Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсониятнинг бугуни ва эртанги фаровонлигига йўналтирилган муҳим ташаббуслар
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясинингяқиндабўлиб ўтган 76-сессияси ўз мазмуни ва долзарблиги жиҳатдан тарихий аҳамият касб этди. Коронавирус пандемияси, мисли кўрилмаган иқлим муаммолари, Афғонистонда ҳокимият ўзгариши ва бошқа инқирозлар давлатлар ўртасида мунтазам мулоқотни кучайтириш муҳимлигини англатмоқда. Зеро, БМТ Бошкотиби Антонио Гутерешнинг сўзларига кўра, инсонларда ишонч ва умидни ўйғотиш учун мамлакатларнинг ҳамкорлиги, мулоқоти ва ўзаро тушуниши муҳимдир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида 21 сентябрь куни бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси доирасидаги умумий мунозараларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев видеомурожаат билан сўзга чиқди. Давлатимиз раҳбари  бу сафарги чиқишида глобал офатга айланган COVID-19 пандемияси ва унинг нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки маънавий-сиёсий оқибатларига урғу берди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва Бош Ассамблеянинг расмий ҳужжати сифатида тарқатилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги Кодекс мамлакатимизнинг ушбу мураккаб вазиятдан турлиталофатларсиз чиқиш борасидаги қўшган амалий ҳиссаси бўлди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида сўзлаган нутқида қатор муҳим ташаббусларни илгари сурганди.Шужумладан, БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш ташаббусини илгари суриб, унда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозимлигига эътибор қаратди. Мазкур Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги кодекс  БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида чоп этилди. Ҳужжат БМТнинг олти расмий тили - араб, хитой, инглиз, француз, рус, испан тилларига таржима қилинди, БМТга аъзо давлатлар, Ташкилотнинг ихтисослашган муассассалари ва агентликларига тарқатилди. Бундан аввалроқ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ўзбекистоннинг пандемияга қарши глобал саъй-ҳаракатларга қўшган ҳиссасини олқишлаган эди. Бу эса, мамлакатимизнинг пандемияга қарши курашга қўшган хиссаси қанчалик муҳимлигининг яна бир исботи.

БМТ томонидан эълон қилинган Кодексда пандемияларга қарши глобал миқёсда жавоб чора-тадбирлари кўриш бўйича халқаро ҳамкорлик бирдамлик, очиқлик, ўзаро ёрдам ва энг муҳими, инсон ҳуқуқларини таъминлаш тамойилларига асосланишининг муҳимлиги таъкидланган.

Ҳужжатда пандемиялар даврида мамлакатлар олдидаги хавф-хатарларнинг олдини олиш ва уларни камайтириш бўйича ихтиёрий мажбуриятлар мустаҳкамланиб, хусусан, асосий чора-тадбирлар санаб ўтилган. Умумий қабул қилинган меъёр ва стандартларга мувофиқ, тиббий ёрдамдан тенг фойдаланишни таъминлаш, соғлиқни сақлаш муассасаларини жиҳозлаш, аҳолининг санитария-эпидемиологик фаровонлигини таъминлаш, уни зарур ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш билан таъминлашга масъул бўлган хизматлар салоҳиятини кучайтириш ва бошқа муҳим чора-тадбирлар шулар жумласидандир. Бу айниқса инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан муҳим. Чунки, соғлиқни сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш – ҳар бир одамнинг ҳуқуқи, қолаверса, унинг ҳаёти дахлсизлигининг негизи ҳисобланади.

Қолаверса, мазкур кодексда асосий чора-тадбирлардан бири сифатида инсоннинг асосий ҳуқуқлари чекланишининг олдини олиш, меҳнат муҳожирлари, кўчирилганлар ва қочқинларнинг ҳуқуқларини улар бўлиб турган мамлакатларда кафолатлаш, шу жумладан, ишсиз қолган меҳнат муҳожирларига моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларининг ўз ватанларига қайтиши учун транспорт ва транзит йўлаклари ишлашини таъминлаш масаласи ҳам белгилаб қўйилган эди.

Пандемия шароитида ҳар бир давлат мамлакат ичкарисидаги ўз фуқароларига енгилликлар ва имтиёзлар бериш орқали уларни қўллаб-қувватлаши мумкин. Лекин мамлакат ташқарисидаги фуқаролар ҳуқуқларини таъминлашосон бўлмайди. Кодексда ушбу норманинг акс этиши эса, чет элдаги фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш сари босилган муҳим қадамлардан ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонга қайтган меҳнат мигрантлари сони 2020 йилда 508 688 нафарни ташкил этган бўлса, 2021 йил биринчи чорагида ушбу кўрсаткич 32 888 нафар ташкил этмоқда. Ушбу рақамлар юртимизда инсон омилининг юқори даражага қўйилганидан далолатдир.

21 сентябрь куни Давлатимиз раҳбари дунёнинг бош халқаро минбаридан туриб инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларимизнинг асосини ташкил этаётганлигини баралла таъкидлаб ўтди. Бу бежиз эмас, зеро сўнгги тўрт йил мобайнида мамлакатимизда айнан инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида тарихий қадамлар қўйилди. Хусусан, Омбудсман институтининг мустақиллигини таъминлаш, унинг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш йўналишида чинакамига босқичма-босқич кенг кўламли ислоҳотларамалга оширилди. Бу йўналишда Давлатимиз раҳбарининг қатор қарор ва фармонлари, ҳукуматнинг тегишли қарорлари қабул қилинди. Қолаверса, бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш йўлида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори ушбу йўналишда муҳим қадам бўлди.

Айниқса, Давлат раҳбарининг жорий йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ушбу институт фаолиятини сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқади. Унга кўра Омбудсман ўз олдида турган вазифаларини самарали амалга ошириши учун қўшимча кафолатлар белгиланди, унинг минтақавий вакиллари фаолиятини доимий асосда йўлга қўйиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур БМТ минбаридан қилган чиқишида башарият тараққиётига хизмат қилувчи аниқ таклиф, ғоя ва ташаббусларни илгари суриш орқали мамлакатимиз позициясини янада мустаҳкамлади. Хусусан, пандемиядан кейинги даврда жаҳон иқтисодиётини қайта тиклаш муаммоларини ўрганиш, камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга тадбиқ этишга бағишланган Халқаро конференцияни Тошкентда ўтказиш таклиф этилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда – қадимий Самарқанд шаҳрида мунтазам ўтказилаётган Инсон ҳуқуқлари мулоқотлари доирасида Глобал таълим форумини ташкил этилишини билдирди.

Шу билан бирга, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шаф́елигида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида 2023 йили Ўзбекистонда Атроф-муҳит бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юқори даражадаги Олтинчи Ассамблеясини ўтказиш таклиф этилди. Ушбу Ассамблеяда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология Хартиясини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.

Шуниси эътиборлики, Давлат раҳбари шу каби муҳим глобал ғояларни илгари сурар экан, доимо оддий инсонларнинг позицияси ва манфаатларидан келиб чиқади. Айниқса ислоҳотлар самараси халқимиз ҳаётида, турмуш тарзида сезилаётгани уларнинг келажагига бўлган ишончини янада орттиради. Инсониятнинг бугуни ва эртанги куни ҳақидаги ғамхўрликка йўғрилган бу ташаббусларнинг барчаси одамларнинг тинч-тотув, тараққий топган, фаровон ва  хавфсиз ерда яшаш, ўз интилишлари ва салоҳиятини рўёбга чиқаришга бўлган ҳуқуқининг таъминланишига хизмат қилади.

 Феруза ЭШМАТОВА

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)