Омбудсманнинг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги
Омбудсманнинг ахборот-маърифий фаолиятини амалга оширишида оммавий ахборот воситалари катта рол ўйнамоқда. Вакил ва унинг девони ҳодимлари рўзномалар ва журналлар, шунингдек, телевидение в а радиодан фойдаланган ҳолда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрсида”ги Қонун қоидаларини тушунтиришда, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича аҳолини хабардор қилишда фаол иштирок этишмоқда. Оммавий ахборот воситалари вакиллари Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил девонида ўтказиладиган тадбирларни ёритишда фаол иштирок этишади.
Оммавий ахборот воситалари қонунларга оғишмай риоя этувчи органлар ва мансабдор шахслар тўғрисида ижобий, қонунни бузувчиларга нисбатан эса, салбий ижтимоий фикрни шакллантириш билан қонун устуворлиги учун, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг устуворлиги учун курашда жамиятни жипслаштиришга катта ёрдам кўрсатиши мумкин. Ўзининг ахборот-маърифий фаолиятини амалга ошира бориши билан, Омбудсман оммавий ахборот воситаларидаги имкониятлардан янада фаолроқ фойдаланиши ва улар билан инсон ҳуқуқлари бўйича таълим соҳасида ҳамкорликни ривожлантириши мақсадга мувофиқдир.
Инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича ижтимоий онг даражасини кўтариш соҳасида Омбудсман вазифаларини самаралироқ амалга ошириш мақсадларида фуқароларда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва риоя қилишни таъминлашнинг заруриятини тушунишни ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги билимлар ва тушунчалар даражасини кўтариш учун Омбудсманнинг оммавий ахборот воситалари билан қуйидаги йўналишларда ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириши кўзда тутилмоқда:
1. Омбудсманнинг оммавий ахборот воситалари билан инсон ҳуқуқлари маданиятини тарбиялаш соҳасида ўзаро ҳамкорлиги;
2. Омбудсман ва инсон ҳуқуқлари бўйича бошқа миллий институтлар фаолиятини тарғибот қилиш;
3. инсон ҳуқуқларига риоя этилиши мониторинги натижаларини ёритиш.
Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини кўтаришда, фуқароларнинг кенг миқёсда ҳуқуқий ахборотларга бўлган ҳуқуқини таъминлашда, давлат-ҳуқуқий ва суд тизимини такомиллаштиришнинг долзарб муаммоларини муҳокама қилишда ҳуқуқий тусдаги даврий нашрлар муҳим рол ўйнайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 18 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасидаги ҳуқуқий журналлар тизимини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида Омбудсманнинг “Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналида хамтаъсисчи сифатидаги фаол иштироки кўзда тутилган. Ушбу мақсадларда Омбудсман институти журналнинг янги концепцияси ҳамда низомий ҳужжатларини тайёрлашда иштирок этди.




