Фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш

Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан, чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги йўқ шахслардан тушадиган шикоятларни кўриб чиқиш ва текшириш Омбудсман асосий фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги йўқ шахслар ва чет эллик фуқаролар ҳам Вакилга шикоят бериш ҳуқуқига эга. Шикоятлар эса, уларнинг ҳуқуқлари ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги натижасида бузилган тақдирда берилади. Бундай ҳолда органларнинг ҳаракатсизлиги дейилганда – амалга оширилиши қонун ҳужжатларида кўрсатилган муайян ҳаракатларнинг шахс томонидан бажарилмаслигидан иборат бўлган ва бунинг натижасида инсон ҳуқуқларининг бузилишга олиб келган суст ҳулқ-атвор тушунилади, органлар ва мансабдор шахсларнинг ҳатти-ҳаракатлари деганда эса – амалга оишрилиши фуқароларнинг у ёки бу ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишига олиб келувчи ҳаракатларни бажаришдан иборат фаол ҳатти-ҳаракат тушунилади. Қонунга мувофиқ Вакил шикоятлар ва аризаларни ҳуқуқлари бузилган шахслардан фақат бевосита эмас, балки жабрланганлар томонидан иштирок этувчи ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқларини бузган рганлар ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари таъминланишига эришувчи учинчи шахслардан ҳам қабул қилишга ҳақлидир. Учинчи шахслар сифатида, бунда аризачининг ўзлари рози бўлган тақдирда, турли жамоат бирлашмалари ёки фуқароларнинг гуруҳлари қатнашиши мумкин. Омбудсман Ўзбекистон Республикаси фуқаролик, хўжалик, жиноят ва маъмурий иш юритувида одил судловни амалга оширувчи ягона қонуний орган ҳисобланган суднинг вакилатига кирувчи масалаларни кўриб чиқмайди. Омбудсман аризасига унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги маълум бўлгандан сўнг берилган ёки шикоят бўйича охирги қарор қабул қилинганидан бошлаб ўтган бир йил мобайнида берилган аризаларни (агар аризачи ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлган ва қабул қилинган қарорлардан қониқмаган бўлса) кўриб чиқади.

Фавқулодда ҳолатларда, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари оммавий равишда ва қўпол бузилганда ёхуд алоҳида ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ҳолларда ёки ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий воситаларидан мустақил фойдаланиша қодир бўлмаган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш зарурияти билан боғлиқ бўлган ҳолларда ёхуд фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан зудлик билан чора-тадбирлар кўриш мақсадга мувофиқ бўлганда Вакил шикоятни юқорида кўрсатилган шартларга риоя қилмаган ҳолда кўриб чиқишга ҳақлидир.

Вакилга берилган шикоятда арз қилувчининг фамилияси, исми-шарифи ҳамда унинг манзили, хатти-ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинаётган ташкилотнинг номи, мансабдор шахснинг фамилияси, исми-шарифи ёзилган ва ишнинг моҳияти баён қилинган бўлиши лозим, шунингдек арз қилувчининг даъволарини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади. Вакилга берилган шикоятдан давлат божи ундирилмайди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фуқаролар шикоятлари билан иш олиб бориши уч босқичдан иборат: шикоятни уни кўриб чиқиш вакилнинг ваколатига кириши ёки кирмаслигини аниқлаш мақадида қабул қилиш ва дастлабки ўрганиш; шикоятни моҳиятига кўра кўриб чиқиш; шикоят бўйича чуқур текширув ўтказиш ва қарор қабул қилиш.

Шикоятларни кўриб чиқиш, ҳамда ўз ташаббуси билан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузилиши ҳолатларини текшириш чоғида Вакил қуйидаги ҳуқуқларга эга: аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текширишда кўмаклашишни сўраб ташкилотлар ва мансабдор шахсларга мурожаат қилиш; аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текшириш учун ташкилотларнинг вакилларини ва мансабдор шахсларни таклиф этиш. Текширишни ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят берилган ташкилотга ёхуд мансабдор шахсга топшириш мумкин эмас; ташкилотларга ва мансабдор шахслар ҳузурига монеликсиз кириш; ташкилотлар ва мансабдор шахслардан ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотларни сўраш ҳамда олиш; мансабдор шахслардан тушунтиришлар олиш; аниқланиши лозим бўлган масалалар юзасидан ташкилотлар ва мутахассисларга хулосалар тайёрлашни топшириш; инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалалар юзасидан ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан ўтказилаётган текширишларда иштирок этиш; ушлаб турилган ёки қамоқда сақланаётган шахс билан учрашув ва суҳбатлар ўтказиш.

