Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамиятда адолатни қарор топтириш фаолиятимизнинг бош мезони бўлади
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилганидек, мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотларнинг самарасини ҳар бир инсон ўз ҳаётида ҳис этиши учун қабул қилинаётган ҳужжатлар ижросини ўз вақтида ва самарали таъминлаш, жамиятимизнинг бошқа соҳалари каби инсон ҳуқуқлари муҳофазасига йўналтирилган чора-тадбирларни ҳам замон талабидан келиб чиқиб тубдан такомиллаштириш бугунги куннинг муҳим талабидир.

Бу вазифа Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - омбудсман зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди.

Айтиш керакки, фуқаролар мурожаатлари ва шикоятларни кўриб чиқиш ва уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, инсон ҳуқуқларини кафолатловчи қонунчилик базасини мустаҳкамлаш борасида фаолият юритувчи омбудсман тузилмаси мамлакатимиз ҳуқуқ тизимида алоҳида ўрин эгаллади.

Бошқа тузилмалардан фарқли ўлароқ, омбудсман нафақат қонунийлик, балки самарадорлик, мақсадга мувофиқлик, виждон ва адолат нуқтаи назаридан фаолият кўрсатади.

Мазкур институт фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги қонун Марказий Осиё бўйича биринчи бўлиб Ўзбекистонда қабул қилинган. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида эса ўтган 4 йил давомида илғор хорижий давлатлар тажрибаси, нуфузли халқаро ташкилотларнинг тавсия ва таклифлари асосида парламент омбудсмани ваколатлари янада кенгайди.

2015-2020 йиллар давомида омбудсманга 68 197 мурожаат келиб тушган. 2020 йилнинг ўзида “Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига биноан, омбудсман томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасидаги аниқланган қонунчиликни бузиш ҳолларини, уларга хизмат қилувчи сабаб ва шароитларни бартараф этиш бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига 21 та тақдимнома киритилган.

Шу ва бошқа йўналишларда бундан буён ҳам изчил ишлар давом эттирилади. Шунинг баробарида янги Ўзбекистон барпо этиш босқичида олдимизда турган вазифаларнинг тўлиқ ижроси диққат марказимизда бўлади. Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш вазифаси шулар жумласидан. Бу масалага давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида ҳам алоҳида урғу берилди. Хусусан, қийноқларнинг олдини олишда омбудсман ваколатларини кенгайтириш, шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш зарурати қайд этилди. Бунда омбудсман томонидан ҳар чоракда жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига мониторинг ташрифлари амалга оширилиб, аниқланган ҳолатлар ва муаммолар, ечимлари бўйича Олий Мажлис палаталарига ўз маърузасини тақдим этиб боради.

Бу жуда муҳим, зеро  инсон ҳуқуқ ва эркинликларини поймол этишнинг энг қўпол ва кечириб бўлмайдиган шакли ҳисобланадиган қийноқлар дунё миқёсида аксарият қонунлар билан тақиқланганки, бу тақиқнинг бузилиши юридик жиҳатдан мутлақо оқлаб бўлмайдиган ҳолатдир. Шу жиҳатдан омбудсман ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан маҳкумлар ва жиноят содир этишда гумон қилинаётган шахсларга нисбатан ноқонуний таъсир чоралари қўлланилиши ҳақидаги шикоятларга алоҳида эътибор қаратади.

Умуман, кейинги 4 йил мобайнида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида кўплаб ибратли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2019 йилда Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – бизнес омбудсман, 2020 йилнинг февраль ойида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди. Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида “Болалар омбудсмани тўғрисида”ги қонунни қабул қилишнинг ҳам вақти-соати етгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Бу ҳам омбудсман институти олдида турган муҳим вазифа бўлиб, уни амалга оширишда биз, аввало, миллий қадриятларимиз, қолаверса, халқаро тажрибага таянамиз.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими институционал базасининг кенгайтирилиши ва мустаҳкамланиши ушбу йўналишдаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш йўналишида кейинги йилларда бажарилаётган ишларнинг натижаси бўлди. Жумладан, Президентимизнинг 2020 йил 22 июндаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши мазкур йўналишда қўйилган яна муҳим қадам бўлди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган ушбу муҳим ҳужжатда ҳам омбудсман фаолиятига бевосита алоқадор вазифалар белгиланган. Жумладан, омбудсман ўз фаолияти ва тажрибасидан келиб чиқиб, тегишли таклифлар киритган ҳолда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни такомиллаштиришга ўз ҳиссасини қўшади.

Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияда жиноятчиликнинг, айниқса, одам савдоси, коррупция, қийноққа солиш, уюшган ва трансмиллий жиноятчиликнинг олдини олиш ва бу иллатларга қарши курашиш, шунингдек, ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар ва маҳкумларни сақлаш жойлари тизимида одил судловга ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш каби белгиланган йўналишлар ҳам бевосита омбудсманнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Бу йўналишларда у самарали ва таъсирчан фаолият юритиши мумкин. Чунки у оддий халққа жуда яқин, мақбул ҳокимият ресурси ҳисобланади. Халқ дардига қулоқ солиб, уларнинг бузилган ҳуқуқларни тиклаш орқали омбудсман институти фуқаролар ва давлат ҳокимияти ўртасидаги уйғунлик мустаҳкамланишини таъминлайди. Шунингдек, у парламентнинг ижро ҳокимияти, айниқса, унинг ўрта ва қуйи бўғини фаолияти устидан парламент назоратининг таъсирчан воситасидир.

Давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, шунингдек, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишга доир давлат сиёсатини ҳаётга фаол татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз олдига қатор вазифаларни белгилаб олди.

Мурожаатномада белгиланганидек, омбудсман ҳузуридаги қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм доирасида вакил жамоатчилик вакиллари ва ОАВ билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифларини амалга ошириб, уларнинг якунлари юзасидан парламентга ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ва идораларга таҳлилий маълумотлар тақдим этиб боради. Бундан ташқари, аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили ҳамда минтақавий вакилларнинг ахборотига асосланган ҳолда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилишига олиб келувчи омиллар, сабаб ва шарт-шароитлар тўғрисидаги маълумотларни парламент палаталарига тақдим қилиб бориш ва кўрсатилган масалалар юзасидан қўмиталар, фракцияларда ва комиссияларда масъул идора ва ташкилот вакилларининг эшитувини ташкил этиш амалиётини ривожлантириш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, вакил номига келиб тушган мурожаатларнинг ҳудудлар кесимидаги таҳлили асосида депутат ва сенаторлар, қолаверса, ижро органлари вакиллари билан биргаликда сайёр қабуллар ташкил этиб, муаммоларни жойида ҳал этиш амалиёти кучайтирилади. Энг муҳими, аҳолининг мурожаатлари билан ишлашда натижадорликка, ҳар бир мурожаат ечими топилишига асосий эътибор қаратилади.

Хулоса қилиб айтганда, омбудсман институти бугунги кун талаби асосида ишлаши учун бор куч ва имкониятлар сафарбар этилади. Хусусан, мурожаатлар билан ишлаш жараёнига ахборот-коммуникация технологиялари жалб этилиб, ариза ва шикоятларни ижобий ҳал этиш, бузилган ҳуқуқларни тиклашда парламент, ННТ ва ОАВ билан ҳамкорликда самарали жамоатчилик назорати юритилади. Мурожаатларни ўрганиш давомида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажариш юзасидан қонун ҳужжатларни такомиллаштириш, халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тавсияларини бажариш самарадорлигини ошириш мақсадида институтнинг мониторинг-таҳлил фаолияти кучайтирилади. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича ҳам ОАВ ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Инсон асли ҳур яралган. Уни камситишга, ўз манфаати йўлида ҳуқуқларини поймол этишга, руҳан ва жисмонан қийноққа солишга ҳеч ким ҳақли эмас. Шундай экан, омбудсман институти инсон ҳуқуқларини тиклаш, адолатни қарор топтириш йўлида барча фидоий инсонларни, давлат ва нодавлат ташкилотлари масъулларини ҳамда халқнинг ишончли вакилларини ҳамкорликка чақиради. Агар биргаликда ҳаракат қилсак, кўзлаган мақсадимизга албатта эришамиз.

 

Феруза ЭШМАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)