Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га мурожаат қилиш тартиби

1. Омбудсманга ким шикоят билан мурожаат қилиши мумкин?

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шу жумадан, агар розилиги бўлса, муайян бир киши ёки бир гуруҳ шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун учинчи шахслар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари.

2. Омбудсман қандай шикоятларни кўриб чиқади?

Омбудсман фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузаётган давлат органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ва у ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга

Омбудсман арз қилувчига ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан ёки шикоят қилувчи, агар у ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг бошқа воситаларидан фойдаланган ҳамда қабул қилинган қарорлардан қаноатланмаган бўлса, ўз шикояти бўйича қабул қилинган охирги қарордан хабар топган пайтдан эътиборан бир йил давомида берилган шикоятларни кўриб чиқади.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида қонунчилик билан фуқаро омбудсманга қайси муддат давомида шикоят беришининг муайян муддати белгилаб қўйилади. Масалан, фуқаро ўз ҳуқуқларини бузилганлигини билса, Покистонда – 3 ой, Янги Зеландия, Россия, Украинада – 1 йил, Швецияда – 2 йил ичида мурожаат қилиши мумкин. Бундай муддатни белгилаб қўйилиши, кеч қолган шикоят билан ишлашни қийинлаштирувчи ҳолатлар, яъни уни текшириш, ахборот олиш ва шу каби ҳолатлар билан изоҳланади. Шуни қайд этиш лозимки, ушбу чекловлар зарурий ҳисобланади ва у Омбудсман институтини ҳаётийлигини оширишга қаратилган, чунки, бундай нормадан воз кечиш, омбудсманга ҳаддан ташқари кўп мурожаатларни ёғилиб кетишига сабаб бўлади ва унинг фаолиятини ишдан чиқариб қўйиши мумкин.

3. Суд ваколатига кирувчи шикоятларни Омбудсман кўриб чиқадими?

Йўқ, кўриб чиқмайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, айни одилсудлов органларигина инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва тиклаш бўйича асосий механизм ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, агар масала судда кўриб чиқилаётган бўлса ва суднинг узил-кесил қарори қабул қилинмаган бўлса, бу масала бўйича фуқаролар шикоятларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили кўриб чиқмайди. Шикоят Омбудсман томонидан фақатгина, суд қарори қонуний кучга киргандан сўнггина кўриб чиқилиши мумкин. шунда ҳам алоҳида қайд этиш лозимки, Омбудсман суд қарорини бекор қилмайди ва суд қарорига протест келтира олмайди.

4. Шикоятни қандай расмийлаштириш мумкин?

Вакилга берилган шикоятда арз қилувчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва манзили, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинаётган ташкилотнинг номи, мансабдор шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган, арз қилувчининг фикрича, унинг ҳуқуқларини бузган ҳаракатларнинг ёки ҳаракатсизликнинг моҳияти баён этилган бўлиши лозим..

Қўшимча равишда, арз қилувчи, бузилган ҳуқуқлари бўйича қайси ташкилотларга мурожаат қилган ва улардан қандай жавоблар олганлиги тўғрисидаги ахборотларни ҳам тақдим этиши зарур. Шикоятда яна шунингдек, судлов ёки маъмурий тартибда кўриб чиқилган ва қабул қилинган қарорларнинг нусҳалари ҳам бўлиши керак. агар, арз қилувчи, унинг масаласи бўйича масъул бўлган ташкилотларга мурожаат қилмаган бўлса, нима учун уларга мурожаат қилмаганлигини сабабини кўрсатиши керак.

Имкони борича аниқ ва тўлиқ маълумотлар шикоятни кўриб чиқишни енгиллаштиради ва тезлаштиради.

5. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га шикоят бериш намунаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)
С.III. Рашидовага
Кимдан_________________________
Ф.И.О. (тўлиқ)

Қуйидаги манзилда истиқомат қилувчи:

__________________________________
индекс, почта манзили

Шикоят

Шикоятда қуйидагилар баён этилади: масалани хал қилиш тўғрисида илтимоснома, масаланинг моҳияти, ушбу масалани хал этиши лозим бўлган органга мурожаат қилинганликнинг шакли ва вақти, рад этилганлигининг асоси.

Илова: ушбу масала бўйича арз қилувчи мурожаат қилган турли инстанциялар ва ваколатли органлардан олинган ҳужжатларнинг нусҳалари.

Вақти                                                                                        Имзо

6. Омбудсманга жўнатиладиган шикоят учун давлат божи олинадими”

Йўқ, олинмайди. Барча шикоятлар бепул кўрилади.

7. Шикоятни қандай бериш мумкин?

Шикоят фуқаро томонидан шахсан, ё ваколатли вакил орқали топширилиши, ёки почта орқали жўнатилиши мумкин. Шикоят Омбудсманнинг шахсан қабул пайтида, ёки Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссияси аъзоси, ёки Котибият ходими, ёки Ўзбекистон Республикаси вилоятларида Омбудсман минтақавий вакиллари томонидан қабул қилинади.

Фуқароларда, яна шунингдек, “тезкор телефон линиялари” бўйича қўнғироқ қилиши ва зарурий масалаҳатларни олиш имкониятлари бор. Жойлардаги “биринчи қўл”дан инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол тўғрисида тасаввурларга эга бўлиш имкониятини берадиган муҳим иш шакли, республика вилоятларида “сайёр қабуллар”ни ташкил этиш ҳисобланади.

