Омбудсманнинг минтақавий вакиллари

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонунининг 20-моддаси 3-қисмига биноан Омбудсман Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссияси аъзосини Ўзбекистон Республикаси минтақаларидаги вакили этиб тайинлаши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис кенгаши Қарори билан Комиссия таркиби кенгайтирилган ва Омбудсманнинг минтақавий вакили институти шакллантирилган.

Бугунги кунда республиканинг барча вилоятларида Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолият кўрсатмоқда. Омбудсман минтақавий вакиллари самарали фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратиш мақсадида вилоятлар ҳокимлари қарори билан эксперт гуруҳлари шакллантирилган, фуқароларни қабул қилиш учун бинолар ажратилган, техникавий таъминот бўйича чоралар қабул қилинган. Жойларда фуқароларнинг шикоятларини самарали хал этиш учун Омбудсман минтақавий вакиларининг вилоятдаги прокуратура, ички ишлар, адлия органлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва касаба уюшмалари билан биргаликдаги ишчи гуруҳлари ташкил этилган.

Минтақавий вакилнинг асосий вазифаси жойларда фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишда Омбудсман фаолиятига кўмаклашиш ҳисобланади. Ўз фаолияти бўйича минтақавий вакил фақат Вакил назорати остида ва унга ҳисобдордир. Омбудсман минтақавий вакили ушбу минтақадаги инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва ҳимоя қилишнинг ҳолати тўғрисида хокимиятнинг тегишли вакиллик органига, унинг сессияларида ахборот тақдим этади.

Республика вилоятларида Омбудсман минтақавий вакили вазифасини бажарувчи Комиссия аъзолари қуйидагиларга мажбур: минтақада истиқомат қилувчи фуқаро шикоятларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш; кўриб чиққан фуқаролар шикоятлари бўйича хулосалар лойиҳалари тайёрлаш; Вакил Котибиятидан келиб тушган шикоятларни кўриб чиқилиши жараёнини назорат қилиш: республиканинг тегишли минтақасида парламент назорати доирасида ўтказилаётган инсон ҳуқуқлари бўйича республика қонунчилиги ва халқаро конвенцияларга риоя этилишига оид текширувларда иштирок этиш; давлат органлари, фуқароларнинг жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш; аҳоли ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-маърифий ишларни амалга ошириш; Вакилга доимий равишда қилган ишлари тўғрисида ҳабар бериб туриш ва камида ярим йилда бир маротаба бу тўғрисида хисобот тақдим этиш; Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия мажлисларида иштирок этиш.

Омбудсман минтақавий вакилининг асосий фаолият шаклларидан бири фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳисобланади. Фуқароларнинг мурожаатларини таҳлил қилиш шуни кўрсатмоқдаки, ҳар йили уларга мурожаат қилувчиларни сони ошиб бормоқда. Агар 2000 йили 250та атрофида ёзма мурожаатлар кўриб чиқилган бўлса, 2007 йилга келиб, уларга 1400 нафар атрофида фуқаролар мурожаат қилишди. Омбудсман минтақавий вакиллари фаолиятида кузатувчи сифатида суд мажлисларида иштирок этиш, арз қилувчилар билан жойларда учрашувлар ўтказиш, муайян фактлар бўйича пенитенциар тизимдаги муассасаларга ташриф буюриш каби иш шакллари пайдо бўлди. 2002 йилдан бошлаб, Омбудсман минтақавий вакиллари мустақил равишда инсон ҳуқуқлари мониторингини ўтказа бошлашди. Мониторинг натижалари бўйича маърузаларини эса маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларига жўнатишмоқда.

Омбудсман минтақавий вакиллари ҳар йили жойлардаги инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши тўғрисидаги ахборотларини тегишли Халқ депутатлари кенгашларига тақдим этишади.

urchinTracker();