“Саломатлик муҳофазаси ва инсон ҳуқуқлари”
“Саломатлик муҳофазаси ва инсон ҳуқуқлари”
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотларининг ҳамкорлиги доирасидаги тадбирлар юзасидан ўтказилган тадқиқот
Ушбу ҳисобот Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ишчи гуруҳи томонидан тайёрланди. Ишчи гуруҳи “Саломатлик муҳофазаси ва инсон ҳуқуқлари” мавзуида ўтказилган туркум ўқув семинарларини баҳолаш ва таҳлил қилиш, ушбу йўналишдаги келгусидаги ишлар учун тавсиялар тайёрлаш мақсадида тадқиқот ўтказишда яратилган имкониятлар учун Омбудсманга, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги Ваколатхонасига самимий миннатдорчилик билдиради.
Шунингдек, ушбу тадқиқотда қатнашган Омбудсманнинг ҳудудий вакилларига, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари ва бошқа ташкилотлар вакилларига ташаккур изҳор этади.
Ишчи гуруҳи аъзолари:
Гулямова Д.Ғ. - координатор, Омбудсманнинг фуқароларнинг конституцион ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши Комиссияси аъзоси
Усманов М.Н.- Омбудсман Котибияти бошлиғи
Салиходжаева Р.К. - (Ўз.Р ССВ) ЎзР Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарув аппарати бош мутахассиси
Камилова Д.Н. - ЎзР ССВ назорат инспекциясининг етакчи мутахассиси
Пулатова Г.Р.- Ўз.Р ССВ даволаш-профилактик ёрдам кўрсатиш бош бошқармаси мутахассиси
Мундарижа
КИРИШ 3
Омбудсманнинг Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорлиги 4
Баҳолаш ва тавсиялар тайёрлаш мақсадидаги тадқиқотлар 8
ХУЛОСАЛАР 12
ТАВСИЯЛАР 15
1-илова 17
2-илова 20
3-илова 23
КИРИШ
Ҳар бир жамият учун фуқаро саломатлиги давлатнинг тараққиёт даражаси, унинг ушбу умуминсоний қадриятни тан олиш, сақлаш ва химоялаш борасидаги аниқ имкониятларини намойиш этувчи муҳим омиллардан биридир. Халқаро миқёсда инсоннинг саломатликка бўлган ҳуқуқи Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 25-моддасида эътироф этилган (1948 й.). Мазкур декларация Ўзбекистон республикаси давлат мустақиллигига эришгандан сўнг қўшилган дастлабки халқаро хужжат ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ахолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ривожланган мамлакатлар даражасига олиб чиқиш йўли билан соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришдир. Сўнгги ўн йилликда Ўзбекистонда фуқароларнинг малакали тиббий хизмат ва ижтимоий ҳимояга бўлган конституцион ҳуқуқларини таъминлашга йўналтирилган соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури муваффақият билан амалга оширилмоқда. Шунингдек, тиббий хизмат сифатини ошириш учун ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий шароитлар яратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-2107-сонли Фармонига мувофиқ республикада кўп босқичли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу ислоҳотлар натижасида эса ахолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишга, тиббий-санитария хизматларининг давлат томондан кафолатланган ҳажми доирасидаги тиббий хизматнинг оммабоплиги ва ҳавфсизлигига асосланган соғлиқни сақлаш тизимининг моддий - техник базасини ривожлантиришга қаратилган соғлиқни сақлаш Миллий модели яратилди.
Ўз давлат сиёсатида инсон ҳуқуқлари идеаллари ва қадриятларига содиқлигини намоён этиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллиги институти (бундан буён Омбудсман) таъсис этилди. Беморлар ҳуқуқларига риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш Омбудсман фаолиятининг йўналишларидан бири ҳисобланади.
Омбудсманнинг Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорлиги
Фуқаролар мурожаатларининг тизимли таҳлили, шунингдек, Омбудсман томонидан республиканинг турли ҳудудларида соғлиқни сақлаш соҳасидаги амалдаги қонунчилик мониторинги натижалари фуқароларнинг малакали тиббий хизматга бўлган ҳуқуқлари бузилишини келтириб чиқарадиган сабаб ва шароитларни аниқлаш имконини берди. Тиббиёт муассасаларида халқаро стандартлар даражасида тиббий хизмат кўрсатиш механизмининг номукаммаллиги, беморлар ва тиббиёт ҳодимлари фуқароларнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳуқуқларидан етарлича ҳабардор эмасликлари, бу соҳада маърифий ишларнинг умумий механизми йўқлиги фуқароларнинг малакали тиббий хизматга бўлган ҳуқуқлари бузилишининг асосий сабаблари сирасига киради.