Мансабдор шахслар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигига тааллуқли, Вакил сўраган ҳужжатлар, материаллар ҳамда бошқа маълумотларни тақдим этишлари шарт. Вакил ўз фаолиятига доир масалалар бўйича давлат органларининг, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари томонидан дарҳол  қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланади. Вакилнинг вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

Фуқароларнинг ҳуқуқларини бузилиши бўйича шикоятлари ёки аризаларини пухта текширилиши натижалари бўйича Вакил шикоятда кўрсатилган фактлар ҳақиқатга мос келади, деган хулосага келиши ва уч турдаги қарорни қабул қилиши мумкин: а) шикоятларни асосли эканлигини белгилайди; б) шикоятларни асоссиз эканлигини эътироф этади; в) шикоятни бошқа ваколатли органга жўнатади.

Фуқаро шикоятидаги далилларни асосли эканлигини аниқлаб, Вакил шикоят қилинаётган ташкилот ёки мансабдор шахснинг фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузган ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигини ноқонуний деб эътироф этади, бу тўғрисида мурожаат этган шахсни хабар қилади ва инсон ҳуқуқларини бузган ташкилотга эса бузилган ҳуқуқларни тиклаш юзасидан тавсиялар бўлган ўз хулосасини юборади.

Агар мурожаат қилувчи томонидан шикоят қилинган ташкилот ёки мансабдор шахснинг харакати (қарори) Вакил томонидан шикоят қилган фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузмаган, қонуний деб топилса, бу ҳолатда Вакил шикоятни қондиришдан воз кечади ва бу ҳақда мурожаат қилувчини хабардор қилади. Вакил ўзининг жавобида шикоятни қониқтирмаганлигининг сабабларини батафсил баён қилиб беради, ҳуқуқнинг муайян қайси нормаларига мувофиқ қониқтирилмаслик тўғрисида қарор қабул қилинганлигини, шунингдек, мурожаат қилувчининг муаммоларини ечиш учун зарур бўлганда мумкин бўлган мавжуд муқобил тартиб-қоидалар тўғрисида хабар беради.

Фуқаролар ҳуқуқларини бузилишини ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг муҳим воситаси шикоят текширилгандан сўнг Вакил томонидан тегишли ташкилотга жўнатиладиган хулоса ҳисобланади. Қонунга кўра, Вакил хулосаси давлат органига ва унинг мансабдор шахсига, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органига, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат ташкилотларининг мансабдор шахсларига жўнатилиши мумкин. Қонунга кўра бузилган ҳуқуқларни тиклаш бўйича хулосани олган ташкилот ёки мансабдор шахс уни кўриб чиқиши ва бир ойдан кечиктирмай Вакилга қабул қилган чора-тадбирлари тўғрисида жавоб юбориши шарт. Ўзининг ҳуқуқий моҳиятига кўра, жаҳон амалиётида қабул қилинганидек, Вакил хулосаси тавсиявий хусусиятга эга.

Шикоятни кўриб чиқиш бўйича хулосада ўз аксини топган Вакил тавсиялари, фуқаролар мурожаат қилган муайян ишларни кўриб чиқишда ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилган хатоликларни тўғрилашга ва улар томонидан инсон ҳуқуқларига риоя қилиш соҳасида ижобий тенденцияларни шакллантиришга қаратилган бўлади. Ўз хулосасида Вакил ушбу органларга улар томонидан инсон ҳуқуқларини бузилишига йўл қўйилган оқибатларни огоҳлантириш ёки енгиллаштиришга, нотўғри қабул қилинган қарорларни қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилишга, ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари туфайли етказилган зарарни қоплаш масалаларини кўриб чиқишга қаратилган чора-тадбирларни қабул қилишни тавсия этади. 

urchinTracker();