8. Шикоятнинг қабул қилиб, Омбудсман қандай ҳаракатларни амалга ошириши мумкин?

Омбудсман қуйидагиларга эга:

  • Шикоятни кўриб чиқиш учун қабул қилиш;
  • Арз қилувчи ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиши учун фойдаланиши мумкин бўлган воситалар ва шаклларни кўрсатиб бериши;
  • Шикоятни, шикоят моҳиятан хал этилишига ваколатли бўлган ташкилотга ёки мансабдор шахсга ошириш;
  • Арз қилувчини, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан таништириш;
  • Рад этиш сабабларини кўрсатиш шарти билан, шикоятни кўриб чиқишни рад этиш;
  • Қонунчиликка зид келмайдиган бошқа чораларни қабул қилиш.

Фуқароларнинг шикоятлари бевосита Омбудсман томонидан, ёки унинг минтақавий вакиллари томонидан кўриб чиқилади. Дарҳол ижобий натижаларга эришиб бўлмайдиган шикоятлар назоратга олинади ва ушбу ҳужжатларга нисбатан ишлар арз қилувчининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича муайян натижаларга эришилгунгача давом этади.

Омбудсман, агар арз қилувчи унга мурожаат қилгунга қадар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунда кўзда тутилган ҳуқуқий воситаларидан фойдаланмаган, унга мурожаат қилгунгача бир йиллик муддат ўтиб кетган, шикоятлар ва аризаларни расмийлаштириш қоидалари бузилган, арз қилувчи томонидан шикоятни текшириш учун зарурий маълумотлар ва ҳужжатлар тақдим этилмаган, шикоятда кўрсатилган муаммоларни хал этиш Омбудсман ваколатига кирмайди, деган хулосага келса, рад этишнинг асосларини кўрсатиши шарти билан шикоятни кўриб чиқишни рад этиши мумкин.

9. Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Омбудсман ўз ташаббуси билан ҳаракат қилиши мумкинми?

Ҳа, ҳаракат қилиши мумкин.

10. Қарори ёки ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят берилган ташкилот ёхуд мансабдор шахсга Омбудсман текширувни топшириши мумкинми?

Йўқ, топшира олмайди.

11. Ушланган ёки ҳибсда сақланаётган шахс Омбудсманга мурожаат қилиши мумкинми?

Ҳа, мурожаат қилиши мумкин. Қонунга биноан Омбудсман ушланган ёки ҳибсда сақланаётган шахс билан учрашувлар ва суҳбатлар ўтказиши мумкин. Омбудсман ва унинг ҳодимлари доимий равишда жазони ижро этиш муассасаларига ташрифларни амалга оширади.

12. Шикоятларни текширишда Омбудсман қандай ҳуқуқларга эга?

Шикоятларни текшириш жараёнида Омбудсман қуйидаги ҳуқуқларга эга: аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текширишда, аниқланиши лозим бўлган масалалар бўйича хулосалар тайёрлашда кўмаклашишни сўраб ташкилотлар ва мансабдор шахсларга мурожаат қилиш; ташкилотларга ва мансабдор шахслар ҳузурига монеликсиз кириш; мансабдор шахслардан тушунтиришлар олиш; ташкилотлар ва мансабдор шахслардан ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотларни сўраш ҳамда олиш; инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор масалалар юзасидан ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан ўтказилаётган текширишларда иштирок этиш; ушлаб турилган ёки қамоқда сақланаётган шахс билан учрашув ва суҳбатлар ўтказиш; ҳаракатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимоснома билан кириш.

Мансабдор шахслар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигига тааллуқли, Омбудсман сўраган ҳужжатлар, материаллар ҳамда бошқа маълумотларни тақдим этишлари шарт. Омбудсман ўз фаолиятига доир масалалар бўйича давлат органларининг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, жамоат бирлашмалари раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланади.

13. Омбудсман давлат, тижорат ёхуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлардан иборат маълумотларни олиши мумкинми?

Ҳа, олиши мумкин. Фаолияти давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар билан боғлиқ ташкилотлар, муассасалар ва корхоналарга Омбудсманнинг кириши тартиби, шунингдек унга давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи ахборотни тақдим этиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади

14. Омбудсман шикоятларни кўриб чиқиши натижалари тўғрисида арз қилувчини ҳабардор қилишга мажбурми?

Ҳа, мажбур.

15. Арз қилувчини ҳуқуқларининг бузилиш фактларини аниқлаган ҳолда Омбудсман нима қилиши шарт?

Шикоятларни текшириш натижалари бўйича Омбудсман ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги аниқланган ташкилот ёки мансабдор шахсга бузилган ҳуқуқларни тиклаш юзасидан тавсиялар бўлган ўз хулосасини юбориши шарт. Бунда Омбудсманнинг хулосасини олган ташкилот ёки мансабдор шахс уни кўриб чиқиши ва бир ойдан кечиктирмай асослантирилган жавоб юбориши шарт.

16. Шикоятларни кўриб чиқиш жараёнида, Омбудсман ўзига маълум бўлган арз қилувчининг ва бошқа шахсларнинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотларни, уларнинг розилигисиз ошкор қилиши мумкинми?

Йўқ, ошкор қила олмайди. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини текшираётганда маълум бўлиб қолган, арз қилувчининг ва бошқа шахсларнинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар уларнинг розилигисиз ошкор қилиниши мумкин эмас.

urchinTracker();