Ўтказилган мониторинг натижалари фуқароларнинг соғлиқни сақлаш, сифатли тиббий хизмат олиш ҳуқуқларига риоя этилиши ва таъминланиши борасида соғлиқни сақлаш органлари билан ҳамкорликни мустахкамлашга замин яратди. 2005 йилда Омбудсман ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди. Омбудсманнинг ушбу Битим доирасида 5 йил давомида олиб борган фаолияти соғлиқни сақлаш соҳасида меъёрий ва қонунчилик базасини такомиллаштириш, тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича сифат мониторинги тизимини яратиш зарурлигига йўналтирилган тавсиялар ишлаб чиқиш имконини берди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тиббиёт муассасаларида беморлар ҳуқуқлари ҳалқаро стандартларга мос равишда таъминланиши механизмини такомиллаштириш мақсадида фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги хабардорлик ва тушунчасини ошириш мақсадидаги аъзо–давлатлар саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Омбудсман ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари айни шу асосга қурилган.
Ушбу йўналишда 2008 йилнинг ноябрида “Саломатлик мухофазаси ва инсон ҳуқуқлари” мавзуида конференция ўтказилган бўлиб, у Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 60 йиллигига бағишланди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, ЖССТ ва Европа Иттифоқининг (Европа уйи) Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда ташкил қилинди. Конференция ишида ЖССТнинг Женевадаги қароргоҳининг инсон ҳуқуқлари бўйича экспертлари иштирок этишди. Конференция якунлари бўйича мамлакат ҳудудларида туркум семинар-тренинглар ўтказиш белгилаб олинди.
2009 йил давомида мамлакатнинг қатор ҳудудларида, хусусан, Тошкент, Андижон, Самарқанд, Урганч, Қарши шаҳарларида “Саломатлик мухофазаси ва инсон ҳуқуқлари” мавзуида ҳамкорликда 6 та семинар ўтказилди. Якуний семинар 2009 йилнинг 22 сентябрида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб ўтди (3- илова).
Семинарларни ўтказишдан мақсад тиббиёт муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари, ҳуқуқ-тартибот ва суд органлари ходимларининг фуқаролар соғлиғини сақлаш бўйича ҳуқуқлари борасидаги билимларини ошириш, ушбу тузилмалар фаолиятида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш ва ривожлантириш орқали беморлар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган.
Республиканинг барча худудларини қамраб олиш мақсадида семинарларни ўтказиш дастури икки йил ва ундан ортиқ муддатга мўлжалланган. Семинарларда Омбудсман вакиллари, соғлиқни сақлаш ташкилотчилари, ихтисослашган тиббиёт муассасалари ва ўқув юртлари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар (хотин-қизлар қўмитаси, Адвокатлар палатаси, истъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати), Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тиббиёт - санитария бирлашмаси раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди (1-илова).
Семинар мавзуларига тегишли тақдимотларга миллий экспертлардан ташқари, ЖССТ таклифига кўра чет эллик мутахассисларнинг чиқишлари ҳам киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича
Вакили (Омбудсман) С.Рашидова, унинг котибияти бошлиғи М.Усмонов ва ҳудудий вакиллар, шунингдек, беморлар ҳуқуқлари бўйича Омбудсманнинг тақдимотлари қуйидаги масалаларга бағишланди:
• фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсати,
• Омбудсманнинг фуқароларнинг тиббий хизмат соҳасидаги ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича амалга оширадиган парламент назоратининг шакл ва усуллари,
• давлат ва жамоатчиликнинг беморлар ҳуқуқларини ҳимоялаш механизми,
• Омбудсманнинг соғлиқни сақлаш тизими билан ҳамкорликдаги фаолияти,
• беморлар ва махбуслар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича омбудсман-лар фаолиятининг халқаро стандартлари.
• беморлар ва маҳбуслар ҳуқуқлари мониторинги.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Икромовнинг
тақдимотида беморлар ҳуқуқларини таъминлаш борасида соғлиқни сақлаш тизими олдида турган вазифалар, хусусан, фуқароларнинг сифатли тиббий хизмат олиш ҳуқуқини таъминлаш, ахолига тиббий хизмат кўрсатишда тенг имкониятларга эришиш, профилактик соғлиқни сақлашни ривожлантириш масалалари ёритилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастурининг бажарилиши тўғрисидаги маълумот тақдим этилди.
ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари доктор Мишель Тайад “Инсон ҳуқуқлари ва ЖССТ” мавзуидаги тақдимотини савол-жавоб шаклида тақдим этди. Семинар қатнашчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга, хусусан, нима учун ЖССТ инсон ҳуқуқлари билан шуғулланади?, ЖССТ қай йўсинда инсон ҳуқуқлари ва саломатлиги соҳасига таъсир кўрсатиши мумкин? каби саволларга аниқ ва батафсил жавоб олдилар. Тақдимотда, шунингдек, саломатликка янада кенг ёндошув имкониятлари очилди, ЖССТ фаолиятининг инсон ҳуқуқлари ва саломатлиги соҳасидаги уч мақсади ифодалаб берилди.
Семинарнинг қатор мавзулари гуманитар ҳуқуқлар, пенитенциар тизим (жазони ижро этиш муассасалари)даги маҳбуслар ҳуқуқларининг халқаро стандартларига бағишланди. Хусусан, Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг(ХҚХҚ) Ўзбекистондаги миссияси врачи Капил Шарма ўзининг “Пенитенциар тизимда инсон ҳуқуқлари ва саломатлигини муҳофаза қилиш” мавзуидаги маърузасида қабул қилинган қатор халқаро ҳужжатларга асосланган ҳолда, шахсларнинг қўлга олиниши ва ҳибсда тутиб турилишининг ҳудудий ва миллий стандартлари, тиббиёт ходимларининг роли, махбуслар шароитлари (турар жой бинолари, сув, санитария шароитлари ва гигиена), озиқ-овқат махсулотлари ва овқатланиш меъёрлари бўйича талабларни ёритди.
ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходими И.Исмоиловнинг “ЖССТнинг ОИВ/ОИТСга қарши курашининг ҳуқуқий асослари ва меъёрий ҳужжатлари” мавзуидаги маърузаси тақдимоти Ўзбекистон Республикасида ОИВ/ОИТСга қарши кураш соҳасида инсон ҳуқуқлари ҳимояси масалаларини халқаро стандартлар даражасида хал қилиш, шунингдек, республикада ОИВ - юқтирганлар ҳуқуқлари ҳимоясини тартибга солишга бағишланди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ жазони ижро этиш бош бошқармаси тиббиёт-санитария бирлашмаси бошлиғи Б.Юсупов ўз маърузасида Ўзбекистон Республикасининг пенитенциар тизимида ОИВ/ОИТС бўйича даволаш-профилактика ишлари, умуман олганда, фуқаролик соғлиқни сақлаш тизимига монанд фаолият стратегиясини акс эттириши ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талаблари доирасида фуқаролик соғлиқни сақлаш органларининг тегишли муассасалари билан ҳамкорликда олиб борилишини алоҳида қайд этди. Маърузада таносил касалликлар, сил ва ихтиёрийлик асосида ОИВ/ОИТСни ўз вақтида аниқлаш ҳамда олдини олиш бўйича чора-тадбирлар, шунингдек, силга қарши кураш ягона миллий дастур доирасида халқаро стандартларга мувофиқ ҳолда амалга оширилаётгани, бу йўналишда халқаро ташкилотлар ёрдами ҳақида батафсил сўз юритилди.
ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси миллий ходими Ф.Низомовниннг “Она ва бола саломатлиги – инсон ҳуқуқларининг ажралмас қисми” мавзуидаги маърузасида ҳар бир она ва боланинг саломатлиги муҳимлиги қайд этилди, халқаро ҳамжамиятнинг она ва бола саломатлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини акс эттирувчи қатор халқаро ҳужжатлар рўйҳати тақдим этилди, соғлиқни сақлаш тизимининг она ва бола саломатлигини сақлаш борасидаги фаолияти мақсадлари, устувор йўналиш ва стратегияси ифодалаб берилди.
Прокуратура ва суд органлари вакиллари маърузаларида прокуратура органларининг беморлар ҳуқуқларини ҳимоялашдаги роли ва саломатликка етказилган зарар учун тўлов тўлаш бўйича ишларни судларда кўрилиш амалиёти ёритилди.
Семинарлар дастурларида иштирокчиларнинг мавзулар бўйича чиқишлари, фикр алмашувлари, шунингдек кичик гуруҳларда беморлар ҳуқуқларини ҳимоялаш ва таъминлаш масалалари, уларнинг бузилган холатлари муҳокамаси ҳам кўзда тутилди.
Баҳолаш ва тавсиялар тайёрлаш мақсадидаги тадқиқотлар
Семинарлар якунида мониторинг тадқиқотларини ўтказишга қарор қилиниб, ушбу тадқиқотлар олиб бориш учун ишчи гуруҳи тузилган. Унинг таркибига Омбудсманнинг фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссияси аъзоси, Омбудсман котибияти бошлиғи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари киритилди.
Тадқиқот ўтказишдан мақсад - семинар иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари асосида хулосалар чиқариш ва бу йўналишда келгусидаги ҳаракат дастури учун тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида семинарни баҳолаш.
Тадқиқот услубияти
Ишчи гуруҳи томонидан ЖССТнинг ушбу тадқиқотни ўтказиш бўйича тавсиялари ва техник топшириқларини ҳисобга олган ҳолда сўровнома-анкета ишлаб чиқилди (1-илова). Ўтказилган 6 та семинарда қатнашган иштирокчиларнинг умумий сони турли соҳада фаолият олиб бораётган 212 кишини ташкил этган. Шуни қайд этиш лозим-ки, семинарларни баҳолаш мақсадидаги тадқиқот сўровларидаги иштирокчилар (бундан буён -респондентлар) сони ушбу сўровлар қайси муддатда (семинар жараёнида ёки ундан маълум вақт ўтгач) ўтказилишига кўра 2 усулда танлаб олинади. Қабул қилинган стандартга мувофиқ семинарлар жараёнида ўтказиладиган сўровларда респондентлар сони семинар қатнашчиларининг 50% ини, семинардан маълум муддат ўтгач ўтказиладиган тадқиқот-сўровларда эса респондентлар сони семинар қатнашчиларининг 10-20% ини ташкил этиши кўзда тутилган. Семинарларда иштирок этган турли соҳа вакилларининг сони бирдай эмаслиги ҳамда ушбу тадқиқот семинарлар тугагандан маълум муддатдан сўнг ўтказилаётганини ҳисобга олган ҳолда, ишчи гуруҳи томонидан ушбу сўровда иштирок этадиган респондентлар сони семинар иштирокчиларининг 30% и атрофида (63 та) белгиланди (3-илова). Ушбу тадқиқотда семинарларнинг барча вилоят ва шаҳарлардаги вакиллари иштирокини таъминлашни назарда тутган холда уларга, 63 та анкета тарқатилди. Аноним сўров шахсан фикр билдириб, ёзма тўлдириш усулида ўтказилди.
