Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ўзбекистонда олиб борилган гендер сиёсати инсон ҳуқуқлари кафолатланишининг муҳим мезони
Бош қомусимиз ҳисобланмиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясида хар иккала жинс эгаларининг тенглиги кафолатланган. Юртимизда йил сайин юқори лавозимларда ишловчи аёллар сони ортиб бормоқда, бу борада 2019 йилнинг 2 сентябрь куни Давлатимиз раҳбари томонидан Ҳаракатлар стратегияси доирасида бу борада муҳим қадам бўлди. Яъни Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунни имзоланиб, гендер тенгликни таъминлаш масаласига давлат сиёсати даражасида қаралмоқда. Мазкур қонунига асосан ушбу соҳадаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, шунингдек давлат органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилиши белгиланди. Шунингдек, хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида ҳақиқий тенгликка эришиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида уларнинг иштирокини кенгайтириш, жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш мақсадида давлат томонидан гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар кўрилиши назарда тутилди.

Инсон ҳуқуқларининг поймол этилишига қарши яна бир муҳим қадам сифатида Давлат раҳбарининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан жамиятда аёлларни хўрлаш ва қадрсизланишларига қарши муросасизлик муҳитини яратиш вазифаси давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Аслида гендер тенглик, яъни эркаклар ва хотин-қизлар тенглиги инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, бу омил энг юқори даражадаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тараққиётнинг ҳам негизидир. Чунки мутахассисларнинг фикрича, фақат эркаклардан иборат жамоага нисбатан 50/50 фоиз эркак ва аёллардан иборат меҳнат жамоалари, айниқса агар улар ақлий меҳнат билан банд бўлса, бир неча баробар юқорироқ натижа кўрсатар экан. Қолаверса гендер тенглик – бу мамлакатнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи индикатор. Демак, ривожланган мамлакатлар қаторига қўшилиш, юртимизга тобора кўпроқ инвестициялар жалб қилиш учун ҳам шу индикаторга етарлича аҳамият беришимиз керак.

Бу борада доимий, кўламдор ва салмоқли натижаларга эришиш учун эса умумий режа кўринишидаги ҳужжат, оддий тил билан айтганда, дастурул амал керак. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда айнан шу ҳужжат – 2020–2030 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу тарихий ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган мамлакатни ривожлантиришнинг устувор вазифалари, ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадлар ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Унда гендер тенгликни таъминлашнинг асосий тамойиллари қаторида қонунийлик, демократия, очиқлик ва ошкоралик принциплари белгиланган.  Ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳақиқий тенглигини таъминлашга қаратилган мазкур ҳужжат тез орада жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиниб, у бўйича кенг муҳокамалар ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда турли даражадаги давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1500 нафардан ортиқ, шу жумладан вазирлик ва идораларда, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларида хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда. Давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини ошириш мақсадида 6 мингдан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилди. Ҳозирги кунда уларни турли раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича тизимли ўқувлар ташкил этилмоқда Ички ишлар вазирлиги тизимида 16 нафар аёл раҳбарлик, 6 нафар аёл ҳокимлик лавозимини эгаллади. Турли даражадаги давлат мукофоти совриндорлари бўлган хотин-қизлар сони 2 минг 224 нафарга етди. Бугунги кунга қадар 577 нафар аёл “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентда хотин-қизлар сони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Мамлакатимиз парламенти хотин-қизлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилди. Мамлакатимизда тадбиркор ва фермер хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш борасида қўшимча кафолатлар берилди.

Катта компаниялар ва нодавлат ташкилотлар ходимларининг умумий сонидаги хотин-қизлар улушида деярли тўлиқ гендер тенглик таъминланган бўлиб, 2019 йилда кўрсаткичлар 49,5 фоизга етди. Шунингдек, мамлакатимизда мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектларининг 20 фоиздан ортиғига хотин-қизлар раҳбарлик қилмоқда.

 Шу билан бир қаторда, Стратегияда таъкидлаб ўтилганидек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида мамлакатимизда “Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалари” қабул қилинган. Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги 5-мақсад – “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”дир. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва бошқа чораларни қамраб олади. Ушбу вазифаларни бажариш учун барча давлат органлари ва ташкилотлари, муассасалари, шунингдек давлат аҳамиятидаги жамоат ташкилотлари масъул.

Шу билан бирга, хотин-қизларнинг давлат ва жамият қурилишидаги иштирокини кенгайтириш, ижтимоий-иқтисодий, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эътиборни кучайтириш талаб этиладиган масалалар мавжуд. Жумладан, хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг даражада давлат ва жамият бошқарувига оид долзарб масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишда иштирокини кенгайтиришни таъминлаш лозим.

Шу нуқтаи назардан, Гендер тенглика эришиш Стратегиясига асосан, узоқ истиқболдаги мақсадли вазифалардан келиб чиқиб, гендер тенгликка эришиш бир қатор устувор йўналишларда амалга оширилади. Давлат хизматида, ижтимоий-иқтисодий, оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси соҳасида, сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш шулар жумласидан.  Шунингдек, стратегияда гендер тенгликни таъминлаш тадбирларини ҳисобга олган ҳолда давлат дастурларини бюджетлаштириш ва молиялаштириш ҳар кўзда тутилган.

Гендер стратегиясини амалга оширишдан салмоқли натижаларга эришиш кутилмоқда. Хусусан, юқори ва қуйи тизимдаги давлат органларининг раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни тайинлаш амалиётини кенгаяди. Гендер номутаносиблик мавжуд бўлган давлат органларида вақтинчалик квоталаш тизимини жорий қилиш орқали хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги мутаносиблик таъминланади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган, айниқса қишлоқ жойларидаги оилалардаги хотин-қизларни иш билан таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш, шунингдек ўзини ўзи банд қилишга эришилади. Энг асосийси – хотин-қизларга нисбатан иш жойларидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олди олиниб, жамиятда хотин-қизларга нисбатан шаклланган салбий қарашларга барҳам берилади. Бу – кутилаётган натижаларнинг бир қисми, холос. Мазкур Стратегиянинг муваффақиятли амалга оширилиши барча ҳамкорлар ва турли даражадаги масъулларнинг фаоллигини талаб қилади. Белгиланган даврда Стратегия мақсадларига эришиш аввало мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиётини жадаллаштириш, демакки халқ фаровонлигини юксалтиришга, жамиятдаги кўплаб муаммоларни ҳал қилишга, кундалик ҳаётимизнинг янада яхши томонга ўзгаришига хизмат қилади.

Феруза Эшматова,

Олий Мажлиснинг Инсон  ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)

Янгиликлар категориялари