Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қамоққа олинган шифокор Гулжаҳон Йўлдошева билан учрашув ўтказилди
Жорий йилнинг 3 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) котибияти ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг масъул ходимлари томонидан Ички ишлар вазирлигининг 1-сон тергов ҳибсхонасига ташриф амалга оширилди.

Ташриф жараёнида қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилиб мазкур ҳибсхонада сақлаб турилган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида, Г.Йўлдошева коронавирусга чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн. сўм маблағни талон-тарож қилишда айбланиб, дастлабки тергов органлари томонидан қамоққа олинганлигини, бундан ташқари унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилишига тергов ва суддан яшириниши мумкинлиги ҳам инобатга олинганлигини маълум қилди.

Шунингдек, Г.Йўлдошева 6 нафар вояга етмаган (энг кичик фарзандлари 3 ва 2 ёшда) фарзанди борлигини, энг аввало она эканлигини, тергов ёки суддан яширинишга уринмаганлигини, шу билан бирга, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси фаолияти юзасидан текширув ва унга нисбатан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари бевосита ўзининг иштирокида, холисона кўрилишини таъминлашда, ўзига нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасини ўзгартирилишида амалий ёрдам сўради.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Г.Йўлдошеванинг қарамоғида вояга етмаган фарзандлари борлигини инобатга олиб, унга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чорасини инсонпарварлик тамойили асосида ўзгартириш бўйича тергов ва суд органларига мурожаат қилади.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича

вакили (омбусдман) Матбуот хизмати