Омбудсман институтини вужудга келиши

Парламент ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институти биринчи маротаба Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Олий Мажлиснинг 1995 йил феврал ойидаги биринчи сессиясида таъсис этилди. Ўзига юклатилган вазифаларни самарали бажариши учун Олий Мажлиснинг 1995 йил 6 майдаги қарори билан Инсон ҳуқуқлари вакил ҳузурида Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия ташкил этилди. Вакил ва Комиссия фаолияти дастлаб, 1995 йил 29 августдаги Олий Мажлис Кенгаши қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисидаги Низом билан белгиланган эди. Қайд этиш лозимки, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институти МДҲ доирасида ташкил этилган дастлабки институтлардан биридир.

1996 йили Омбудсман тўғрисидаги қонун лойиҳаси устида иш бошлаб юборилди, унда Олий Мажлис депутатлари, республиканинг ҳуқуқшунос-олимлари, ҳорижлик экспертлар иштирок этишди. Қонун лойиҳасини тайёрлашда ҳорижий омбудсманлар, мутахассислар тажрибалари, уларнинг 1996 йил сентябр ойида “Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар” мавзусида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ЕХҲТнинг семинар-йиғилишида билдирган таклифлари ва мулоҳазалари ҳисобга олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили тўғрисидаги Қонун лойиҳаси 1997 йил 14 февралдаги “Халқ сўзи” – “Народное слово” рўзномаларида умумҳалқ муҳокамаси учун эълон қилинди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг1997 йил 24 апрелдаги саккизинчи сессиясида эса, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Ушбу Қонун бир палатали парламент шароитларида омбудсманнинг ҳуқуқий қоидаларини белгилаб берди. Қайд этиш лозимки, ушбу Қонун МДҲ мамлакатлари орасида биринчилар қаторида қабул қилинган бўлиб, кўплаб давлатлар омбудсман институтини ташкил этишда ўзбек моделидан фойдаланишди.

Ўзбек давлатчилигида ўн йилдан ошиқ даврдан бери ишлаб келаётган ушбу институт, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза этиш ва ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган орган сифатидаги мақомини кўрсатиб берди. Шу билан бирга, ушбу институт давлатнинг фуқаро ва инсонларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва тиклашни таъминлаб берувчи бошқа органларининг ваколатларини бекор қилмайди ва қайта кўриб чиқмайди.

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги тузилманинг ташкил этишнинг зарурияти – фуқаролик жамиятини қурилиши, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, жаҳон тажрибасидан орттирилган, ҳамда Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ташкилотларда иштироки билан боғлиқ талаблардан келиб чиқиб, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалий чораларни жорий этиш каби кўплаб омиллар сабабли юзага келган эди. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил олдида, унга берилган ваколатлардан фойдаланган ҳолда давлат органлари тизимида ўз ўрнини топиш вазифаси турар эди.

Ўтган давр Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институтининг оёққа туриши учун муҳим аҳамият касб этди. Вакил девони асослари қурилди, омбудсман вазифалари ва функцяларини амалга ошириш механизмлари аниқланди, минтақавий вакил институти шакланди. Фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, қонунчиликни такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, халқаро ҳамкорлик бўйича амалий ишлар амалга ошрилди. Бу йилларда омбудсман иши Ўзбекистонда фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш амалий механизмининг ҳақиқий омилига айланди.

Мамлакатимизда омбудсман институтини шаклланиши тадрижий йўлдан борди. Бошида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил институти Ўзбекистон Конституциясида мустаҳкамланмаган эди. 2003 йил апрелида Ўзбекистон парламенти Конституцияга ўзгартиришлар ва тўлдиришлар киритиш тўғрисида Қонун қабул қилди, унга кўра, Конституциянинг 78-моддасига, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан сайлаш тўғрисида 16 банд киритилди. Ушбу қоида Омбудсманга конституциявий мақом берилганлигини кўрсатади.

Парламентнинг 2004 йил 27 августдаги ўн бешинчи сессисида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонун, олий қонунчилик органини ислоҳ қилишни ҳамда ижтимоий ҳаётдаги эркинлаштириш ва демократлаштириш жараёнларини ҳисобга олган ҳолда янги лойиҳада қабул қилинди. Янги Қонун тузилиш жиҳатидан Муқаддима ва 22 моддадан ташкил топган бўлиб, Қонунчилик палатасига сайловлар ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатини шакланиши натижалари бўйича 2005 йилнинг январ ойида кучга кирди. Қонунда парламент палаталари мақомлари тўғрисидаги янги қонунлар қоидалари, шунингдек, Омбудсман фаолиятининг амалиёти, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларига оид халқаро стандартлар, омбудсман мақомини ҳуқуқий белгилаш бўйича ҳорижий тажрибалар ҳисобга олинган.

urchinTracker();