Тадқиқот натижалари
Тадқиқот қатнашчилари /респондентлар/дан 63 та тўлдирилган анкета олинди. Бу - жами семинар қатнашчилари сонининг 29,7% ини ташкил этади. Анкеталарнинг 27 таси (43%) – тиббий фаолият соҳаси вакиллари, 36(57%) таси - турли соҳа вакиллари: Омбудсман институти, прокуратура, ички ишлар ва суд органлари, жамоат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларига тегишлидир.
Анкеталар миқдорий жиҳатдан ишлаб чиқилди ва мазмунига кўра тахлил этилди.
Анкеталарни миқдорий ишлаб чиқиш натижалари
Семинар курси юзасидан – “Саломатлик мухофазаси ва инсон ҳуқуқлари” мавзуидаги семинар кўпчилик - 46%(29) респондентлар /тадқиқот қатнашчилари/ томонидан “яхши”га баҳоланди ва 25%(16) респондентлар унга “аъло” баҳо беришди. Семинарда эришилган натижаларга келганда, 32% (20) респондентлар “мақсадга тўла эришилди”, 65%(41) и - “умуман эришилди” деб қайд этишди, 3%(2) респондент “қисман эришилди” деб ёзган.
30% (19) респондентнинг ўтказилган семинардан шахсан кутган умидлари “батамом” оқланган, респондентларнинг кўпчилиги - 68%(43) и “умуман оқланди” ва 1,5%(1) и- “унчалик оқланмади” деб жавоб берган.
“Семинарда олинган билим ва кўникмаларни амалиётга тадбиқ этиш учун вақт етарли бўлдими? - деган саволга 40%(25) респондентлар “етарли бўлди”, 30%(19) и - “етарли эмас” деб жавоб қайтарган, қолган 30%(19)и эса “жавоб беришга қийналгани”ни баён қилган.
Семинарда олинган билим-кўникмаларни иш жараёнида қўллашга ишонч даражаси тўғрисида респондентларнинг 65%(41) и - “ишонишлари”, 32%(20) киши “қисман ишонишлари” ва фақат 3%(2) и “ишонмасликлари”ни билдирган.
63 респондентнинг 97% (61) и “барча зарур материалларни олганлари” ҳамда “тарқатилган материаллар уларга аниқ ва тушунарли” бўлганини қайд этган.
Семинарнинг мазмунан тахлили - айрим маъруза ва тақдимотлар юзасидан:
Тадқиқотлар иштирокчилари /респондентларнинг 80% дан ортиғи қуйидаги
3 тақдимотлар бўйича “маълумотлар етарли” ва улар фаолиятининг турли соҳалари учун “бутунлай янги”, деб ҳисоблайдилар:
• “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман)нинг фуқароларнинг малакали тиббий хизмат олишга бўлган ҳуқуқларини ҳимоялаш соҳасидаги фаолияти тўғрисида”(84%),
• “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг жойлардаги органларининг беморлар ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги вазифалари тўғрисида”(82%),
• “Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва беморлар ҳуқуқлари”(80%).
Респонлентларнинг 40 фоиздан ортиғи соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунчилик тўғрисида, ахолининг заиф гуруҳларига ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш тўғрисида, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси фаолияти ҳақида “қўшимча маълумотга эга бўлиш”ни истайди.
Қуйидаги маърузалар бўйича 25% респондентлар “маърузага янада батафсил маълумотлар киритиш лозим”, деб ҳисоблайдилар:
• “Омбудсманнинг беморлар ва махбуслар ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган фаолиятининг халқаро стандартлари, уларнинг ҳуқуқлари мониторинги” (66%),
• “ЖССТнинг пенитенциар муассасалардаги беморлар ҳуқуқлари ҳимоясини қўллаб-қувватлашдаги роли”(61%).
Қуйидаги мавзулар бўйича 50% атрофидаги респондентлар “маълумотлар етарли”, деб ҳисоблайдилар:
• “Омбудсман ҳудудий вакилларининг инсон ҳуқуқлари ва саломатлигини химоялаш соҳасида аҳоли билимларини ошириш амалиёти”(54%),
• “Жазони ижро этиш муассасаларидаги шахсларнинг саломатлигини таъминлаш амалиёти”(53%),
• “Судларда саломатликка етказилган зарар учун тўлов тўлаш бўйича жиноий ишларнинг кўриб чиқилиши амалиёти”(52%),
• “Кадрларни профессионал тайёрлаш ва беморлар ҳуқуқлари”(52%).
• “Пенитенциар тизимдаги беморларнинг тиббий хизмат олиш ҳуқуқлари ҳимояси тўғрисида”(51%).
