Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Миллий превентив механизм — жаҳон стандартларига мос ҳимоя тизими
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳаларида гумонланувчини қийноққа солиш ҳолатлари ҳали ҳам учраб тургани жиддий танқид остига олиниб, бу муаммоларни бартараф этиш борасида олдимизда турган муҳим вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича ваколатларини кенгайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, омбудсман ва жамоатчилик вакилларининг тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига биргаликдаги мониторинг ташрифлари тизими йўлга қўйилиши билан боғлиқ устувор вазифалар қўйилди.

Шахсга нисбатан қийноқлар, бошқа шафқатсиз ёки унинг шаънини камситувчи жазо ва муомала шакллари инсон ҳуқуқларининг энг қўпол равишда бузилиши экани умумэътироф этилган ҳақиқатдир. Қайси соҳа бўлишидан қатъи назар, қийноқ элементининг учраши инсон ҳуқуқларининг кафолатланмаётганидан далолат беради. Шунинг учун халқаро ҳамжамият томонидан инсониятга қарши жиноятлар орасида айнан қийноқ ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаблар билан курашишга алоҳида устуворлик берилади.

Айниқса, иши тергов жараёнида бўлган ёки суд ҳукми билан жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг ёпиқ муассасаларда сақланиши қийноқ ҳолатлари юзага келиши учун шароит яратиши мумкин. Озодлиги чекланган маҳкум ва маҳбусларнинг айрим ҳуқуқлари ҳам чекланади. Лекин давлат уларнинг шаъни, қадр-қимматини камситиш, руҳий босим ўтказиш ёки бошқа жисмоний қийноққа солинишига йўл қўймаслиги лозим. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибати жуда жиддий бўлгани учун уларни бартараф этиш эмас, балки айнан олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.

Жамиятга шундай ижтимоий институт зарурки, унинг вакиллари жазони ижро этиш муассасалари, қийноқлар хавфи бўлган бошқа муассасаларни турли идоралар томонидан чекловларсиз, эркин тарзда бориб кўриш имкониятига эга бўлиши лозим. Ушбу институт ўз вазифаларини бажариши учун зарур бўлган асосий шароитларни таъминлаш зарур.

2019 йилда илғор халқаро тажрибаларга асосланиб, омбудсман ҳузурида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизмнинг йўлга қўйилгани ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилмоқда. Аҳамиятлиси, мониторинг ташрифларига нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларини жалб этиш орқали маҳкумлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича жамоатчилик назорати ўрнатилишига эришилмоқда. Шунингдек, жорий этилган ушбу механизм Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – омбудсманнинг ваколатларини кенгайтирди.

Миллий превентив механизмнинг жорий этилиши нафақат қийноқларга қарши курашиш самарадорлигининг кафолати, балки халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузининг юксалишига ҳам хизмат қилувчи омилдир. Шунинг учун ушбу тизимни такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастурида қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгилангани айни муддао бўлди.

Шу ўринда рақамларга мурожаат қилсак. 2021 йилнинг биринчи чорагида омбудсман номига давлат идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган жойларда сақланаётган шахслардан 57 та шикоят келиб тушди. Албатта, ушбу мурожаат эгалари билан мониторинг ташрифлари давомида учрашилиб, муаммоси қай даражада ҳал этилгани ҳам ўрганилади.

Жорий йилнинг биринчи чораги давомида Миллий превентив механизм доирасида фаолият кўрсатувчи жамоатчилик вакилларидан иборат экспертлар гуруҳи томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга йигирма бешга яқин мониторинг ташрифи амалга оширилди. Ўрганишлар давомида минг нафардан ортиқ маҳкум билан жамоавий учрашувлар ҳамда 217 нафар маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.

Мониторинг ташрифлари давомида маҳкумларни қамоқда сақлаш шароитлари, яъни яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш ва тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, маҳкумлар учун маънавий-маърифий ишлар ҳамда коронавирус пандемияси даврида санитария-гигиена талабларига риоя этилаётгани, таълим-тарбия бериш ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилди.

Ўрганиш давомида жазони ижро этиш муассасаларида бир қатор камчиликлар ҳамда ўз ечимини кутаётган муаммолар аниқланди. Жумладан, ишлаб чиқаришда меҳнатга жалб қилинган маҳкумлар махсус кийим-бош, пойабзал, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминланиши белгиланган бўлса-да, мониторинг ўтказилган муассасаларда бу талаблар тўлиқ бажарилмаган. Айрим манзил колонияларнинг баъзи бир бўлинмалари таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани учун маҳкумларни сақлаш шароитлари талабга жавоб бермаслиги аниқланди.

Бундан келиб чиқадики, ўрганадиган масалаларимиз талайгина ва бунда жиноят ишларини юритишнинг юқорида санаб ўтилган босқич ва жараёнларини такомиллаштириш, бу жараёнда қийноқларга йўл қўймаслик борасида тегишли чоралар кўриш талаб этилади. Бу эса тегишли қонунчилик базасини такомилига етказиш вазифасини кўндаланг қўяди. 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ҳимояси жаҳон стандартлари асосида мустаҳкамланишига хизмат қилади. Шу боис, бу борада кўзланган эзгу мақсадларга эришиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш йўлидаги ишларни изчил давом эттирамиз. Биз қийноққа қаршимиз!

Феруза ЭШМАТОВА,

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)