Омбудсманнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги
Очиқ, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашган демократик, ҳуқуқий давлат қуришнинг муҳим устуворликларидан бири: нодавлат тузилмалар, ноҳукумат ва жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш; номарказлаштириш ва марказдан ҳокимият ваколатларини жойларга бериш; биринчи навбатда ижтимоий-иқтисодий жараёнлар билан боғлиқ кўп вазифаларни ҳал этишда давлат тузилмалари ролини аста-секинлик билан камайтириб бориш ва ушбу вазифаларни жамоат ташкилотларига ўтказиш, яна шунингдек, давлат ҳокимияти органлари ва ҳарбий тузилмалар фаолияти устидан жамоат назоратини кучайтириш ҳисобланади.
Фуқаролик жамиятининг шакллантиришнинг муҳим шартларидан бири сифатида нодавлат институтларнинг роли ва аҳамияти ажралиб туради. Ўзбекистон Республикасида 4000 дан ортиқ жамоат бирлашмалари рўйҳатдан ўтган. Кейинги пайтларда ҳуқуқни ҳимоя қилувчи нодавлат ташкилотлар ривожланмоқда. Омбудсманнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан шериклик, конструктив муносабатлари, ўзаро ҳамкорлиги фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатни ривожлантиришга ёрдам бермоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг нодавлат ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига нисбатан тутган позицияси – бу ички ишларига аралашмаслик позициясидир. Омбудсман билан жамоат бирлашмалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик фуқароларни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳабардор қилиш, ҳукумат тузилмаларини ошкоралиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, халқаро шартномлар ва миллий қонунчиликка риоя этилиши бўйича мониторинг ўтказиш мақсадларида амалга оширилади.
Омбудсманнинг нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлиги муаммоларини тезкор ва доимий равишда муҳокама қилиш учун нодавлат ташкилотлари вакиллари иштирокида Ишчи гуруҳ тузилган. Инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиш соҳасидаги Омбудсман фаолиятининг амалиёти шуни кўрсатдики, Омбудсманнинг нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлигининг устувор йўналишлари сифатида, аҳолининг нисбатан заиф табақалари: болалар, аёллар, пенсионерлар, ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни, шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ва экологик ҳуқуқларини ҳимоя қилишни эътироф этиш мақсадга мувофиқдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик ва ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш заруриятини тушунишнинг натижаси қуйидаги йўналишларда ўзаро ҳамкорлик Концепциясини биргаликда амалга ошириш бўлди:
Биринчидан, Омбудсманнинг ишчи гуруҳлари ишида нодавлат ташкилотлари вакилларини иштироки билан Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги аҳвол юзасидан мониторинг ўтказиш;
Иккинчидан, а) инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликдаги бўшликларни бартараф этиш ва уни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ келтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
б) жойлардаги Омбудсман вакилари ва нодавлат ташкилотлари орқали инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ва ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича маҳаллий ҳокимият органларининг қарорлари ва ҳаракатлари устидан назоратни олиб бориш каби йўллар билан давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқларига риоя қилиш соҳасида миллий ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя этилиши юзасидан парламент (омбудсман) ва жамоатчилик (ННТ) назоратини уйғунлаштириш.
Учинчидан, инсон ҳуқуқлари масалаларида аҳоли орасида биргаликда ахборот-маърифий фаолиятни амалга ошириш.
Омбудсман қуйидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузди: 1999 йили – Инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ҳуқуқни ўрганиш маркази билан, 2000 йили – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши билан, 2008 йили – Ўзбекистон судьялар Ассоциацияси билан.
Омбудсман фуқароларнинг меҳнат ва бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда. Касаба уюшмалари билан ҳамкорлик бир неча йўналишларда олиб борилмоқда: касаба уюшмалари ҳодимлари Омбудсман қошидаги Эксперт Кенгашида иштирок этиб, фуқаролар шикоятлари бўйича хулосалар тайёрлашга кўмаклашади; фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилиш бўйича семинарлар, конференциялар ўтказиш, ўқув қўлланмалар чоп этиш ва бошқа шу кабиларни амалга ошириш орқали биргаликда ахборот-маърифий ишларни олиб бориш. Омбудсманнинг касаба уюшмалари билан ўзаро ҳамкорлиги бўйича муҳим йўналишлардан бири, республика минтақаларида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича биргаликда мониторинг олиб бориш ҳисобланади.
Омбудсман ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Битим тузилган бўлиб, унга кўра, инсоннинг меҳнат ҳуқуқларига тааллуқли масалалар кўрилаётганда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Президиумида, ўз навбатида, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раиси эса Омбудсман ўтказадиган мажлисларда иштирок этади.
Аёллар ҳуқуқларига риоя этиш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича маърифий тадбирларини ўтказишда, республика минтақаларида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш устидан мониторинг ўтказишда Омбудсманнинг Ўзбекистон Ҳотин-қизлар қўмитаси ва бошқа аёллар ноҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. 2005-2006 йилларда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти иштирокида аёллар ҳуқуқларига риоя этиш масалалари, жамият ривожланишининг гендер жиҳатларига бағишланган қатор семинарлар ўтказилди.
Омбудсман юқорида қайд этилган ноҳукумат ташкилотлари билан бир қаторда “Экосан” Жамғармаси, “Маҳалла” Жамғармаси, Инсон ҳуқуқлари ва гуманитар ҳуқуқни ўрганиш маркази, Адвокатлар ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Болалар жамғармаси ва бошқа бир қатор ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда.
Омбудсман ўз ишини амалга оширишда жамоатчилик вакиллари ёрдамидан фаол фойдаланмоқда, улар самарали равишда Омбудсман қошидаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссияси таркибида, Эксперт Кенгаши таркибида, минтақавий вакиллар хузуридаги эксперт гуруҳларида самарали иштирок этиб келишмоқда.




