TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари билан биргаликда қийноқларни олдини олиш бўйича жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифларига старт берилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги Миллий превентив механизм доирасида фаолият олиб борувчи қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган Эксперт гуруҳи томонидан 2019 йилдан буён мониторинглар ўтказиб келинмоқда. Бу орқали эса жазони ижро этиш муассасалари, тергов хибсхоналари ва бошқа ёпиқ муассасаларда инсон ҳуқуқларининг таъминланиши бўйича Парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилишига эришилмоқда.

Ўтган 2020 йилда пандемия шароитида Омбудсман бошчилигида 42 маротаба жазони ижро этиш муассасалари, 9 маротаба вақтинча сақлаш ҳибсхоналар, 8 маротаба ички ишлар органлари, 6 маротаба тергов ҳибсхоналар, 5 маротаба маъмурий қамоққа олинганларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналар, 2 маротаба муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация этиш марказлари, 4 маротаба карантин мажмуаси ва коронавирус билан касалланганларни даволашга ихтисослашган марказларга мониторинг ташрифлари уюштирилган. Уларда жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган 4 000 нафардан ортиқ шахслар билан жамоавий, 578 нафар шахслар билан индивидуал учрашувлар ўтказилган эди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида қийноқларнинг олдини олишда Омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизими йўлга қўйилиши кераклигини алоҳида таъкидлаган эди.

Давлат раҳбари томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича назоратни кучайтириш, шунингдек жазони ижро этиш муассасалари, қамоқда сақлаш жойлари ва махсус қабулхоналар ҳамдашахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойлардаги мавжуд ҳолатни ўрганиш, уни ОАВ орқали кенг ёриш мақсадида, жорий йилнинг 29 январь куни Омбудсман ҳузурида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган Эксперт гуруҳи томонидан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш мақсадида Миллий превентив механизм доирасида 13 ва 7-сонли жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган Эксперт гуруҳи таркибига Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари буйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши буйича комиссияси аъзолари, жумладан Омбусдман Котибияти мудири Азимов Саидбек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази етакчи мутахассиси Музробов Давронбек “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ижрочи директори Маматханов Аскар,“Эзгулик” жамияти марказий бошқарув аъзоси Нурматов Бекзод, “Ҳуқуқий таянч” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Формонов Азамжонлар кирган.

13-сонли жазони ижро этиш муассасасига мониторинг ташрифи

Эксперт гуруҳи аъзолари Тошкент вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг яшаш, овқатланиш, меҳнат қилиш ва тиббий ёрдам олиш шароитлари ҳамда муассасаларда санитария-гигиена талабларига риоя этиш ҳолатларини ўрганишди.

Жиноят-ижроия кодексида белгиланган тартибга кўра, ҳар бир маҳкумга жазони ижро этувчи муассаса ёки орган маъмуриятига, бошқа давлат органлари ва жамоат бирлашмаларига ўз она тилида ёки бошқа тилда мурожаат этишлари, соғлиғини сақлаш, шу жумладан тиббий хулосага кўра амбулатория-поликлиника ва стационар шароитда тиббий ҳамда жазони ижро этиш муассасасининг психологик хизмат кўрсатиш ходимлари томонидан кўрсатиладиган психологик ёрдам олишлари, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ хавфсиз меҳнат шароитлари яратилиши керак.

Тошкент вилоятидаги 13-сонли жазони ижро этиш муассасасида ҳозирда 1 100 га яқин маҳкумлар жазо муддатларини ўтамоқда. Муассаса ҳудудида тикувчилик, дурадгорлик, юмшоқ мебель ясаш ва бошқа касб-ҳунарга ихтисослашган жами 14 та цех мавжуд. Маҳкумларга ишбай асосда хақ тўланиб, кунлик норма тўлиқ бажарилган тақдирда уларга кунига 29 минг сўм иш хақи ҳисобланади. Нормани ошириб бажарганларга кўпроқ ва аксинча кам ишлаганларга камроқ кунлик маош ҳисобланади. Муҳими белгиланган нормани тўлиқ бажара олмаганлик учун жавобгарлик белгиланмаган.

8 йилдан буён жазосини ўтаётган маҳкум билан яккама-якка суҳбатлашилганда ҳафтада 6 кун ишлаши ва якшанба дам олиш куни ортиқча мажбурий меҳнатга жалб этилмаслигини, меҳнат шароити ва иш ҳақи бўйича ҳеч қандай эътирози йўқлигини билдирди. Иш ҳақлари ҳақида сўралганида эса, буюртмага қараб 900 мингдан 1 млн сўмгача деб жавоб берди.

Маҳкумларнинг узоқ муддатли оилавий учрашувлари учун қулайликларга эга 16 та хоналар ажратилган. Колонияда 5 та телефон ўрнатилган бўлиб, график асосида маҳкумлар 10 дақиқагача яқинлари билан пуллик асосда гаплашишлари мумкин. 13-сонли жазони ижро этиш муассасаси масъулларининг сўзларига кўра, яқин кунларда маҳкумлар учун онлайн видеомулоқот қила олишлари учун ҳам имконият яратилади.

Қийноқларни олдини олиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида муассасага 80 та кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, яқин кунларда яна 640 дан ортиқ нуқталарга видеокузатув мосламалари ўрнатилиши режалаштирилган.

Мониторинг давомида жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган Эксперт гуруҳи аъзолари томонидан муассасаларда сақланаётган шахслар билан жамоавий ва якка тартибдаги учрашувлар ўтказилди.

