Омбудсман ваколати

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил, инсон ва фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларига турли органлар ва мансабдор шахслар томонидан риоя қилинмаганда ёки улар бузилганда, бу ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш учун мамлакат парламенти томонидан махсус ваколатларга эга бўлган мансабдор шахс ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил инсон ҳуқуқлари соҳасида қонунчиликка:

а) давлат органлари;

б) фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;

в) корхоналар, муассасалар, ташкилотлар;

г) нодавлат, нотижорат ташкилотлари; ва  

д) мансабдор шахслар томонидан риоя этилишининг самарадорлиги устидан парламент назоратини амалга оширади.

Қайд этиб ўтиш лозимки, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил фақатгина  юқорида кўрсатиб ўтилган органлар томонидан инсон ҳуқуқларига оид қонунчиликка риоя этилишинигина назорат қилади, холос. Аммо, уларнинг фаолияти устидан тегишли органлар амалга оширадиган умумий назоратни амалга оширмайди.

Омбудсман фуқароларнинг ҳуқуқларини юқорида кўрсатиб ўтилган ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан бузилганлиги юзасидан мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш ҳамда тегишли органлар ва мансабдор шахсларга бузилган ҳуқуқ ва эркинликларни тиклаш бўйича мумкин бўлган ва зарурий чораларни кўриш тўғрисидаги хулосаларини жўнатиш йўли билан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга ёрдам беришади. Мадомики, Омбудсман фаолияти фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд воситалари ўрнини эгалламасдан, тўлдирар экан, демак, у асосан аввал маъмурий ёки судлов тартибида кўриб чиқилган ва қабул қилинган, аммо мурожаат қилувчининг қониқтирмаган қарорлар  устидан шикоятларни кўриб чиқади.

Инсон ҳуқуқларига риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ўз фаолиятини олиб бориш чоғида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ҳаракатдаги қонунчиликдаги камчиликларни ёки инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларга мувофиқ келмаслиги холатларини аниқлайди ва қонунларни такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини киритади. Инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасида турли мамлакатлар тажрибасини ўрганиш учун Омбудсман БМТ, ЕХҲТ тизимига кирадиган ташкилотлар билан халқаро ҳамкорликни ривожлантириб бормоқда, турли мамлакатлар омбудсман институтлари, омбудсманларнинг халқаро муассасалари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи турли ташкилотлари билан алоқаларни амалга оширмоқда. 

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил миллий даражада инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш бўйича ахборот-тарбиявий соҳада муҳим рол ўйнамоқда, яъни у мамлакат аҳолисига инсон ҳуқуқлари тўғрисида ахборотлар тарқатмоқда ва билим бермоқда, инсонларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига хурмат руҳини пайдо бўлишига кўмаклашиш билан, инсон ҳуқуқларини бузилишдан ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракатларни рағбатлантирмоқда ва қўллаб-қувватламоқда, бошқача сўз билан фуқароларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ижтимоий онгини оширишга ёрдам кўрсатмоқда.

Вакил ўз функцияларини амалга ошириш чоғида мустақил ва ижро ва судов ҳокимияти органларига тобе бўлмаган ҳисобланади. У ўз фаолиятини фақат қонун асосига қуради, ўзининг жорий ишларининг қоидалари ва тартибларини ўрнатади, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва мансабдор шахслар билан алоқалар ўрнатади ва ҳамкорлик қилади.

Омбудсман қарорига таъсир қўрсатиш мақсадида, унинг фаолиятига аралашиш, мансабдор шахслар томонидан ўз қонуний мажбуриятларини бажармаслик, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ўз вазифасини бажаришига тўсқинликлар қилиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан ўрнатилган жавобгарликни келтириб чиқаради

urchinTracker();