Сайлаш тартиби
Вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан беш йил муддатга сайланади. Вакил лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг Вакилни сайлаш тўғрисидаги қарори палаталарнинг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Вакил ўзининг ваколатлари муддати тугагач, янги Вакил сайлангунига қадар ўз вазифасини бажаришни давом эттириб туради.
Омбудсман тўғрисидаги қонун Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил мансаби номзоди учун қатор талабларни қўяди. Сайланиш куни йигирма беш ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Вакил лавозимига сайланиши мумкин.
Қонунда Омбудсманнинг лавозимдан муддатидан илгари озод қилиш ҳолатлари кўзда тутилган: у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида ариза берган тақдирда; унинг соғлиғи ҳолати барқарор тарзда бузилган ва бу тиббиёт муассасаси томонидан берилган гувоҳнома билан тасдиқланган тақдирда; унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда; у қонунга кўра Вакил фаолиятига номувофиқ бўлган лавозимга сайланган ёки тайинланган тақдирда.
Омбудсман мансаби олий давлат вакиллик органи – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қошидаги давлат мансаби ҳисобланади. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларининг ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари ўйича ҳаракатдаги қонунчиликка риоя этилиши бўйича мустақил парламент назоратини амалга ошириш бўйича ўз ваколатларини бажарар экан, Вакил сиёсий партияга аъзоликни ёки унда иштирок эта олмайди. Қонуннинг ушбу талаби хизмат мавқеидан сиёсий партия манфаатларида фойдаланишни бартараф этишга қаратилгандир. Шунинг учун ҳам, Омбудсман сиёсий партияга аъзоликни ёки унда иштирок этишни ўз ваколатлари муддатига тўхтатиб туриши ёхуд тугатиши шарт.
Ундан ташқари, илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари табиркорлик фаолияти ва бошқа ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишни тақиқловчи умумхизмат чекланиши ҳам ўрнатилган. Ушбу чекловлар қонун томонидан, Омбудсман ўз хизмат мажбуриятларини самарали бажариши, жаҳон амалиётига мувофиқ келувчи мустақил бўлиши, инсон ҳуқуқларини объектив ҳимоячиси бўлиши учун киритилган.
Омбудсман мақомининг муҳим элементи, уни иммунитетининг мавжудлигидир. Қонуннинг 18-моддасига биноан Вакил дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас. Омбудсманга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин. Ундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилни мажбурий келтиришга, ушлаб туришга, шунингдек унинг шахсий буюмлари, юки, транспорти, турар жойи ёки хизмат хонасини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.
Омбудсманнинг Олий Мажлис палаталари томонидан сайланадиган ўринбосари бўлади. Омбудсман ўз лавозимидан муддатидан илгари озод қилинган тақдирда, унинг ўринбосари унинг вазифасини янги омбудсман сайлангунига қадар бажариб туради ва Омбудсман учун белгиланган кафолатлар ана шу даврда унга нисбатан татбиқ этилади.




