Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Болаларга нисбатан зўравонликнинг барча кўринишларига бефарқ бўлманг
Ижтимоий тармоқларда “Ҳайвон ҳам боласини бундай хўрламаса керак” хабари остида Самарқанд вилояти шифохоналаридан бирида содир бўлган она ўз касалманд боласини аёвсиз калтаклаётгани ҳолати тасвирланган видео тарқалди. Ундан сўнг ахборот телеграмм каналида “Ваҳший она” аёл боласини калтаклаётгани акс этган видеолавҳа юзасидан воқеа жойидан журналистик суриштирув деб номланган видео тарқалди. Ҳар иккала видеода гувоҳларнинг бирортаси жабрланаётган болани қутқазишга ҳаракат қилмаганини фақатгина видеога олиб ўтирганлигини кўришимиз мумкин. Албатта бу таажжубланарли ҳолат.

Айниқса, воқеанинг тиббиёт муассасасида содир бўлгани даволовчи шифокор ва ҳамширанинг воқеадан хабардорлиги ва ҳаракатсизлиги яънада ачинарли.

Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 11-моддасида боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганидан, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар бу ҳақда бола ҳақиқатда турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига маълум қилишлари, шундай маълумотлар олинган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шартлиги белгиланган. Бундан англашимиз мумкинки, болаларни биринчи навбатда зўравонликдан ҳимоя қилишимиз, агар бунинг имкони бўлмаса зўдлик билан ваколатли органларга мурожаат қилишимиз лозим.

Шуни яхши билишимиз керакки, болаларга нисбатан қилинаётган зўравонликка бепарволик ёки ҳиссий бефарқлик каби бошқа ҳаракатлар ҳам болаларга нисбатан зўравонлик деб ҳисобланади.

Болаларга нисбатан зўравонлик гувоҳи бўлган барча боланинг атрофидагилар болага қилинган шафқатсизлик учун жавобгардирлар.

ЮНИСЕФ маълумотларига кўра:

Дунёда 2 ёшдан 14 ёшгача бўлган ҳар 10 боладан олтитаси ҳар куни жисмоний зўравонликка учрайди.

Ҳар 5 дақиқада бир бола зўравонликдан вафот этади.

Болаларга нисбатан зўравонлик ҳар қандай шароитда юз бериши мумкин бўлса-да, шуни билишимиз керакки, бола ёки ўспириннинг зўравонликка учраши эҳтимолини оширадиган баъзи бир хавф омиллари мавжуд.

Масалан, тўрт ёшгача бўлган болалар ва ўспиринлар юқори хавф остида. Худди шу нарса исталмаган, ота-онасининг умидларини қондирмайдиган, жисмоний ёки ақлий ногирон бўлган ёки кўп йиғлайдиган болалар билан ҳам содир бўлади.

Болалари билан алоқа ўрнатишда қийналган, болалигида ўзлари зўравонлик қурбонлари бўлган ёки ўз фарзандларининг ривожланишидан умидвор бўлмаган ота-оналар, уларнинг ўрнини босувчилар ёки қонуний вакилларнинг зўравонлик қилишлари хавфи юқори.

Бундан ташқари, уйдаги молиявий қийинчиликлар ва спиртли ичимликлар ёки гиёҳвандликка боғлиқлик хавф омиллари зўравонлик содир этишга сабаб бўлиши мумкин.

Ва ниҳоят, оиладаги зўравонлик шароитида яшайдиган, ўз жамиятида изоляцияни бошдан кечираётган оилаларда ҳам болаларга нисбатан зўравонлик хавфи катта.

Шубҳасиз, зўравонлик ҳолатлари болаларда жисмоний, руҳий, хулқ-атвор ва ижтимоий бузилишларни келтириб чиқаради.

Умуман олганда, болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ҳукуматларнинг вазифаси бўлиб, улар оилаларга ёрдам бериш, ўқитиш ва қўллаб-қувватлаш дастурларини яратиши керак.

Aгар болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатини билсангиз нима қилиш керак?

Aгар сиз болаларга нисбатан зўравонлик қилингани ҳолатини билсангиз ёки унга шубҳа қилсангиз, ҳудудингиздаги болаларни ҳимоя қиладиганорганларга мурожаат қилинг.

Aгар жисмоний зўравонлик ёки бепарволик боланинг ҳаётини бевосита хавф остига қўяди, деб ҳисобласангиз, иккиланмасдан ички ишлар ва прокуратура органларига қўнғироқ қилинг.

Aфсуски, агар сиз бепарво бўлсангиз, болаларга нисбатан зўрлик йўқолмайди.

Саттор Рахматов

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил котибиятининг

Бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори мудири