Респондентларнинг 20% дан ортиғи адвокатларнинг беморлар ҳуқуқлари бузилишига оид ишларни кўриб чиқиш жараёнидаги ролини ошириш; саломатликка етказилган зарар учун тўловни ундириш юзасидан суд қарорларининг ижроси; соғлиқни сақлаш амалиётига, хусусан, бирламчи звенога, тиббий хизматнинг сифат стандартини жорий қилиш; инсоннинг саломатликка бўлган ҳуқуқлари таъминланиши бўйича маърифий фаолиятнинг халқаро тажрибалари тўғрисида “қўшимча маълумотлар зарур” эканлигини кўрсатиб ўтдилар.
Семинарнинг қуйидаги уч мавзуси бўйича 33-35% респондентлар қўшимча маълумотга эҳтиёж сезадилар:
• “Прокуратура органларининг беморлар ҳуқуқлари ҳимоясидаги роли” (33%),
• “ЖССТнинг пенитенциар тизимдаги беморлар ҳуқуқлари ҳимоясини қўллаб-қувватлашдаги роли” (34%),
• “Пенитенциатр тизимда инсонпарварлик ҳуқуқи стандартлари” 35%.
Семинар маърузалари бўйича респондентлар билдирган фикрлари ва таклифлари тахлили келгусидаги ушбу йўналишдаги семинарларда қуйидаги мавзуларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, уларни янги маълумотлар билан бойитиш лозимлигини кўрсатди: соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунларга риоя этилиши бўйича прокурор назоратининг шакл ва усуллари; тергов ва суд жараёнларида беморлар ҳуқуқларини ҳимоялашда мустақил (холис) тиббий экспертизанинг роли; турли мамлакатларнинг пенитенциар муассасаларида шахсларни тутиб туришнинг халқаро стандартларга мувофиқлик холати; тергов изоляторларида сил касаллигини олдини олиш амалиёти ва халқаро тажрибаси; пенитенциар муассасалардаги аёллар ва болалар саломатлигини сақлашда ЖССТнинг ўрни.
Семинар ўтказган тренерлар фаолияти юзасидан 21% (13) респондентлар уларни “аъло”га баҳолаган, 35%(22) и -“жуда яхши” ва уларнинг кўпчилиги 44%(28) и тренерлар фаолиятини “яхши” деб топган. Респондентларнинг бирортаси “қониқарсиз” баҳо қўймаган.
Семинарни ўтказиш шароитлари (бино, озиқ-овқат ва бошқалар) 14%(9) респондентлар томонидан “аъло”га, 27% (17) и - “жуда яхши”га ва уларнинг катта қисми - 59% (37) и томонидан “яхши”га баҳоланган.
ХУЛОСАЛАР
Умуман олганда, тиббий ҳуқуқлар, беморлар ҳуқуқларини ҳимоялаш ва таъминлаш соҳасидаги ахборот-маърифий фаолиятнинг номукаммаллиги, бу борада беморлар ва тиббиёт ҳодимларининг етарли даражада маълумотга эга эмаслиги сабабли ушбу семинарлар долзарблик касб этди ва уларга эхтиёж катта бўлди.
Семинарлардаги маърузалар ва чиқишлардан маълум бўлишича, фуқароларнинг малакали тиббий хизмат олиш ҳуқуқини таъминлаш бўйича соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларда эришилган ютуқларга қарамай, “бемор позицияси заифлигича қолмоқда”. Демак, соғлиқни сақлашдаги катта ўзгаришлар даври ахоли ўртасида ўз вақтида ва кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб бориш лозимлигини тақозо этади. Бунинг натижасида ҳар бир фуқарода ўз саломатлиги учун масъулият хисси шаклланади. Давлатнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги сиёсати тўғрисидаги маълумотлар билан қуролланган фуқаро инсоннинг конституцион ҳуқуқлари ва давлат томонидан кафолатланган тиббий-ижтимоий ёрдамнинг барча учун тенглигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиши мумкин. Давлат томонидан соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишнинг турли босқичларида қабул қилинаётган чора-тадбирларни аҳолига оммабоп усулларда етказиш зарур.
Омбудсман, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТнинг мазкур семинарларни ташкил қилиш ва ўтказишга қаратилган ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари беморлар, тиббиёт ходимлари, юристлар ва жамоатчиликнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги хуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича ахборот-маърифий фаолиятни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш заруриятини тақозо этади.
Анкеталарнинг батафсил таҳлили натижалари қуйидаги хулосаларни чиқариш имконини берди:
1. Респондентлар томонидан, семинар “яхши” ва “аъло”га баҳоланди.
2. Семинар қатнашчиларининг тадбирдан кутган мақсадлари умуман оқланди.
3. Респондентларнинг катта қисми (65%) семинарда олган билим ва кўникмаларини амалда қўллашларига ишонадилар, бироқ амалий машғулотлар учун ажратилган вақт етарли эмас, деб ҳисоблайдилар (60,3%) ва интерактитв усулларни қўллашни таклиф этадилар.
4. Семинарлар мавзулари иштирокчиларни қониқтирди, бегиланган вазифалар амалга оширилиб, умуман олганда, кўзланган мақсадга эришилди.
