Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман вакиллари ва журналистлар Зангиотадаги 1-тергов ҳибсхонасини текшириш учун борди
19 февраль куни Омбудсман бошчилигидаги экспертлар гуруҳи ва журналистлар иштирокида Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 1-тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилди.

Мониторинг ташрифида тергов ҳибсхонасидаги маҳбусларнинг яшаш тарзи, овқатланиш, меҳнат қилиш, тиббий ёрдам олиш шароитлари ва санитария-гигиена талабларига риоя этиш ҳолати ўрганилди. Бу ҳақда мониторингда қатнашган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Дастлаб, кузатувчилар муассасада маҳбусларнинг оила аъзолари билан қисқа ва узоқ муддатли учрашув, телефон сўзлашув учун мўлжалланган хоналарни кўздан кечирди.

Шунингдек, маҳбусларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам масаласи юзасидан ҳибсхонанинг ички тиббий бўлинмаси шифокори дори-дармон, ускуналардан камчилик ва муаммолар йўқлигини, қониқарли даражада шароитлар борлигини айтди.

Лекин, шифокорнинг айтишича, ҳибсхонада кадрлар масаласида муаммо бор.

«Белгиланган 47 штат ўриндан 5 та шифокор вакант ўрнимиз мавжуд. Ойлик маошимиз паст бўлгани сабабли, шифокорлар бу муассасада ишлашдан бош тортишмоқда», – дейди бўлинма шифокори.

У ўтган йили ҳибсхонада сақланаётган ва коронавирусга чалинган маҳбусларни 1-тергов ҳибсхонаси шифокорлари даволаган бўлса-да, уларга устама пуллари берилмаганини маълум қилди.

Тергов ҳаракатларини ўтказиш ва адвокат билан мулоқот қилиш учун мўлжалланган хоналарни кўздан кечириш жараёнида, бу тоифадаги хоналар видеокузатув воситалари билан жиҳозлангани ва адвокатлар исталган вақтда адвокатлик сўровномаси билан тергов жараёнларида тасвирга олинган видеоматериалларни талаб қилиб олиши мумкинлиги айтилди.

Бу ерда эркак ва аёллар алоҳида 4 кишилик хоналарда сақланади ва улар бир кунда бир маҳал сайр учун ҳовлига олиб чиқиб турилади.

Масъулларнинг айтишича, хоҳловчилар бўлса, ўзларининг хонасида ибодат қилишлари мумкин.

Айни вақтда бу ерда 1900 дан ортиқ маҳбус бўлиб, уларнинг сони доимий равишда ўзгариб туради. Яъни суд жараёнларидан сўнг маҳбуслар доимий колонияларга ўтказилиши ёки озод қилиниши мумкин.

Kun.uz'га интервью берган маҳбуслардан бири, бу ерда шароитлар яхши эканини, ҳибсхона ходимлари томонидан ҳеч қандай жисмоний ва руҳий тазйиқлар бўлмаётганини билдирди. Унинг айтишича, тозалик ва санитария масалалари хар битта маҳбуснинг ўзига боғлиқ, чунки тозаликни сақлаш учун маъмурият томонидан керакли тозалаш воситалари ажратилади.

Ташриф давомида Омбудсман котибияти мудири Саидбек Азимов бу муассаса жаҳон тажрибасини инобатга олган ҳолда лойиҳалаштирилганини айтиб ўтди.

«Ушбу муассасадаги фуқарони хатти-ҳаракати ҳали тергов ёки суд жараёнида бўлгани сабабли уни жиноятчи деб ҳисоблаб бўлмайди. Шунинг учун бу ерда ҳар битта тафсилотга алоҳида эътибор қаратилган.

Фуқаролар ушбу муассасага тушганда ғамгин муҳитдан стрессга тушишининг олдини олиш учун хоналарнинг кўриниши ёрқин рангларда бўялган, бинонинг ҳар бир бурчагига бир хил қуёш нури тушиши учун формаси юлдузча шаклида қурилган.

Бу муассаса биринчи, эксперимент тарзида фойдаланишга топширилган объект ҳисобланади, кейинчалик шундай объектлар босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам қурилиши кутилмоқда», – деди у.

манба: kun.uz