Омбудсманнинг ҳуқуқий мақоми
Омбудсманнинг ҳуқуқий мақоми, унинг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари 2004 йил 27 августдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуни билан тартибга солинади. Ушбу қонун Омбудсман фаолияти соҳалари ва тамойилларини, лавозимга сайланиши ва озод қилиниши тартибини, унинг фуқаролар шикоятларини кўриб чиқиш бўйича ваколатларини белгилаб беради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78-моддаси, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги конституциявий қонунлари, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида”ги қонунларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва унинг ўринбосарини сайлаш парламент палаталарининг ваколатига кириши кўзда тутилади.
Вакил тўғрисидаги Қонуннинг 2-моддасида, Омбудсман ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, бошқа қонун ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига, шунингдек халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларига амал қилиши ва ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларга тобе бўлмаган тарзда амалга ошириши қайд этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, адолатпарварлик, демократизм, инсонпарварлик, ошкоралик, ҳар бир инсон учун очиқлик ҳисобланади.
Хаволаларни:
Конституция