5. Тақдимотларда келтирилган маълумотларнинг катта қисми янги ва етарлича очиб берилган:
• ННТ ва жамоат ташкилотлари вакиллари бўлган респондентлар Омбудсман фаолиятида беморлар ҳуқуқларини таъминлаш амалиёти ва миллий тажриба, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, озодликдан махрум этилган шахсларнинг саломатлигини сақлаш, беморлар, шу жумладан пенитенциар муассасалардаги шахслар ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича Омбудсман фаолияти ва халқаро тажриба борасида келтирилган маълумотларни “батамом янги”, деб ҳисоблайдилар.
• Хуқуқ-тартибот органлари ва судлар соҳаси, шунингдек, Адвокатлар палатаси вакиллари учун тиббий ёрдам кўрсатишнинг барча босқичларига жорий этиладиган ташҳис қўйиш ва даволаш стандартлари ишлаб чиқилгани, шунингдек, соғлиқни сақлашнинг дастлабки бўғинларида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақидаги маълумотлар “янги ва ўз вақтида берилган” ҳисобланади.
6. Респондентларнинг маърузалар мазмуни бўйича таклифлари тахлилига кўра, семинар мавзуларининг 75% дан ортиғи батафсил ёритилган.
7. Респондентларнинг “қўшимча маълумотлар” юзасидан аксарият таклифлари семинар мавзуларини очиб беришга тааллуқли бўлмай, асосан, келгусида ўтказиладиган семинарлар мавзуларига қаратилган. Ушбу таклифлар 3-иловада батафсил баён қилиниб, улар келгусида ушбу йўналишдаги ишлар учун тавсиялар тайёрлаш ва навбатдаги семинарлар дастурларини ишлаб чиқишда асос бўлиб хизмат қилиши мумкин (3-илова).
8. Иштирокчилар ўз фаолиятлари соҳаларга кўра семинарларда олган билимларини амалга тадбиқ этиш ниятидалар: хусусан, судларда ишлар кўриб чиқилаётганда, соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва таъминланиши бўйича прокурор назоратини амалга оширишда; фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, беморлар ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда уларни ҳимоялашда, инсоннинг саломатликка бўлган ҳуқуқлари таъминланиши соҳасида ахборот-маърифий фаолият олиб бориш жараёнларида семинарларда олинган билим-кўникмалар қўл келади, деб ҳисоблайдилар.
9. Респондентларнинг 98,6% и семинарлар мавзуси бўйича барча керакли материаллар билан таъминланганлар, тарқатма материалларни тушунарли ва аниқ-равшан, деб хисоблаганлар. Шунингдек, тарқатма материаллар рўйҳатига соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга оид материаллар тўплами ҳамда МКБ-10(касалликларнинг халқаро классификацияси / таснифи) тўпламларини киритишни мақсадга мувофиқ, деб топганлар. Иштирокчиларнинг бўлажак семинарларнинг тарқатма материаллари бўйича таклифлари 2-иловада ҳам акс этган.
10. Семинар тренерлари иши “аъло” ва “яхши” баҳоланган.
ТАВСИЯЛАР
Семинарларни баҳолаш якунларига кўра аҳоли ўртасида инсоннинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқи борасидаги билимини ошириш тизимини такомиллаштириш ва тиббиёт муассасаларида беморлар ҳуқуқларини таъминлаш механизмини ривожлантириш учун қуйидагилар тавсия этилади:
тиббий ҳуқуқлар бўйича саводхонликни ошириш ва босқичма-босқич ушбу имкониятларни қўллаб-қувватлаш йўли билан соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳуқуқий маърифатнинг ҳалқаро тажрибалари ва умумий қоидаларига асосланган, самарали тизимини яратиш лозим.
