига қарши кураш, бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш бўйича қатор вазифаларни юклаш билан бирга унинг ваколатларини кенгайтириш масаласини ҳам илгари сураётгани қайд этилди.

Таъкидланишича, 2021 йилдан Омбудсман ҳузуридаги қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасалари, тергов хибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларга жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ иштирокида ўтказиладиган мониторинг ташрифларини тизимли йўлга қўйилгани ҳамда бу борада Парламентга мунтазам тарзда маълумотнома киритиб бориш амалиёти йўлга қўйилган.

Шунингдек, Вакил номига келиб тушган мурожаатларнинг ҳудудлар кесимидаги таҳлили асосида Омбудсман, парламент аъзолари, қолаверса, ижро органлари вакиллари билан биргаликда сайёр қабуллар ташкил этиш ҳамда муаммоларни жойида ҳал этиш режалаштирилмоқда.

Учрашувда Омбудсман Феруза Эшматова аҳолининг мурожаатлари билан ишлашда натижадорликка, ҳар бир мурожаат ечими топилишига асосий эътибор қаратилишини алоҳида қайд этди.

Дэниел Розенблюм — АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси

Бугунги учрашув мен учун жуда фойдали бўлди. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилдан Омбудсманнинг устувор вазифалари ҳақида кўп маълумотлар олдим. Омбудсман кўп ишлар амалга оширмоқда ва у инсон ҳуқуларини таъминлашда тобора муҳим рол ўйнамоқда. Жумладан, улар жазони ижро этиш муассаларига мониторинг ташрифларини амалга ошириб, маҳкумлар ҳуқуқларининг таъминланиши ҳолатини ўрганмоқда. Буларнинг бари халқаро нормалар асосида амалга оширилмоқда. Бу ишлар давом этмоғи лозим. Шунингдек, Омбудсманнинг фуқаролик жамияти ташкилотлари билан ҳамкорлиги доимий бўлиши лозим. Чунки бундай ташкилотлар халқ билан доимий мулоқотда бўлиб, уларнинг муаммолари ва шикоятларини ўрганади. Яна шуни айтмоқчиманки, бу демократия масалалари, халқаро инсон ҳуқуқларига риоя қилиш жараёнлари бирдан ҳал этиладиган масала эмас. Бу доимий давом этувчи жараёндир. Ҳамма давлатларда, жумладан АҚШда ҳам шундай. Биз АҚШда ҳам бу жараённи якунламаганмиз ва бундан кейин ҳам давом этади бу жараён. Биз эса такомиллаштириб бормоқдамиз. Энг муҳими, фуқароларнинг муаммоларига, шикоятларига доим қулоқ тутмоқ лозим. Уларга ечим топиш эса энг муҳим масаладир.

Учрашувда Ўзбекситоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзолиги доирасида 2021-2022 йилларда биргаликда амалга оширилиши назарда тутилган режалар ва тадбирлар муҳокама этилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати