Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман Халқ таълими вазирлигини ҳушёрликка чақиради

 

     Хабарингиз бор, 2020 йилнинг 30 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Бўка тумани 15-сонли Меҳрибонлик уйида олинган видеотасвирлар тарқалган эди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова ва Омбудсман мутахассислари ҳолатни ўрганиш мақсадида Бўка тумани 15-сонли Меҳрибонлик уйига ташриф буюрди.

    Маълум бўлишича, 137 нафар болалар тарбияланаётган ушбу муассасанинг собиқ директори 2013-2016 йилларда раҳбарлик фаолияти давомида молиявий камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли 2017 йилда Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Бекобод шаҳар судининг ҳукмига кўра айбдор деб топилган.

    Буни қарангки, аввал жиноят иши қўзғатилган ва айбдор деб топилган шахс 2020 йилнинг 14 декабрида яна шу муассасага директор вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайнланган.

   Орадан кўп вақт ўтмай, 2020 йилнинг 23 декабрь куни Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси А.Акмаловни вазифасидан озод қилиш бўйича буйруқ чиқарган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирлар ушбу буйруқ ҳақида Меҳрибонлик уйи жамоаси таништирилаётган вақтда, яъни, 2020 йилнинг 24 декабрида тасвирга олинган. Унда собиқ директорнинг ўз лавозимида қолишини сўраган баъзи ходимларнинг фикрлари акс этган. 

    Меҳрибонлик уйининг баъзи ходимлари билан суҳбатлашилганда улар муассасага келтирилган ҳомийлик ёрдамлари ва маблағларининг ноқонуний тақсимотидан норози эканликларини ҳам маълум қилишди.

   Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусованинг таъкидлашича, муассасада юзага келган ҳолат тарбияланувчиларнинг руҳияти, соғлиги, сифатли таълим-тарбия олишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу эса, ўз-ўзидан уларга ижодий ва интеллектуал қобилиятларини ривожлантириш учун уй шароитига максимал даражада яқинлаштирилган муҳит яратилишига имкон бермайди.

    Давлат томонидан ажратилаётган маблағлар, совға-саломлар, кўнгилли тадбиркорлар томонидан юборилаётган ҳайриялар ўз манзилига, яъни болалар қўлига тўлиқлигича етиб бормаётганлиги тўғрисидаги маълумотларга тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан баҳо берилиши керак. Агар шундай бўлса, бу жуда ачинарли... Бу масалага Халқ таълим вазирлигини аниқлик киритиши мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.

    Аслида Меҳрибонлик уйи директори ҳамда тарбиячилари кўнгли ярим болаларга ота-онадек муносабатда бўлишлари керак. Бу муассасада болалар кимдан ўрнак олсин?Уларни муассасага раҳбар тайинлаш масаласига жалб этилганлиги ҳам умуман нотўғри. Ушбу ҳолатдан Халқ таълими вазирлигидаги раҳбар ва ваколатли шахслар тегишли хулоса чиқаришади.

    Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ходимлари меҳрибонлик уйларида ўтказилиши режалаштирилган мониторинг-назорат фаолиятини янада кучайтиради. Хусусан, бугун ҳам Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бошчилигидаги Омбудсман ходимлари томонидан Тошкент шаҳар, Юнусобод туманидаги 23-сонли Меҳрибонлик уйида мониторинг амалга оширилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)

Матбуот хизмати