Бу мақсадларда:
• Инсон ҳуқуқлари ва соғлиқни сақлаш масалаларида ахборот-маърифий фаолиятнинг халқаро тажриба ва амалиётини ўрганиш, уларни махаллий шароитларга мослаштириш;
• Ўтказиладиган семинарлар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида ҳалқаро стандартларга мувофиқ миллий тренерлар тайёрлашни кўзда тутиш (чет элларда ўқиш ва малака оширишга юбориш имкониятларини кўриб чиқиш);
• Фуқаролик жамиятининг ҳозирги босқичида беморлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоат тузилмаларининг йўқлигини ҳисобга олган ҳолда, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллиги институтининг марказ ва ҳудудларда беморлар, тиббиёт ҳодимлари ва юристлар ўртасида олиб бораётган ахборот-маърифий фаолияти тажрибалари ва имкониятларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир;
• Омбудсман ва Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигининг ЖССТнинг республикадаги Ваколатхонаси билан ҳамкорликда олиб бораётган ахборот-маърифий фаолияти билан аҳолини кенг қамраб олиш мақсадида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва биргаликдаги иш режасини ишлаб чиқиб, ОАВнинг бу йўналишдаги имкониятларидан кенг фойдаланиш лозим;
• Туркум семинарларни давом эттириш ҳамда бошқа ҳамкор ва халқаро ташкилотларни жалб этган ҳолда ЖССТ мандати доирасида узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ;
• Семинарлар мавзусини танлаш ва дастурларини тузишда семинарни баҳолаш учун ўтказилган мониторинг тадқиқотларида иштирок этган турли соҳа вакиллари таклифларини ҳисобга олиш лозим(2-илова);
• Семинарлар дастурларида олинган билимларни мустаҳкамлаш учун амалий машғулотларга етарлича вақт ажратилиши, интерфаол ва масофадан туриб ўқитиш услубларини кўзда тутиш лозим;
• Семинарларнинг мақсадли гуруҳи таркибини фуқаролик жамияти институтлари вакиллари (ОАВ ва ННТ) билан тўлдириш;
• Семинарларни ўтказиш жараёнида семинарни баҳолаш мақсадида ишлаб чиқилган анкета асосида иштирокчилар ўртасида сўров ўтказиш;
• Фуқроларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқига доир аҳолини кенг қамровли маълумотлар билан таъминлаш мақсадида мамлакатнинг айрим ҳудудларидаги соғлиқни сақлаш туман бўғинлари даражасида семинарлар сессияларининг иккинчи босқичини ўтказиш мақсадга мувофиқ.Масалан. Сирдарё (халқаро ташкилотлар кам борадиган ҳудуд) ва Хоразм (Орол муаммоси оқибатида экологик ноқулай ҳудуд) вилоятларида уч кунлик семинарлар ўтказиш мумкин.Бунда ҳар бир вилоятда тадбир ўтказиш жойи учун аввалдан 3 тадан туманларни белгилаб, уларнинг ҳар бирига яқин жойлашган 2та тумандан иштирокчиларни жалб қилиш орқали бутун ҳудудни қамраб олиш мумкин.
Семинар доирасида қуйидагилар кўзда тутилиши керак:
• Семинар мавзуси бўйича қамраб олинган ҳудуд доирасида махаллий оммавий ахборот воситалари (радио телевидение ва матбуотда рукнлар очиш, семинар кунлари Омбудсман вакиллари, соғлиқни сақлаш ташкилотлари мутахассислари, жамоатчилик ва юристларнинг чиқишларини ташкил этиш), шунингдек Омбудсман, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси сайтларида аввалдан эълон қилган ҳолда кенг маърифий фаолият олиб бориш;
• Семинар қатнашчиларининг туман тиббиёт муассасаларига, жумладан, бирламчи бўғиннинг муайян муассасаларига ташрифини уюштириш, беморлар ва тиббиёт ўқув юртлари ўқувчи-талабалари учун “Очиқ эшиклар куни” ташкил қилиш ва бу тадбирларни ОАВ орқали кенг ёритиш (репортаж ва интервьюлар воситасида);
2-илова
Ушбу илова мониторинг тадқиқотлари иштирокчилари (респондентларнинг) келгусида ўтказиладиган тренинглар дастурига киритиш ва маълумот тарқатиш учун мавзулар бўйича берган таклифлари, шунингдек фикр-мулоҳазаларидан таркиб топган.
Тақдим этилган таклиф ва мулоҳазалар таҳлили уларни тадқиқот қатнашчиларининг фаолият соҳалари бўйича гуруҳлаштириш имконини берди.
Омбудсман ва унинг вакиллари:
• Инсоннинг саломатлигини сақлаш, малакали тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи соҳасидаги ахборот-маърифий фаолиятни такомиллаштириш;
• Беморлар, тиббиёт ҳодимлари ва юристлар(суд, тергов органлари ҳодимлари, адвокатлар) учун тиббий ҳуқуқ масалаларида ҳуқуқий саводхонликнинг халқаро тажриба ва амалиёти;
• Тиббий ёрдам сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, сифат мониторингини ташкил этиш ва амалга ошириш борасида жамоатчилик назоратининг чет эл тажрибаси ва амалиёти;
• Соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида ташҳис қўйиш ва даволашнинг халқаро стандартларини жорий этиш;
• Соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида тиббий хизмат кўрсатиш сифати мониторинги;
• Ўзбекистон Республикасида дори воситаларининг сифати ва ҳавфсизлигини таъминлаш механизмини яратиш;
• Фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқи масалалари бўйича ахоли билимларини оширишда оммавий ахборот воситаларининг роли.