Жамоавий учрашувлар давомида маҳкумларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил тўхталиб ўтилиб, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ҳолатлари юзага келган тақдирда Омбудсманга мурожаат қилишлари кераклиги тушунтирилди. Маҳкумлар билан ўтказилган якка тартибдаги қабулларда эса муассасада уларга қандай муносабатда бўлаётганликлари, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ ҳолатлар бор ёки йўқлиги, маҳкумлар учун яратилаётган шарт-шароитлар юзасидан фикрлар ўрганилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари буйича вакили (омбудсман) Котибияти мудири Саидбек Азимов, ушбу мониторинг давомида маҳкумлардан муассасада яратилган шароитлар ва қийноққа солиш масалаларида ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаганини қайд этди.

Миллий превентив механизм доирасида жазони ижро этиш муассасаларига ўтказиладиган республика бўйлаб мониторинг ташрифлари жадвали ишлаб чиқилган бўлиб, бу йилдан эътиборан, ушбу жараёнлар жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари билан биргаликда амалга оширилмоқда. Айтишим жоизки, маҳкумларнинг руҳий ҳолатларини, уларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда илк мониторинг тадбирига камроқ журналистларни жалб этдик ва албатта тасвирга олиш жараёнида ҳам кадрга тушишни истамаган маҳкумлар камера объективидан четлаштирилди. Мониторинг давомида маҳкумлар билан яккама-якка ўтказилган суҳбатларда ҳам мазкур муассасаларда уларга нисбатан қийноқ, руҳий камситилиш каби ҳолатлар бўйича мурожаатлар келиб тушмади. Қабулимда бўлганлар асосан, афв этилиш, озодликдан махрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари билан алмаштириш каби илтимослар билан мурожаат этишди.

Шунингдек, ташриф давомида эксперт гуруҳи аъзолари 2009 йилдан буён хизмат кўрсатувчи “Atlantic” реабилитация марказида ҳам бўлиб, маҳкумларга яратилган шароитлар билан танишишди.

Эксперт гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Ҳуқуқий таянч жамоат бирлашмаси раиси Аъзамжон Фармонов:

Бир вақтлар Ўзбекистон қамоқхоналаридан бирида Жаслиқ қамоқхонасида уйдирма айбловлар билан жазо муддатини ўтаб чиққанман. Ушбу Омбудсман ҳузуридаги комиссия аъзолари таркибида мени ҳам борлигим бу жуда бир катта сиёсий воқеа. Сабаби, кўпчилик одатда жазо муддатини ўтаётганимда ҳам давлат идораларидан кўп комиссиялар борган лекин, улар ўша зонани ичидаги аҳволни бизчалик ҳис қилмайди. Мен бугун шу 13 ва 7 сонли жазони ижро этиш муассасаларига келдим ва бу ердаги маҳкумларнинг яшаш шароитлари ва кун тартиблари билан танишиб чиқдим. Айрим маҳкумлар билан хаттоки, юзма-юз гаплашиш имкониятига эга бўлдим. Бу ердаги шароит ҳақиқатда, бундан 3-4 йил олдинги вақтларга нисбатан жуда кескин фарқ қилади. Уларни яшаш шароитлари яхшиланган ҳамда уларга турли хил касб эгаллаш билан боғлиқ имкониятлар тақдим қилинган. Мен жазони ижро этиш жойида асосий эътибор берган нарса бу – руҳий ва жисмоний қийноқлар қай ҳолатда? Бугунги кунда бирор бир маҳкумдан руҳий жисмоний қийноқлар ҳақида эшитмадим. Тўғри, биз мукаммал равишда ҳар бир маҳкум билан гаплашиб ўргана олмадик, лекин қисман бўлсада ўргандик, мониторингларимиз ҳали давом этади. Айнан бутун дунёҳамжамияти, халқаро ташкилотлар томонидан  Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларида ҳамон руҳий ва жисмоний қийноқлар давом этаётгани ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда эълон қилиб борилади. Ўйлайманки, келгусида айнан шундай хабарлар бўйича ҳам жойига чиқиб, ҳолатни ўрганамиз.

Мен айнан Жиноят кодексининг 159, 244 моддалари билан жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар билан ҳам суҳбатлашдим. Ўзимни собиқ маҳкум эканлигимни, қийноқлар бўлаётган бўлса тортинмасдан гапириб беришлари мумкинлигини айтганимда, улар ҳозир аввалгидек қийноқлар йўқлиги, фақат озодлик етишмаётгани, ўз оилаларини соғинганликларини билдиришди. Ҳақиқатда ўзим айланиб уларни яшаш шароитлари, озиқ-овқати ва бошқа шароитларни кириб ўргандим ва ҳеч қандай қониқарсиз ҳолатни учратмадим.

Таъкидлаш жоизки, маҳкумлар ўзига нисбатан тазйиқ ёки бошқа ноқонуний ҳолат бўйича ўз вақтида мурожаат қила олишлари учун ҳар бир жазони ижро этиш муассасаларида “Омбудсман қутиси” ўрнатилган бўлиб, уни фақатгина шахсан Омбудсман мутахассислари очиш ҳуқуқига эга.

Мониторинг ташрифи давомида, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти мудири С.Азимов жазони ижро этиш муассасаларида ўрнатилган “Омбудсман қутиси”га келиб тушган мурожаатларни шахсан қабул қилиб олди.

Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли муассасалар раҳбарларига зарурий тавсиялар берилди.

Омбудсман ҳамда Омбудсман ҳузурида жамоатчилик вакилларидан иборат бўлган Эксперт гуруҳи томонидан жазони ўташ муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида мониторинглар давом эттирилади.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича

вакили (омбудсман) Матбуот хизмати