Мулоҳазалар
• Мақсадли гуруҳ таркибига махаллий ОАВ вакилларини киритиш;
• Тарқатма материалларга инсоннинг саломатликни сақлаш ҳуқуқи масалалари бўйича рисолалар, соғлиқни сақлаш тизими ислоҳотлари ва уларнинг бориши ҳақидаги материаллар тўпламини киритиш;
Тиббиёт жамоатчилиги:
• мамлакатнинг турли қишлоқ ҳудудларида кенг кўламда туркум семинарлар ўтказишни давом эттириш;
• аҳолининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлиги бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиш ва семинарлар сифатини ошириш учун халқаро стандартлар даражасида миллий тренерлар тайёрлашга кўмаклашиш;
• беморлар ва тиббиёт ҳодимлари ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий жиҳатлари;
• республиканинг пенитенциар муассасаларидаги беморлар ҳуқуқларини таъминлаш мониторинги;
• пенитенциар муассасалар шароитлари ва тиббий ёрдам кўрсатиш сифатининг турли мамлакатлар гуманитар ҳуқуқлари халқаро стандартларига мувофиқлиги масалалари;
• жамоатчилик ташкилотлари ва ОАВнинг ахоли ўртасида инсоннинг саломатлигини сақлашга бўлган ҳуқуқи ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича маълумотларни тарқатишдаги роли;
Мулоҳазалар:
• тиббиёт ўқув юртларининг ўқув дастурига қуйидаги мавзуларни киритиш: “Инсон ҳуқуқ ва саломатлигини ҳимоялаш”, “Беморлар ҳуқуқлари”, “Тиббиёт ҳодимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари”, “Беморлар ва тиббиёт ходимлари ҳуқуқлари баланси”;
• “Инсон саломатлиги ва ҳуқуқлари” тўплами, рисолалар, буклетлар тайёрлаш ва чоп этиш;
• Семинарлар доирасида муайян тиббиёт муассасаларида (ихтисослашган ва биринчи бўғиндаги) “Очиқ эшиклар куни” ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш бош бошқармасининг тиббиёт ҳизмати:
• Туркум семинарларни давом эттириш, ушбу масала бўйича аҳолини маълумотлар билан қамраб олиш, ОАВ (оммавий ахборот воситалари) имкониятларидан кенг фойдаланиш;
• Тергов изоляторларида сил/ОИВни профилактика қилиш бўйича халқаро тажриба;
• “12 қадам” гиёҳвандликка қарши даволаниш дастури;
Мулоҳазалар – Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигига:
• МКБ-10 - Касалликларни халқаро таснифлаш (КХТ) тўпламини чоп этиш ва уни тарқатиш, жумладан Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазирлиги тизимидаги пенитенциар муассасаларга ҳам етказиш;
Жамоатчилик ташкилотлари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика Оқсоқоллар кенгаши “Махалла” жамғармаси. Адвокатлар палатаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси:
• аҳолининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳуқуқларидан ҳабардорлигини таъминлаш мақсадида ушбу йўналишдаги семинарларга ОАВини жалб этган холда семинарларни давом эттириш;
• ЖССТнинг пенитенциар муассасаларидаги аёллар ва болалар саломатлигини сақлашдаги роли тўғрисида;
• Ахолига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг давлат кафолатлари тўғрисида;
• Беморларнинг тиббий хизмат истеъмолчиси сифатида “Ўзбекистон Республикаси истеъмолчилари ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган ҳуқуқлари;
• Аҳоли ижтимоий-заиф қатламларининг малакали тиббий ёрдам олиш ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ижтимоий ҳимояси;
• Ахолининг ижтимоий заиф қатламларига малакали тиббий хизмат кўрсатиш тенглигини таъминлаш механизми;
• Нодавлат тиббиёт муассасаларида аҳолининг ижтимоий-ночор қатламларига тиббий хизмат кўрсатиш тартиби;
• Соғлиқни сақлаш соҳасида қонунларга риоя этиш бўйича прокурор назоратининг шакллари ва усуллари;
• Беморлар ҳуқуқини ҳимоялаш муаммолари;
• Беморлар ҳуқуқлари ҳимоясида мустақил тиббий экспертизанинг роли ва амалиёти, халқаро тажрибаси;
• Судларнинг саломатликка етказилган зарар учун тўлов бўйича қарорлари ижроси тўғрисида;
• Адвокатларнинг судда беморолар ҳуқуқлари бузилишига оид ишларни кўриб чиқишдаги роли, халқаро тажриба.
Мулоҳазалар: “Инсон ҳуқуқлари ва саломатлик” тўплами/китобини чоп этиш лозим, шу жумладан унинг СД-версиясини чиқариш, семинарлар ташкилотчиларининг Интернетдаги сайтларига (ўзбек, рус ва инглиз тилларида ) жойлаштириш мақсадга мувофиқ.
Ҳуқуқ-тартибот ва суд органлари вакиллари:
• Мустақил тиббий эксипертизанинг беморлар ҳуқуқларини ҳимоялашдаги роли;
• Тиббиёт ҳодимлари фаолияти, саломатликка етказилган зарарнинг халқаро стандартлари ва жиҳатлари,
• Беморлар ҳуқуқларини ҳимоялаш масалалари ва уларни хал этиш йўллари, миллий ва халқаро амалиёт;
Мулоҳазалар – ҳуқуқ-тартибот ва сут тизими соҳаси, шунингдек, Адвокатлар палатаси респондентлари гуруҳи ўзларининг бу хилдаги семинарларда қатнашишларини мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайдилар.
Семинарлар ўтказиш манзили бўйича: респондентларнинг катта қисми бу хилдаги семинарларни муайян ҳудудларнинг туманлари даражасида аҳолининг кенг доираларини жалб этган ҳолда ўтказишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.
• Ахоли ва тиббиёт жамоатчилиги ўртасида сўровлар ўтказиш, анкеталар тузиб, тарқатиш.
12.06.2010




